Назокат, 25 ёш: — Олий маълумотлиман. Яқинда магистратурани ҳам тугатдим. Оиламиз ҳам зиёли, обрўли хонадонлардан. Мен доим шифокор йигитга турмушга чиқишни орзу қилганман. Пойтахтда ўқиган кезларим тиббиёт институтида ўқийдиган дугонамнинг халатини дазмоллаб, ўзимча «репетиция» ҳам қилардим. Ҳозир пойтахтда ишлаяпман. Яқинда ўзим орзу қилгандек, пойтахтда ишлаб, яшаб қоладиган шифокор йигитдан (иккимиз ҳам бир вилоятданмиз) совчи келди. Бир марта телефонда гаплашибоқ йигитнинг муомаласини ёқтирмадим. Орзумдаги барча талабларга мос келса-да, уни рад этдим. Ҳатто учрашувга чиқиб, юзма-юз гаплашгим ҳам келмай қолди. Шундай инсон бўлсинки, у ақлимга эмас, кўнглимга ёқса, барча талабларимдан воз кечиб юборардим, шифокор бўлмаса ҳам майли эди...
Тафтиш: 25 ёшли қиз биргина омадсизлик учун орзуларини юмалоқ ёстиқ қилиб ортига ирғитишга шошилмаслиги керак. Инсон ҳатто 77 ёшга кирса ҳам ҳали ҳаммаси олдинда, деб яшаши керак. Тенгдошлари оила қураётган маҳал ўзини ўқиш ва ишга бағишлаган, ҳатто рўзғор юмушларидан бироз чиқиб қолган қизлар негадир ёши улғайгани сайин танлови мураккаблашиб бораверади. Эҳтимол, Назокатнинг «телефонда қўйилган ташхис»и худди тўй куни тугамаслигини истаб, қаллиғидан қочиб кетаверадиган қочоқ келин (Жулия Робертс ижросидаги «Қочоқ келин»)нинг кайфиятига ўхшаган ҳолатдир. Яъни, орзусига мос, ҳаммаси жойида, аммо негадир кўнгли йигитнинг овозини, сўзларини ёқтирмади. Баъзи одамлар телефонда оддийгина суҳбат қуришни билмаслиги мумкин, баъзиларнинг эса овози техник қурилмаларда қулоққа ёқимсиз эшитилиши ҳам бор гап. Шунинг учун ҳам бу ҳолатда қиз йигитни дарҳол инкор қилмаслиги, ўзини ҳам, ички туйғуларини ҳам учрашувга чиқиб, синаб кўриши лозим эди. Телефондаги суҳбатдан кейин Назокат йигит ҳақидаги маълумотларни эшитиб, ўзида орзуси тугаб қолгандек, кутилмаганда шу одамга ҳаёти бағишланиб кетадигандек қўрқув ҳис қилгандир. Шунинг учун ҳам учрашишдан бўйин товлагандир. Назокат ўзидаги бу эгоизмни енгиб, одамларга ишониши ва ўзига оғиз солган ҳар бир инсонга алоҳида ёндашиши керак. Ахир бизга аталган бахтлар кўпинча ён-атрофимизда кезиб юрган бўлади...
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.