1

ЖАНЖАЛСИЗ ОИЛА БОРМИ?

СУҒДИЁНА 09.12.2017, 20:12
Теглар: Психология
ЖАНЖАЛСИЗ ОИЛА БОРМИ?

Оилавий ҳаёт шундай жанг майдоники, унда одатдагидек охирги муштни туширган, сўнгги гапни айтган одам ғолиб бўлмайди. Аксинча, битта гапдан қолиб, «Сиз ҳақсиз, мен мағлубман», деб туриб, тинчлик пайтида шартларини айтган томонгина вазиятни бошқара олади. Ишонмайсизми, унда «Муносабатлар кўзгуси»га юзини тутиб турган жанжалкаш эр-хотинлар ҳикоясини диққат билан ўқиб чиқинг.

«Унга ҳеч нарса ёқмайди!»

Нодир, 27 ёш: — Севишиб эмас, синашиб турмуш қуриш керак экан. Тўйимизга уч йил бўлди, аммо бирор тинч ўтган кун йўқ. Ҳар куни хотиним аразлайди, мен ва онам, синглим ёки овсини билан ғижиллашгани-ғижиллашган. Ота-онам жанжалларимиздан безор бўлган. «Нимани баҳона қилади», дейсизми? Фарқи йўқ, ҳеч нарса унга ёқмайди. Масалан, дадамнинг эрталаб йўталиб қўйишини ҳам гапиради. Баъзан овсини билан ишни бўлишолмай қолади: «Мен тушлик тайёрладим, энди сиз кечки овқатни пиширасиз», деб ақл ўргатади. Менга эса таъна қилгани-қилган: «Мақтаган оилангиз шуми? Маҳаллага овқат қилгандек қийналиб кетаман. Боламга ҳеч ким қарамайди, ҳаммаси акангизнинг ўғли — биринчи невара билан овора». Ҳар бир гапимни ёдлаб олиб, ўзимга нисбатан дастак қилиб ишлатади. Уйга вақтли келишни истамайман, чунки ким биландир даҳанаки жанг қилаётганини кўрсам, тўполон катталашиб кетади. Тўйдан олдин бироз эркалиги бўлса ҳам, бинойидеккина қиз эди. Ўша пайтларда ҳамма айтганини қилиб, ўзим ўргатиб қўйганманми?

Наргиза, 24 ёш: — Ҳамма айбни менга тиркаб қўйиш экан-да! Нимага жанжалкаш бўлиб қолганман, биласизми? Чунки жуда-жуда чарчаяпман. Қачон охирги марта тўйиб ухлаганимни билмайман.Ҳомиладорликни оғир ўтказдим, болам туғилгач, янада қийналдим. Нодир ака уйидаги муаммоларни кўрмайди, аниқроғи, кўришни истамайди. Уйга жуда кеч қайтади. Мен ноҳақликка чидолмайман, овсиним умуман дангаса, бирор ишга қарашай, демайди. Қайнонам унинг ёнини олгани-олган, чунки, ота-онаси палон жойда ишлайди, қудачиликни ошириб-тошириб бажариб қўйишади. Қайнсинглимни яхши кўраман, лекин охирги пайтда у ҳам овсиним берган кўйлакларга сотилиб кетди. Қайнота-қайнонам ҳаммадан кеч ётиб, вақтли туришимни билса ҳам, шу бечора ҳам дам ола қолсин, дейишмайди. Бирор юмуш бўлса, албатта, мени чақиришади. Нодир ака жудаям аразчи, орамиздан гап қочса, бир ҳафтагача индамай юриши мумкин. Ахир бу ҳовлида ким учун яшаяпман?

Кўзгу нима дейди?

