АсосийJamiyat

Тошкент шаҳар йўловчи транспортининг 23 фоизи газ билан ҳаракатланади

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида пойтахтимизда экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.      

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби пойтахтимизда ҳам мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни белгиланган муддатларда татбиқ этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилаётир. Жумладан, саноат корхоналарида чиқиндисиз технологияларни жорий этиш, оқоваларни тозалаш жараёнини такомиллаштириш, автотранспорт воситаларини соф ёнилғига ўтказиш борасида ўзига хос лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шаҳарнинг санитар-тозалаш тизимини такомиллаштиришга оид лойиҳалар натижасида маҳаллаларда маиший чиқиндиларни йиғиш бўйича замонавий чиқиндихоналар барпо этилди. Чиқиндиларни ташиб кетишга ихтисослашган корхоналар янги автотранспортлар билан таъминланди. Бу йўналишда аҳолига хизмат кўрсатишнинг муқобил шакллари яратилди.

Қўмита вакилларининг маълум қилишларича, ҳар йили саноат корхоналари ва автотранспорт воситалари томонидан ҳавога 300 минг тонна чиқинди ташланади.

Бироқ экологларнинг сўзларига кўра, автомобил тарнспорти ҳамда саноат секторидан табиатга ташланаётган чиқиндиларнинг камайиши кузатилмоқда, 1991 йил билан таққослаганда ушбу кўрсаткич 399,3 мингдан 327,5 минг тоннагача пасайган.

Шаҳар йўловчи паркини янгилаш ва ўзгартириш мақсадида сезиларли маблағлар ажратилиб, экологик тоза ёқилғи бўлмиш газга 23% шаҳар автопарки ўтказилган, бу эса республика бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир, дея хабар беради Podrobno нашри.

Шаҳарда ҳар йили янги боғлар, яшил ҳудудлар барпо этиш, маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш бўйича узлуксиз тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар шанба тозалик куни деб эълон қилинган. Шу кунлари маҳаллаларда оммавий ҳашарлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилмоқда.

Пойтахтимизнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам хилма-хил. Ушбу ноёб табиат бойликларини асраш ва кўпайтириш, экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш билан боғлиқ ишлар ўз самараларини бераётир. Кейинги йилларда ҳавога чиқарилаётган ва сувга оқизилаётган чиқиндилар миқдори кескин камайди. Шаҳримизнинг яшил майдонлари йилдан-йилга кенгаймоқда. Бундай ишлар натижасида пойтахтимиз дунёдаги энг гўзал ва обод  шаҳарлар қаторида эътироф этилмоқда.

Тадбирда пойтахтимизда экологик қонунчиликнинг бажарилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, ер, сув ва бошқа табиат неъматларига салбий таъсир етишнинг олдини олиш, аҳоли орасида экологик тарғибот ишларини ташкил этиш, экологик таълимни такомиллаштириш масалалари хусусида фикр юритилди.

                                               

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар