1

Доим ўзингизга бўлган ишончни оширинг

СУҒДИЁНА 17.01.2018, 11:08
Доим ўзингизга бўлган ишончни оширинг

Инсоннинг ўзига бўлган ишончи ҳаётда катта роль ўйнайди: жамиятда ўз ўрнини топишида, муносабатларда бахтни ҳис қилишида, омад кулиб боқишида ва ҳокоза. Хўш, ишонч қандай пайдо бўлади? Уни оширишнинг психологик усуллари борми? Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан мавзуни таҳлил қиламиз.

Ишонч — табиий нарса. Ҳеч ким ишончсизлик билан дунёга келмайди. Гўдак болага эътибор беринг, у ўз-ўзидан эмаклай бошлайди, атак-чечак қилади, қизиқувчанлик билан атрофидаги нарсаларга қўл узатади, қўйиб берсангиз, шернинг қафасига ҳам қўрқмасдан кириб бориши мумкин. Қўрқув, хавотир бегона бўлгани учун ҳам болаларда ҳаммаси табиий кечади. Ишончсизлик кейинчалик пайдо бўлади, яъни у орттирилган муаммо. Тарбия, ёмон тажриба, ижтимоий муаммолар, руҳий ва жисмоний жароҳатлар унинг юзага келишини таъминлайди.

«Бегона ўтлар»

Ишончни оширишнинг психологик усуллари борми? Йўқ. Жавобимиз қизиқ туюлдими, азиз ўқувчи? «Доим ўзингизга бўлган ишончни оширинг», дея ёзасизлар-ку дейишга шошманг. Боғингизда ўсаётган гулнинг бўйини қўлингиз билан чўзиб қўя олмайсиз-ку? У гуркираши учун атрофидаги бегона ўтлардан халос этасиз. Ишончни юзага чиқаришда ҳам шу оддий қоидага риоя этиш керак. Яъни тўсиқларни олиб ташлаш лозим. Тўсиқлар қуйидагича:

Жисмоний оғриқлар, танадаги қисилишлар. Бор қувватингиз оғриқларни енгишга сарф бўлаётгани сабаб танангизда эркин энергия йўқ. Шунинг учун ҳам бемалол ҳаракатланолмайсиз, диққатни жамлолмайсиз. Жонингиз оғриб турганда чалғиш учун ё келажакка парвоз қилиб, хаёлларга шўнғиб кетасиз, ёки тушкунликка берилиб, ўтмиш хотираларига бериласиз. Эътибор берсангиз, кўп ҳолларда оғриқлар чекингач, ўзингизга ишонч пайдо бўлади.

Ўзини қабул қила олмаслик, муаммоларни ҳам. Бу тарбияга бориб тақалади. Чунки катталар ўз муаммоларини болаларга кўчиришади. Оқибатда бола бирор ҳаракати ёки жиҳатини айб санай бошлайди, тортинчоқлик, ўзига ишончсизлик пайдо бўлади. Жамоага, жамиятга қўшилиб кетишга қийналади. Ўзини-ўзи қабул қила олмаган одам бошқалар уни қабул қилишига қаердан ҳам ишонсин, ахир?!

Танқид. Ҳуда-беҳуда танқидга учраш ҳам кишини синдириб қўяди, айниқса, болаларни. Албатта, хатони тўғирлаш, болаларга одоб-аҳлоқни ўргатиш яхши. Аммо нуқул «Ундай қилма, бунақа қилма», дея ҳар бир ҳаракатини чеклаб, танқиду танбеҳларга кўмиб, бошқалар олдида изза қилиб, кишининг ишончини сўндириб қўйиш ҳеч гапмас! Ишончи сўнмаган тақдирда ҳам носоғлом ишонч шаклланиши мумкин. Хатти-ҳаракатларимиз, гап-сўзларимиз, юриш-туришимизни нишонга олаверишгач, ўзимизни ортиқча назорат қила бошлаймиз. Бошқаларнинг чекловлари рефлексга айланиб, онг остимизга ўрнашади. Хотиржам қадам ташлай олмаймиз. Нуқул хато қилиб қўйишдан қўрқиб, хавотир билан яшаймиз. Гўёки оёқ-қўлимиз занжирлаб ташлангандек. Бу ўринда ишонч ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Шартли ишончсизлик. Аслида, ўзига ишонган одам бирор довондан ошиш олдида ўзини йўқотиб қўйиши ҳам кузатилади. Масалан, орзу қилган ёки маоши, обрўйи юқори бўлган лавозим учун суҳбатга бораяпсиз. Сиз учун бу ишга қабул қилинишингизнинг аҳамияти жуда катта. Унга юқори баҳо бергансиз. Ҳаяжон кучли. Хавотир ҳам баҳонгиздан кам эмас. Суҳбатда ўзингизни қандай тутиш, қанақа қиёфада кўриниш ҳақида тинмай ўйлаяпсиз. Онг остингиз бор куч-қувватнини шунга сарфлаяпти. Мувозанат бузилган — ишонч йўқолган.

Руҳий жароҳатлар, ёмон хотиралар ҳам ишончнинг чекинишига олиб келади. Чунки танангиз бу ерда бўлгани билан, руҳингиз ўтмишда — қалбингизга озор етган кунда қолиб кетади. Бугун ва шу ерда яшамаган инсон эса ўзига ишонмаслиги табиий.

Энди нима қиламиз?

