АсосийSalomatlik

АРИТМИЯ: ШОШҚАЛОҚ ЮРАК НИМА ИСТАЙДИ?

'АРИТМИЯ: ШОШҚАЛОҚ ЮРАК НИМА ИСТАЙДИ? 'ning rasmi
  • Илгари ҳам юрагим тез уриб кетарди. Аммо сўнгги икки ҳафта давомида уйқумда ҳам халоват йўқ. Кечалари юрагимнинг дукиллаб кетганидан уйғониб кетаяпман. Сўраб-суриштириб, мендаги ўзгаришлар аритмия хасталиги дейилишини билдим. Бу қандай касаллик? Хавфли асоратлари йўқми? Муолажа ва профилактика чоралари ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз.

Наима ОДИЛОВА, Тошкент вилояти

Юрак уриш маромининг бузилиши – аритмия номи билан юритилади. Тиббиётда мазкур ҳодисанинг алоҳида касаллик сифатидаги кўриниши ҳамда соғлом инсонларда учрайдиган турлари мавжуд. Аслини олганда, юрак 24 соат давомида 100 000 мартадан кўпроқ қисқаради. Хўш, юрак аритмияси қай тариқа юзага келади? Муолажаси қандай? Ўз вақтида эътибор қилинмаса қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Барчаси ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Мутахассис – Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, юрак ҳаёт учун хавфли аритмияларни электрофизиологик текшируви ва радио частотали абляция бўлими мудири Рамеш ҲАМРОЕВ.

(алоҳида)

Аритмия сўзи юнонча аритмос («а» - йўқ, «ритмос» – маром) сўзидан олинган бўлиб, барча юрак мароми бузилишлари учун умумий атама ҳисобланади.

Дард ёшараяпти

Илгари юрак қон-томир хасталиклари дейилганида 40-50 ёшдан ошган инсонларни тасаввур қилганмиз. Бугунга келиб эса 25-30 ёшлилар орасида ҳам юрак билан боғлиқ касалликлар учраб турибди. Сизнингча бунинг сабаби нима? Рўйхат аввалини камҳаракатлилик бошлаб берса, унинг давомини руҳий зўриқиш (айниқса, аёлларда), ҳайвон ёғлари кўп бўлган маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиш, зарарли одатлар, тамаки ва спиртли ичимликлар узайтиради. Шундан келиб чиқиб, юрак қон–томир касалликлари ёш танламаяпти, десак хато бўлмайди. Бу фикрнинг тасдиғини аритмия хасталигида ҳам кўришимиз мумкин.

Қачон касаллик ҳисобланмайди?

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида бир марта бўлса ҳам юрак уриши маромининг ўзгаришини ҳис қилиб кўради. Келинг, бу қандай содир бўлишини эслаб кўрамиз.

Тасаввур қилинг, эртага имтиҳон! «Синовдан ўта оламанми ёки йўқ?» дея кўзингизга уйқу келмайди. Эртасига эса қаттиқ ҳаяжонланганингиздан ёноғингизга қизиллиқ югуриб, хаёлларингиз тарқоқлашади. Диққатни жамлашга уринасиз, аммо юрагингизнинг шиддат билан ураётгани тағин эътиборингизни чалғитади. Бу пайтдаги юрак уришининг тезлашиши эмоционал ҳолатдаги ўзгаришларга боғлиқ. Тинчланганингиздан сўнг юрак уриши ҳам меъёрий кўринишига келади.

Баъзилар муҳим йиғилишлар олдидан ҳиссиётларга берилади, турмушга чиқмаган қизларда учрашувга тайёргарлик кўриш ёки тўйдан бир неча кун олдин юрак мароми ўзгариши кузатилади. Бу ҳам ҳаяжонланиш туфайли келиб чиққан ҳолатдир.

Югурганда, юқори қаватга кўтарилишда ёки ҳовлиқиб иш қилинганида юрак тезроқ ура бошлайди. Бу синусли тахикардиянинг соғлом кишиларда учрайдиган кўриниши. Жисмоний ҳолат барқарорлашгач, юрак уриши меъёрга келади. Камқонлик, қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлар асоратида келиб чиққан синусли тахикардия эса асосий касалликка ҳамроҳлик қилиши билан қайд этилади.