Нодир, Наргизага аввалгидек эътиборингиз етишмаяпти. Аламидан ўзини қаёққа қўйишни билмай, бу уйда яшаётганини билдириш учун ҳам ҳаммага заҳрини сочаяпти. Унинг ўзига бўлган ишончи суст. Бирозгина ҳасад, яхшигина чарчоқ ўз сўзини айтаяпти. Уйга атайлаб кеч келиш керак эмас, вақтлироқ қайтиб, ҳеч бўлмаса, болани кўтаришиб турсангиз бўларди. Ёнингиздаги одам ўзгаришини истасангиз, аввало ўзингиз ўзгаришингиз кераклигини биларсиз? Бундан ташқари, Наргизанинг бу ҳаракатлари алоҳида уйга кўчиб чиқиш истаги борлигини ҳам билдиради. Бунга шароит ва имкон етарлими, шунингдек, натижада Наргиза ўзгарадими, мана шу ҳақда ҳам бош қотириб кўриш керак. Наргиза, юракни кенгроқ қилинг. Яхши келин, албатта, юзага чиқади. Сиз мана шунақа аччиқ-тизиқ гапларингиз билан қилган хизматларингизни ҳам йўққа чиқарасиз. Ким яхши, ширингина гапириб, ҳаммага совға-салом тарқатган, лекин қўлини совуқ сувга урмайдиган овсинингиз яхши бўлиб қолаверади. Унутманг, эр ва қайнона-қайнотага, умуман одамзотга, хизмат эмас, аввало ҳурмат керак.

«Ҳаммасига ичкилик сабаб...»

Каромат, 30 ёш: — Кўзимнинг кўкариб ётганини кўраяпсизми? Агар эрим яхши бўлганида, юзимда бунақа «безак»лар бўлмасди. У ичишни яхши кўради, маст пайтида уради, ҳақорат қилади, рашкчи, мижғовга айланади. Мен ҳам тилимни тийиб туролмайман. Баъзида ур-тўполонлардан қочиб, кўчага ялангоёқ югуриб чиққаман. Уч нафар боламиз бор. Олдинлари туппа-тузук одам эди, чойхонага ошпаз бўлиб ишга ўтди-ю, ҳар куни текин ичкилик туфайли айниди-қолди.

Одил, 34 ёш: — Шу хотинларга ҳам ҳайронман? Ичган одамнинг олдига яқинлашиб, ақл ўргатиб, нима қилади? Каромат ҳам мастлигимдан фойдаланиб, ичидаги гапни тўкиб солади. Ўша гаплар менга ёқмаса керак-да! «Ичиб олганингиздан кейин ўзингизни билмай қоласиз», дейди. Ҳушёр пайтимда эса аразлаб, гаплашмай юради. Ичганимда мени битта уйга қамаб қўйиб, то ўзимга келиб олгунимча яқинимга йўлашмасин! Ишимни ўзгартирмайман, чунки чойхонада топиш-тутишим яхши.

Кўзгу нима дейди?

Каромат, маст одамга бас келишнинг биргина шарти бор, буни юқорида эрингизнинг ўзи ҳам айтиб ўтди, унинг жиғига тегмаслик. Мастлигида асабни эговлаб, умрингизда кўрмаган одамга сизни пешлаб, ўтмишдаги гапларни кавлаштириб ўтирса, чидаш қийин. Лекин жанжал ур-йиқитга айланмаслиги учун ҳам сукут сақлашингизга ва ундан нари юришингизга тўғри келади. Ичмаган пайтида гаплашинг. У сизнинг уч бола билан ташлаб кетмаслигингизни билади, шунинг учун ўзидан кўнгли тўқ. Ҳозирча унга иши жуда манзур бўлиб турибди. Демак, қадрли нарсасидан маҳрум бўлиши уни ҳушёр торттириши мумкин. Чойхонага масъул маҳалла оқсоқолига маслаҳат солинг. У хўжайнинингизга «Ичадиган бўлсанг, кавушинингни тўғрилаб қўйишлари аниқ» деб айтсин.

Одил, шу зайлда ичишда давом этсангиз, топган тўрт сум пулингиз тўрт чақага айланади. Субутингиз қолмайди, одамлар маст-аластга овқат буюртириш у ёқда турсин, қўлини узатгиси ҳам келмайди. Саломатлигингизга путур етиши ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлар. «Мен у даражага бормайман», деманг. Хотинингизни шунчалик дўппослаб туриб, ҳаммаси жойида деб ҳисобласангиз, аллақачон ўша даражага бориб қолгансиз. Янги йил олдидан зиёфатлар кўп бўлади, бу сиз учун синов! Мана шу «чиғириқлар»дан ҳушёр ҳолда ўтиб олсангиз, иродангиз мустаҳкам эканини ҳаммага исботлай оласиз! Болаларингиз, аёлингиз билан ҳам аҳиллик, иноқликда байрамни кутиб оласиз!

«Менинг топганимни еб ётибди...»