Табиатнинг ўзи ишончдир. Бу шунчаки файласуфона гап эмас. Қачонки инсон ичидаги банди бўлиб қолган табиатни занжирлардан озод этса, сохталикдан йироқлашиб, табиат билан уйғунлашса, ишончни ҳис қилади. Бунинг учун турли психологик рецептлар шарт эмас.

Ишончни оширишнинг энг самарали усули — спорт билан шуғулланиш, рақсга тушиш. Эсингизда бўлса, ўтган йили айни шу кунларда Рио-2016 мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз билан учрашиб, мақола тайёрлагандик. Бразилиядан учиб келганига кўп бўлмаган, пойтахтнинг серҳашам меҳмонхонасига жойлашган, атрофида кўпчилик парвона бўлган спортчиларимизда на ҳаяжон, на кибрни кузатганман. Улар шунчалик самимий ва бемалол ҳаракатланишгандики, ўзларига ишонишлари шундоқ кўзга ташланганди. Гап олтин медалларда эмас, улар ҳар куни спорт билан шуғулланиб, руҳий ва жисмоний босимдан, салбий энергиядан халос бўлишади. Шунгами, суратга қанақа тушдим, ўзи нима дедим каби қўрқувлар билан ўзларининг ҳам, бизнинг ҳам бошимизни қотиришмаган. Унча-мунча «юлдуз»ларимиз эса берган интервьюси, тушган суратларини қайта-қайта кўриб, то газетани нашрга топширгунимизча ўзгартиришдан чарчашмайди. Гоҳ ташқи кўринишларидан қониқишмайди, гоҳ гапирган гапларидан. Аслида, мухлислари кўзига борича кўриниб қолишдан чўчишади-да. Яна бир мисол, корейс сериалларида уддабурон, омадли тадбиркорларнинг эрталаб югуришни канда қилишмаслигига гувоҳ бўлгансиз. Каллайи саҳардан иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демасдан югуришлари бежизга эмас-да. Тана саломатлиги руҳ уйғоқ ва соғлом бўлишини таъминлайди. Хуллас, ўзингизга ишонишни истайсизми, жисмоний машғулотлар билан шуғулланишни бошланг!

Ишончнинг асосий бўғини — мақсад! Ҳеч бир инсон мақсадсиз яшай олмайди. Мақсади аниқ бўлмаган одам онг остининг англанмаган ҳақиқатлари билан яшайди («Нима исташимни ўзим ҳам билмайман»), ёт ғояларни олишга мажбур бўлади («Фалончи дугонамнинг йигити бор, менда ҳам бўлиши керак», «Ўртоғим машина олди, мен ҳам машина минишим лозим»)

Ўзингиздан қолар гап йўқ, ноаниқ манзил томон йўлга чиққан одамнинг одим олиши ҳам ишончсиз бўлади. Ўзини йўқотиб қўяди. Ишда омади чопмайди, муносабатларда ютқазади. Демак, олдимизга мақсад қўямиз. У оламшумул бўлиши шартмас, муҳими — табиийлик ва аниқлик.

Ўзингизга паст баҳо берманг. Бунинг учун эришишни истаётганингизни юқори баҳолаб юбормаслик керак. Биласизми, табиатда бу арзон, бу қиммат деган тушунча йўқ. Ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор, холос. Нимагадир ёки кимгадир катта баҳо бериб, унинг қийматини сунъий равишда кўтаришимиз билан хотиржамликни йўқотамиз. Ҳаёт-мамот масаласига айлантириб қўйганимизни йўқотмаслик учун сунъийлашамиз, ўзимизга назоратни кучайтирамиз, боримизча намоён бўлмаймиз. Бундай ишончсизлик билан ҳеч нимага эришиб бўлмайди, аксинча йўқотамиз. Ишонч, бу — ички туйғу. Уни ташқи омилларга боғлиқ қилиб қўйиш ярамайди.

Ёмон хотиралар, қўрқувлардан халос бўлинг. Уларни қўйиб юборинг. Пешана, тақдир деганларини қабул қилинг. Агар бир ўзингиз ўтмишнинг соясини енгишга куч тополмасангиз, мутахассисга мурожаат қилинг.

Бугун ва шу ерда яшанг! Бунинг учун юқоридаги тавсияларни амал қилишингиз керак. Спорт билан шуғулланинг — тетиклашасиз. Оғриқлардан халос бўлинг. Айтганча, бугун билан яшаш дегани бор-будингизни сочиб, ҳозир ўйнаб-кулиб қолиш эмас. Бугунги ҳиссиётларни ҳис қилинг, айни пайтдаги лаҳзалардан баҳра олинг. «Ўғлимни уйлантиришим керак», деб йигирма йилдан кейин бўладиган тўй учун ҳозирдан куйиниб, ғам чекманг.

Хавотир пайдо бўлса, чуқур-чуқур нафас олинг. Бу ҳозир ва шу ерда бўлишингизга ёрдам беради.

Энг муҳими, ўзингизга ишонинг. Қўлингиз бу — қўл. У ўз вазифасини бажаради. Эплай олмайман демасдан, ўз ишини қилишни унга қўйиб беринг. Яъни танангиз табиат ато этган вазифаларини бажаришига ишонинг. Шунда хотиржамликни қўлдан бой бермайсиз.

Биз Сизга ишонамиз!

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Anora 01.12.2023, 07:19
Raxmat
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1