1

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ФАОЛИЯТИНИНГ ИЛК ЙИЛИДА ТАШРИФ БУЮРГАН 10 ХОРИЖИЙ ДАВЛАТ

СИЁСАТ 03.01.2018, 15:41
ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ФАОЛИЯТИНИНГ ИЛК ЙИЛИДА ТАШРИФ БУЮРГАН 10 ХОРИЖИЙ ДАВЛАТ

Туркманистон

Йил давомида Президент Туркманистонга жами 3 марта ташриф буюрди.

6-7 март. Ушбу ташриф Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида хорижий давлатга илк ташрифи бўлди.

Музокаралар якунида икки давлат ўртасида Қўшма баёнот, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018-2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017-2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мамлакатимизда Махтумқулининг “Элингга бахш айла” деб номланган китобини совға қилди. Туркманистон Президенти эса давлатимиз раҳбарига зотдор от совға қилди.

Туркманобод шаҳрида Биринчи Президент Ислом Каримов бюсти ўрнатилди.

19-20 май. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган ҳудудларидан келган бир гуруҳ болалар дам олаётган "Аваза" миллий сайёҳлик зонасига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли тижорат шартнома ва битимлар имзоланди.

17 сентябрь. Президент Ашхобод шаҳрида ўтказилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.

Қозоғистон

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси йил давомида 4 марта ташриф буюрди.

22-23 март. Ўзбекистон-Қозоғистон музокаралари якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди. Жумладан,Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация, 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, парламентаризм, солиқ, транспорт, мудофаа, савдо-саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

29 апрель. Шавкат Мирзиёев куни Жанубий Қозоғистон вилоятига ташриф буюрди ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан амалий учрашув ўтказди. Унда март ойидаги ташриф чоғида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

8 июнь. Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Саммит доирасида Президент қатор делегациялар раҳбарлари билан учрашди: Покистон Бош вазири Навоз Шариф, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани, Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Испания Қироли Филипп VI.

Шунингдек, ташриф чоғида "EXPO-2017" халқаро ихтисослашган кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.

10 сентябрь. Президент Остонада шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида ҳамда "EXPO-2017" халқаро ихтисослашган кўргазмасининг расмий ёпилиш маросимида иштирок этди.

Россия

4-5 апрель. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.Ташриф асносида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Қўшма баёнот,16 миллиард долларлик 50 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

Хитой

11-13 май. Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Хитойда бўлди. 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида ўтказилган “Бир қутб, бир йўл” халқаро форумида иштирок этди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан Хитой ўртасида Қўшма баёнот, ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъеклари ўртасидаги ҳамкорликни рағбарлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Саудия Арабистони

21 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан Ар-Риёд шаҳрида бўлган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи давомида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

Қирғизистон

5-6 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташриф якунлари бўйича Президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар.

АҚШ

18 сентябрь. Президент БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига келди. Кенг доирадаги Ўзбекистон – Америка бизнес-форумида иштирок этди.

Сочи

10 октябрь. Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Сочи шаҳрига келди. МДҲ саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашди.

Туркия

25 октябрь. Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Туркияга келди. Ташриф давомида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 20 дан зиёд ҳужжатлар қабул қилинди.

Жанубий Корея

22-25 ноябрь. Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Президентимиз икки мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирокидаги Жанубий Корея –Ўзбекистон бизнес-форумида қатнашди.

Президентлар Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Инсон ресурсларини бошқариш вазирлиги ўртасида Ҳамкорлик меморандуми, икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида Ҳамкорлик меморандуми, Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирликлари ўртасида Ўзбекистонда Миллий электрон савдо платформасини жорий қилиш бўйича ҳамкорлик битими, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро меморандум, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан Корея Стратегия ва молия вазирлиги ўртасида Билимлар алмашинув дастури бўйича Англашув меморандуми, 2018-2020 йилларда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кредитлари бўйича ҳукуматлараро ҳадли келишув ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фонди билан Корея экспорт-импорт банки ўртасида молиявий ҳамкорлик тўғрисида келишув каби 60 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён, БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳри фахрий фуқароси унвони тантанали топширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1