1

“УМУРТҚА КАСАЛЛИГИ ҚОН БОСИМИГА ТАЪСИР ҚИЛАДИМИ?”

САЛОМАТЛИК 18.12.2017, 12:20
“УМУРТҚА КАСАЛЛИГИ ҚОН БОСИМИГА ТАЪСИР ҚИЛАДИМИ?”

— Ўғлим тоби бўлмай, боши қаттиқ оғриётгани ҳамда кўзининг ичи қизариб кетганидан шикоят қилди-ю, тез ёрдам чақирдик. Шифокор артериал қон босими кўтарилганини, айтиб, тиббий таҳлиллар ўтказилиши кераклигини айтди. Эндигина йигирмага кирган болада ҳам қон босими кўтарилиши мумкинми? Ўғлим спорт билан шуғулланади, курагидан жароҳат олган. Тез-тез бўйни ва умуртқанинг юқори қисми оғриб қолишини айтади. Аммо қон босимининг сабаби шу бўлиши мумкинми?

Ситора Мавлонова, Тошкент шаҳри

Нодира ҲАМРОЕВА, олий тоифали шифокор-терапевт:

— Статистика маълумотларига кўра, ер юзи аҳолисининг 80 фоизи гипертониядан азият чекади. Артериал қон босимининг кўтарилиши, афсуски, ёш танламайдиган касаллик. Буни устига, безовталик ёшлар орасида ҳам тобора кўпаймоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада? Ҳар бир кишида ишчи қон босими мавжуд. Ана шу ишчи босимнинг ўзгариши, организмда маълум ҳолатни пайдо қилади. Биринчи ўринда қон томирлар тонусини кўздан кечириш лозим. Негаки, қон томирлар тонуси бирламчи гипертония сабабчиси ҳисобланади. Бунда юрак ЭКГ си, қон ва пешоб суюқлигининг умумий таҳлили ўтказилади. Буйрак функциясининг бузилиши ёхуд пешоб ажратиш тизими касалликлари мавжуд бўлганида ҳам артериал қон босими кўтарилиши мумкин.

Пешоб ажратиш қийинлашганида, қон босимида ўзгариш келиб чиқади. Ички секреция безларининг номеъёрий фаолияти организмда моддалар алмашинувининг бузилишини келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида сув-туз баланси издан чиқади, қон таркиби ўзгариб, қон томирларга зўриқиш туша бошлайди. Бу ҳам артериал қон босимининг баландлашини келтириб чиқарувчи омилдир. Сўзларингизга қараганда, ўғлингизда умуртқа поғонаси юқори қисмининг жароҳатланиши мавжуд. Бўйин остеохондрози ҳамда умуртқанинг юқори қисмидаги жароҳатлар, кўпинча мушаклар тонусининг ортишини келтириб чиқаради. Бу эса ўз навбатида қон томирларида сиқилиш (спазм) ни пайдо қилади. Фарзандингиз гипертониклар сафидан жой олмаслигини истасангиз, албатта шифокор кўригига олиб боринг. Шунингдек, таомланиши, кун тартиби ва қандай дори препаратларини, қай маҳал қабул қилаётганига ҳам эътибор беринг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1