Дилобар, 40 ёш: — Қўни-қўшнилар бизни жанжалкаш оила дейишини ўйласам, болаларим келажагидан ташвишланаман. Нима қилай, сабр қилдим, оғзимни ёпдим, пул топмаслигини пеш қилмадим, хиёнатига кўз юмдим, аёл бошим билан унинг қарзларини узаяпман. Лекин Шокир ака ҳеч миннатдор бўлмайди. Уйимизда кунда жанжал. Ахир сўлақмондек эркак уйда ётаверса, ортидан аллақандай кишилар қарзини сўраб келса, бу пулларни нима учун олганини ҳеч айтмаса, мен уришмай, ким уришсин? Бақир-чақир қилмагунча бу одамни ўрнидан қўзғатиб бўлмаса? Кўчадан қизини сўраб одам келадиган ёшга етдик. Аммо эрим ҳали ҳам улғайиш кераклигини тушунмаяпти.

Шокир, 42 ёш: — Хотиним бозорда савдо қилади, уй-жой, мен билан умуман иши йўқ. Топган гапи «Сизларни мен боқаяпман!» У бозордалигида мен уй ишларини бажариб ўтиришим керакми? Тижоратини бошлаши учун одамлардан қарз сўраб олиб бергандим, пулни кеч қайтардик, фоизлари кўпайиб кетган. «Бошқа қарзим йўқ!» деб туриб олган. «Маошингиз кам, бошқа ишга ўтинг» деявергани учун ишдан ҳам бўшаб олгандим, энди тузукроқ жой тополмаяпман. Хиёнат деган айби бутунлай нотўғри. Ўзига ўхшаган тижоратчи аёлни уч-тўрт мартта айтган жойига олиб бориб қўйганим, юкларини ташишга ёрдам берганим учун мени ким биландир юриб кетган, деб ўйлаяпти. Аслида мен ўзимга тўғри одамман!

Кўзга нима дейди?

Дилдора, эрингиз билан қачон охирги марта дилдан гаплашиб кўргансиз? Оилада ким эркак, уми ёки сиз? Унга мана шундай дангаса ҳаётни ўзингиз яратиб бергансиз чоғи. Эркакларнинг шундай тоифаси бўладики, қилаётган ишини танқид қилсангиз, ўзи зўрға амаллаб келаётганидан ҳам кўнгли совиб,телевизор қаршисига ётиб олади. Рўзғордек оғир юкни нима қиласиз, ярмини унга ҳам беринг, нега бирга савдога чиқмайсиз? Биргаликда режа тузмайдиган, бирга ҳаракат қилмайдиган, ўзаро жанжалдан бошқасини билмайдиган, бир-бирига орқа ўгириб ётадиган эр-хотинлик икала томонни ҳам қониқтирадиган даражага етганми ёки? Эрингизни ҳам болаларингизнинг сафига қўшинг. Болангизнинг ҳамма камчилигига кўниб, яхши кўрасиз-ку, унинг тўғри йўлда оёққа туришига кўмаклашасиз-ку, шундайми? Болани фақат боқиш эмас, меҳр ҳам бериш керак. Эрингиз билан муносабатни ҳеч бўлмаса, шу томонга ўзгартиринг.

Шокир, масъулиятни қирқдан ошгандан кейин ҳам ҳис қилмасангиз, олтмишга кирганингизда ҳеч ким сизни ҳурмат қилмайди. Болаларингиз билан муносабатларда ҳам аллақачон муаммолар юзага келгандир. Сиз уларни қанчалик яхши кўрманг, меҳр берманг, онасининг гаплари ҳақиқатдек туюлаверади. Чунки ким кўпроқ қийналаётганини улар кўриб турибди. Уйғонинг, улғайинг! Дунёга шунчаки келиб-кетишдан нима наф?

Жанжалсиз, келишмовчиликсиз ҳаётнинг ўзи йўқ. Бироқ овоз пардалари зўриқмайдиган даражада суҳбатлашиб, томонларнинг фикрларини ўртага ташлашга ҳамиша имкон топиш мумкин. Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака қочади, дейишади. Бизнингча эса йил бошидан уйингиздан кўтарилган тўполон чангини 365 кун артсангиз ҳам, кетказолмаслигингиз мумкин. Яхшиси, уришманг, жанжалашманг! Ахир тинч ўтган ҳар бир кунимиз байрам, азизлар!

Азиза ҚУРБОНОВА

Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1