АсосийSUG'DIYONA

КИР ЮВИШДАГИ ХАТОЛАР ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТУВЧИ ТАВСИЯЛАР

'КИР ЮВИШДАГИ ХАТОЛАР ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТУВЧИ ТАВСИЯЛАР'ning rasmi

Кир ювиш эртадан кечгача чўзиладиган маросим бўлмасин десангиз, маслаҳатлар дафтарчангизга майда, аммо аҳамияти тавсияларни ёзиб олинг. Шунда кир ювиш машинасидан олган буюмларингиз ҳеч қачон оқарган, чўзилган ёки ранги чаплашган бўлмайди.

Иссиқ сув­ — тозалик гаровими?

Кир ювиш машиналаридаги 95 даражада кийимлар гигиеник тозаланади, деб ўйлаймиз. Аслида турли бактерия ва касаллик чақирувчи вируслар 40-60 даражада ҳам нобуд бўлади.

Маслаҳат: янглишмай десангиз, совуқроқ сувга (15 даражадан юқори) гигиеник чайувчи кондиционер (уни кўпинча болаларнинг кийимларига ишлатишади) қўшинг.

Ортиқча кир ювиш кукуни

Кир ювиш кукуни кир машинасига сувнинг қаттиқлигига кўра солинади. Совун кўпириши қанча қийин бўлса, кукун шунча кўпроқ солиниши керак.

Маслаҳат: кир ювиш машинасининг кукун солинадиган қутисида сув ювиб кетганидан сўнг ортиқчаси қолганини сезсангиз, кукун миқдорини камайтиринг. Йўқса, у ерда моғор ҳосил бўлиши ҳам мумкин.

Барабан тўлдириб ташланса...

Агар машина барабанини ҳаддан ортиқ тўлдириб, электр ва сувни иқтисод қиламан деб ўйласангиз, хато қиласиз. Биргина шу туфайли сув, ҳарорат ва ювувчи восита ўртасидаги пропорция бузилиб, энг ёмони, кийимлар умуман тоза бўлиб чиқмайди. Энди уни қайта ювишингизга тўғри келади.

Маслаҳат: кир ювиш қоидасига кўра, барабаннинг юқори қисми билан кир ўртасида кафт кенглигича бўш жой қолиши керак.

Фильтрни эсдан чиқарманг!

Кўп ҳолларда люк тагида жойлаштирилган кичкина ойначага эътибор қилмаймиз. Аслида бу жой ҳар икки ойда тозаланиб туриши керак. Йўқса, у ерда соч, бошқа майда чиқиндилар тиқилиб, машина сувни ҳайдай олмай қолади.

Маслаҳат: фильтрни тозалаётганда кукун солинадиган қутини ҳам тозаланг.

Кийимларни тўғри жойлаштиринг!

Нозик мато ва рангли буюмларни тескарисини ўгирган ҳолда ювиш керак. Бу ҳам бўёқни, ҳам мато толасини яхши сақлайди. Машинага солишдан аввал кийимларнинг занжирсимон ёпқичлари тақилган бўлиши керак. Акс ҳолда барабан ёки люк манжети зарарланиши мумкин.

Маслаҳат: бюстгальтерлар махсус қопчаларда ювилади.

Бошқа янгиликлар