Юрак уришининг 60 тадан кам бўлиши, яъни синусли брокардия ҳам соғлом инсонларда учрайди. Мисол учун ором олаётганда. Бу пайтда танамиз жисмоний ҳаракатлардан холи бўлади. Шунга мувофиқ, юрак уриши ҳам секинлашиши мумкин.

Сергак бўлинг!

Юракнинг кундалик иши издан чиққудек бўлса, хасталик сурункали ёки хуружли ўтиши мумкин. Аввалига юрак уришининг тезлашиши ёки секинлашиши хавотирланишга арзимасдек туюлади. Аста-секинлик билан безовталиклар ортиб бориб, касаллик хуружлари бошланади. Сўнг аритмия сурункали тус олиши мумкин. Бироқ бу ҳолатгача олиб келмасликнинг чораларини кўриш лозим. Яъни ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиш керак.

Маълумотларга кўра, эркаклар орасида учрайдиган аритмия асосан спиртли ичимликларга ружу қўйиш ва тамаки маҳсулотлари таъсирида келиб чиқар экан. Шунингдек, ортиқча тана вазнига эга, камҳаракат ва пала-партиш овқатланадиган бекларда ҳам аритмияга мойиллик кузатилади.

Касалликнинг юрак ва бошқа ички аъзолардаги ўзгаришлар ҳисобидан келиб чиқиши қуйидаги ҳолларда юз беради.

  • Юрак ишемик касалликлари;
  • гипертония;
  • сурункали юрак етишмовчилиги;
  • кардиомиопатия;
  • миокардит;
  • қалқонсимон без хасталиклари (хусусан, гипертиреоз);
  • буйрак усти безидаги ўзгаришлар;
  • гормонал ҳолат бузилишлари;
  • қандли диабет;
  • калий ва магний моддасининг етишмовчилиги сабаб келиб чиққан электролит ўзгаришлар;
  • айрим турдаги дори воситаларини тартибсиз қабул қилиш оқибатида юракка зўриқиш тушиши.

Турлари

Аритмиянинг ҳар хил турлари мавжуд бўлиб, энг кўп учрайдиганларини таништирамиз. Булар юракнинг тез уриб кетиши билан боғлиқ аритмиялар ҳамда юрак маромининг пасайиб кетиши билан характерланадиган касаллик кўринишларидир. Ҳар қайсиниси ҳаёт сифатининг ёмонлашиши ва салбий оқибатларга олиб келиши билан хавфли саналади.

Юрак уришининг 90 тадан ортиқ бўлиши тахикардия дейилиб, унинг юрак қоринча усти, юрак қоринчаси тахикардия турлари мавжуд. Юрак қоринча усти бўлмачалар тахикардияси ҳам бир қанча турларга ажратилади. Дейлик юрагингиз нормал ҳолатда 70-80 та уриб туриб, тўсатдан тезлашиб кетадида 150-160 ҳатто ундан ҳам тезроқ ура бошлайди. Бу тахикардиянинг тўсатдан юрак уриши билан намоён бўладиган хилидир.

Аритмиянинг хилпировчи тури ҳам бўлиб бунда юрак уриш сони палапартиш юз беради. Безовталик тўсатдан бошланиши ёки доимий ҳолатга ўтиши мумкин.

Юрак ўтказувчанлик йўлида қўшимча йўлнинг пайдо бўлиши оқибатида келиб чиқадиган аритмия. Асосан туғма кўринишда бўлса ҳам қўшимча йўл фаоллашганидагина безовталик келиб чиқади. Мазкур ҳолат асосан 40 ёшдан ошганларда кўпроқ кузатилади.

Фото:

Безовталик қандай аниқланади?

