1

РАМЗАН ҚОДИРОВ: “ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЎЗ ХАЛҚИНИ, ВАТАНИНИ СЕВАДИ”

СИЁСАТ 18.12.2017, 13:40
РАМЗАН ҚОДИРОВ: “ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЎЗ ХАЛҚИНИ, ВАТАНИНИ СЕВАДИ”

Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганига бир йил тўлиши муносабати билан табриклаб, Президентимизга мустаҳкам соғлиқ ва хотиржамлик тилади.

Шунингдек, Қодиров ўзининг “Инстаграм” тармоғидаги расмий саҳифасида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига муносабат билдирган.

Рамзан Қодировнинг таъкидлашича, ушбу қарор Шавкат Мирзиёев Президентлигининг иккинчи йили бошланган кунда қабул қилингани улкан рамзий маънога эга.

“Мен катта тажриба, мустаҳкам ирода, доно, ўз мамлакатининг гуллаб-яшнашида самимий истаги бор Ислом дунёсининг буюк давлат арбоби Шавкат Миромонович билан танишганимдан хурсандман. У ўн уч йил мобайнида мамлакат ҳукуматини бошқарган. Иқтисодиёт тизимини, республикадаги барча муаммо ҳамда уларни ҳал қилиш йўлларини яхши билади. Энг муҳими, Шавкат Мирзиёев ўз халқини севади, ўзининг бор куч ва билимини Ўзбекистонни янада юксалтириш учун сарфлашга тайёр”, дея ёзади Р. Қодиров.

Чеченистон раҳбари Ўзбекистонга ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев Ислом дунёси мероси, ислом цивилизацияси ҳамда муқаддас қадамжоларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратаётганига гувоҳ бўлган. Бундан ташқари, ёшлар ислом динини чуқур ўрганиш имкониятига эга.

“Ўзбек халқининг кайфияти юқорилиги иқтисодиёт, ижтимоий соҳалар, спорт, адабиёт, санъат, хуллас, барча жабҳада сезилади. Ишончим комилки, халқларимиз ўртасидаги алоқалар кун сайин кенгайиб, мустаҳкамланиб бораверади”, дейди Рамзан Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябр ойида Рамзан Қодиров Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида у Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, ўзаро манфаатли ҳамда кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилганди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1