1

“ЎЗ-ЎЗИДАН ИСИТМАМ КЎТАРИЛЯПТИ?”

САЛОМАТЛИК 18.12.2017, 12:07
“ЎЗ-ЎЗИДАН ИСИТМАМ КЎТАРИЛЯПТИ?”

— Икки ҳафта олдин иситмам кўтарилиб, томир уриши бирдан тезлашиб кетди. Бироздан сўнг аҳволим ўнгланган бўлса-да, уч кун ўтиб, яна шу ҳолат такрорланди. Нега бундай бўляпти, ҳайронман. Тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилишига сабаб нима? Бу вазиятда мен қандай йўл тутай? Дори ичишим керакми?

Ислом Деҳқонбоев, Чиноз тумани

Нодира ҲАМРОЕВА, олий тоифали шифокор-терапевт:

— Тўсатдан тана ҳароратининг кўтарилиши, тер ажралишининг ортиши ҳамда томир уришининг тезлашиши, жисмоний ва психологик зўриқишлар, шунингдек, бир қанча хасталиклар аломати бўлиши мумкин. Безовталикнинг такроран содир бўлаётгани тиббий текширувларни кечиктирмаслик учун жиддий асосдир. Бирдан тананинг қизиб кетиши, вегетотомир дистонияси бўлса, бунда артериал қон босими ё кўтарилади ёки кескин пастлайди. Ҳолсизлик, бош айланиши, томир уришининг тезлашиши ҳам қўшилади. Вегетотомир дистониянинг асосий сабаби асаб тизимининг зўриқишидир. Англаганингиздек, таранглашган нерв томирлари бўшаштирилса, меъёрий ҳолат тикланади.

Сабабсиз тана ҳароратининг кўтарилиши марказий нерв тизими дисфункциясининг бузилиши ҳисобидан юз бериши ҳам мумкин. Шунингдек, қалқонсимон без хасталиклари, артериал қон босимининг кўтарилиши, аёллардаги менопауза даврида ҳам иситма чиқаётгандек, тана қизиши рўй беради. Сизга маслаҳатим, шифокор кўригига шошилинг. Тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтгач, муаммо нимада эканлиги аниқланиб, муолажа тайинланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1