Юракдаги ўзгаришлар ҳамиша ҳам оғриқ билан ифодаланмайди. Ҳолсизлик, юқорига кўтарилганда хансираш, қон босимининг ортиши ёки камайишида юз берадиган ўзгаришларда ҳамда юрак уришига аҳамият беринг. Мазкур жараёнлар ташхис қўйишда асқотиши мумкин. Агар юрак уриши изидан чиқаётганини сезсангиз албатта мутахассисга учрашинг. Билиб–билмай тинчлантирувчи воситалар ёки бирор бир дори препаратини қабул қилиш мумкин эмас. Юрак аритмиясига ташхис қўйишда ЭКГ таҳлили, мураккаб аритмияларда эса 24 соат давомида юрак фаолиятини ёзиб борувчи Холтер бўйича ЭКГ текширувлари ўтказилади.

Муолажани бошлаймиз!

Ҳаёт учун хавфли аритмиялар икки усулда даволанади. Биринчи тури консерватив муолажа бўлиб, ҳар бир бемор учун антиаритмик препаратлар буюрилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир аритмия тури учун ўз препарати мавжуд. Дори воситаларини мунтазам қабул қилишдан холи бўлишнинг чораси эса жарроҳлик амалиётидир. Қўшимча йўл билан чақириладиган бўлмачалар аритмияси ва хилпировчи аритмияда катетерли радиочастотали абляция (диструкция) усули қўлланилади. Бунда оёқдан ўтадиган катта вена қон томири орқали катетер найчаси юрак ичига кириб боради. Бемор маҳаллий хушсизлантириш усули ёрдамида ухлатилади. Амалиёт юракни очмаган ҳолда, мониторда муолажа қилинаётган аъзони кузатиш орқали бажарилади. Катетер учида бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик ҳам радио частота бўлиб, қўшимча йўлдаги ўтказувчанлик функцияси сақланган ҳужайралар диструкция қилинади.

Хилпировчи аритмиядаги жарроҳлик амалиёти ҳам катетер ёрдамида бажарилиб, фақат мураккаброқ усулда ёндашилиши билан фарқ қилади.

Аритмия ўз вақтида даволанмаса, катталарда қон айланиши етишмовчилиги ҳисобидан келиб чиққан инфаркт ёки инсульт, ёшларда эса кутилмаганда хушидан кетиш каби асоратларга олиб келиши мумкин.

(алоҳида)

Соғлом одамнинг юраги тинч ҳолатда 60 тадан 90 тагача уради. Томир уришлари сонини аниқлашни билсангиз, юрак ишидаги ўзгаришларга ҳам баҳо бера оласиз. Билакнинг бармоқларга яқин қисмида икки артерия томири ўтган. Шу соҳани бармоқ учи билан енгил пайпасласангиз томир уришини сеза оласиз. Қон босими юқори бўлганларда томир уриши кучлироқ, қон босими паст юрадиганларда эса аксинча заифроқ эшитилади.

Хуруж юз берганида...

Кутилмаганда юрак уриши тезлашиб, гўё кўкрагингиздан отилиб чиқадигандек туюлаяптими? Бу ҳолат аритмиянинг хуружли кўринишидан дарак бўлиши мумкин. Диққат қилинг:

Тор бичимли кийимда бўлсангиз, ёқасини бўшатинг. Қоринни сиқиб турган камардан халос бўлинг;

Турган ҳолатда хуружга чап бериш қийинроқ. Қулай ўтириб олганингиз маъқул;

Нафас олиш маромини тартибга келтириш учун кўзларни юмиб, бироз тин олинг;

Ёнингизда бирор ким бўлса хона деразаларини очишга кўмаклашсин. Тез-тез нафас олишга шошилманг;

Хуруж ўтиб кетавермаса, тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш зарур.

Хасталанмай десангиз...

Аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилинг: камҳаракатлиликка йўл қўйманг, овақтланиш тартибига амал қилинг, зарарли одатлардан воз кечинг, руҳий зўриқишлардан сақланинг, мунтазам спорт машқларини канда қилманг, уйқудан олдин тўйиб танаввул қилмаслик ҳамда ўз вақтида дам олиш каби омилларга эътибор қаратинг. Иложи бўлса тез-тез пиёда сайр қилинг. Бу ҳам юрак хасталикларини олдини олади.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


    Бошқа янгиликлар