1

КУЙГАНДАН КЕЙИНГИ ДОҒЛАР... КЕТКАЗИШНИНГ ИМКОНИ БОР!

СУҒДИЁНА 07.12.2017, 18:37
Теглар: Гўзаллик
КУЙГАНДАН КЕЙИНГИ ДОҒЛАР... КЕТКАЗИШНИНГ ИМКОНИ БОР!

Бир неча йил аввал қўл терим қаттиқ куйиб, баъзи жойларда доғлар, бошқа жойларда чандиқлар қолди. Яралар битгач оғриқ безовта қилмай қўйган бўлса-да, терим эстетик кўринишини йўқотди. Шу доғлар ва чандиқлардан қутилишнинг имкони борми?

Розия, Тошкент шаҳри

Мутахассис — косметолог Маҳбуба МАМАНОВА.

Муҳими, тўғри ёрдам бериш

Орамизда бир марта бўлса ҳам куйишдан азият чекмаган аёл топилмаса керак. Айниқса, ошхонада куймаланадиган опа-сингилларимизнинг тез-тез дуч келадиган нохушлиги бу. Лекин бир қарашда арзимагандек кўринган кичик куйиш ҳам баъзида доғ ва чандиқларга сабаб бўлади. Жароҳатнинг енгил (1-2 даражали) турларида биринчи ёрдам ва даво чоралари тўғри кўрсатилса, кейинчалик терида доғлар пайдо бўлишининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун эса биринчи навбатда терини совитишга ҳаракат қилиш даркор. Совуқ сув ёки намланган пахтали мато ёрдамида. Агар қўл остингизда махсус куйишга қарши тиббий спрей ёки салфеткалар бўлса, улардан фойдаланишингиз мумкин. Зарурат туғилса, шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади. Аммо куйган терига ёғ суртиш қатъий тақиқланади. У терининг устки қаватида плёнка қатламини хосил қилиб, иссиқликнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилади. Натижада тери янаям чуқурроқ куя бошлайди. Тери бироз тинчланиб, юзасида қобиқ пайдо бўлганидан кеийн эса шифокор тавсиясига кўра суртма дориларни қўлласангиз бўлади.

Доғ, доғлар...

Агар кўрган чораларингизга қарамай терингизда доғлар юзага келса, бугунги кунда уларни кетказишнинг бир қанча самарали усуллари мавжуд. Шулардан энг кенг тарқалгани кимёвий пилинг саналади. Доғнинг катталиги, рангининг тўқлигига қараб мутахассис муолажанинг юзаки, ўрта ёки чуқур турларидан бирини танлаши мумкин. Бироқ бу усул яраси битган теригагина қўлланилади.

Кимёвий пилингнинг ўртача нархи: 60 000 – 100 000 сўм.

Чандиқлар энди кетмайдими?

Агар бемор 3-4-даражали куйишдан азият чеккан бўлса терининг тикланиши бироз мушкул кечади. Ва унда турли чандиқлар юзага келиши мумкин. Лекин замонавий тиббиёт бу масаланинг ҳам ечимини топган. Мутахассислар чандиқларнинг катта кичиклиги, жойлашган ўрнига қараб ёки лазерли сайқаллаш, ёки пластик жарроҳлик усулига мурожаат қилишни тавсия этадилар. Бу босқичда рекламаларга учиб, турли суртма ва гелларни харид қилиб ўтирманг. Улар натижа бериши даргумон.

Лазерли сайқаллашда тери тозалангач, махсус крем суртиб, лазер нурлари билан ишлов берилади. Нур таъсирида тери куйиб, қизаради, яралар ҳосил бўлади. Аслида, муолажанинг асосий мақсади ҳам эски, зарарланган теридан тезроқ қутилиб, янги ва текис тери чиқишини рағбатлантириш ҳисобланади. Маълум вақтдан сўнг куйган тери плёнкага ўхшаб шилиниб туша бошлайди ва остидан янги тери чиқади. Амалиётдан сўнг мунтазам равишда махсус кремлардан фойдаланиш лозим. Сайқаллашдан кейин 7 кун давомида уйдан чиқмаслик, ультрабинафша нурларидан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Умуман амалиётни куз ойларининг охирига мўлжалласангиз, адашмайсиз. Іа, кўзланган натижага эришиш учун 7-8 бор муолажа қилишга тўғри келади.

Лазерли сайқаллашнинг ўртача нархи: 250 000–400 000 сўм. Агар чандиқнинг ҳажми жуда кичик бўлса амалиёт учун 50 000–100 000 сўм сарфлайсиз.

Пластик жарроҳлик усулида терининг бутунлигига зиён етказгани боис тиғ теккан терида чандиқ қолади, албатта. Фақат тажрибали мутахассис уни имкон қадар кўринмайдиган қилиб яширишга ёрдам беради. Баъзи ҳолларда янада яхши натижага эришиш учун аввал пластик жарроҳлик, кейин лазерли сайқаллаш усуллари биргаликда қўлланилади.

Пластик жарроҳликнинг ўратча нархи: 1 000 000 сўмдан бошланади. Бунда ҳам кўп нарса чандиқнинг ҳажмига боғлиқ.

МАФТУНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Шарҳлар

Mehmon 19.06.2023, 13:59
Manzil yozing
"Гўзалликнинг келиб чиқиши" лойиҳаси инсон гўзаллиги ҳар хил бўлиши мумкинлигини кўрсатди(фото)

03.12.2020, 19:22

Инсониятнинг этник хилма-хиллигини ўрганиш учун "Гўзалликнинг келиб чиқиши" номли лойиҳа ташкил этилди. Миллатлар гўзалликлари ўртасидаги тафовутни намоён этиш учун турли мамлакат вакиллари суратга туширилмоқда.Лойиҳада 18 ёшдан...
ШОКОЛАДЛИ НИҚОБ

25.12.2017, 11:33

Шоколадни майдаланг, 5 ош қошиқ шоколадга, ярим стакан асал қўшиб, 4 ош қошиқ туз солинг. Уқаловчи ҳаракатлар билан бу ниқобни терингизга пастдан юқорига қарата суртиб...
ЦЕЛЛЮЛИТГА ҚАРШИ ВОСИТА

25.12.2017, 11:01

Цитрус меваси (лимон, апельсин, мандарин) пўстлоғи шарбатини сиқиб олиб, бир тюбик болалар креми билан аралаштиринг. Ҳамда муаммоли, яъни тананинг целлюлитли қисмларига суртиб, яхшилаб уқаланг. Бу...
«ОЗМОҚЧИМАН. ЛЕКИН ШИРИНЛИКСИЗ ЯШАЙ ОЛМАЙМАН!»

23.12.2017, 18:28

Бир бўлаккина шоколад ейишга қарор қиласизу ҳаммасини паққос тушургандан кейин хушингизни йиғиб оласизми? Нафақат шўрваларни, балки ош, ва ҳатто мантини ҳам нонсиз тановул қила олмайсизми?...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1