1

Девор ошилмаган ўғрилик ёки омонатга хиёнат икки воқеа хусусида

МУТОЛАА 23.01.2018, 13:19
Девор ошилмаган ўғрилик ёки омонатга хиёнат икки воқеа хусусида

“Қобуснома”да бир ривоят бор. Қисқача мазмуни шундай:

....Бир киши кеч оқшом ҳаммомга борадиган бўлди. Унга ҳамроҳлик қиладиган дўсти зарур иши борлигини айтиб, икки йўл айрилган жойгача борди. Аммо ўша манзилга етгач, хайрлашмай ўз йўлида равона бўлди. Шу пайт ҳаммомга борувчининг изидан ўғри тушди. Ҳалиги киши эса, қоронғу эмасми, ортидан келаётган дўстимдир, дея хаёл қилди. Ҳаммомга етгач, унинг эшиги олдида қўйнидаги 100 тиллани чиқариб, дўстига омонатни сақлаб туришни илтимос қилди. Ювиниб чиққач, кийимини кийиб, йўлга тушди. Ўғри эса ҳайрон бўлиб, унинг ортидан зарингни олгин, деб чақирди. Ҳалиги киши қоронғуда уни танимади.

– Сенинг омонатингни сақлайман, деб ишимдан қолдим, – деди чақирган кимса.

Шундан сўнггина ҳалиги киши унинг кимлигини сўради.

–Мен бир ўғриман, – жавоб беради тиллани топширмоқчи бўлган одам.

– Агар сен ўғри бўлсанг, нима учун зарни олиб кетмадинг?

– Сен бу зарни менга омонат топширдинг. Омонатга хиёнат қилиш жўмардликдан эмас, – деди ўғри.

Ривоятга кимдир ишонади, кимдир йўқ. Лекин у минг йилдирки, бизга бебаҳо қадриятлардан бири жўмардлик сабоғини эслатиб келади. Биз бу ҳикматни эслаганимиз ҳам бежиз эмас.

Инсон оиласи, фарзандлари учун яшайди, ўзи емай, едиради. Инсофу диёнатли бўлсин, дейди. Кексалар эртанинг ширин ташвиши учун, деб нафақа пулидан орттириб тўрт танга жамғаради. Фарзандларимга малол келмасин, дейди-да. Бу жўмардлик.

Лекин шу кунларда бир отахоннинг омонатига хиёнат қилинди. Бирор кунимга яраб қолар, деб йиққан 600 доллари йўқолиб қолди. Айтганча, оқсоқол тўқима образ эмас. У Бухоро вилоятининг Бухоро тумани Қоражери қишлоғида яшайди. Исми - Қ.И.

Қизиқ. Дарвозадан бирор бегона кирмаган. Тунда биров девор ошмаган бўлса... Қария воқеадан оила аъзоларини хабардор қилди. Барча ҳайрон. Отахон туман ички ишлар бўлимига арз қилди. Осойишталик посбонлари жабрдийдадан тартиб-таомилга кўра, гумондорини сўради.

Отахон ёқа ушлаб, бош чайқади:

–Нималар деяпсиз? Гумон иймондан айиради, ахир!

Суриштирув ишларидан сўнг тугуннинг учи топилди. Ўғри ким экан, дерсиз? Шу хонадоннинг келини, истиҳола қилиб номини ўзгартирган ҳолда келтираётганимиз – Моҳимсара айбни бўйнига олди. Қайнотаси уйда йўқлигидан фойдаланиб, унинг хонасидан пулни ўғрилаган экан.

Қайнота пешонасига битта урди... Ер ёрилса-ю, кириб кетса, бу кунларни кўргунча. Агар ота шундайлигини билганида, 40 ёшли келинпошшо олдинроқ хижолат бўлганида, уйдаги гап кўча чиқмасди.

Ана шундай аҳвол Шофиркон туманидаги Доригар маҳалласида яшовчи Ҳ.О. хонадонида ҳам юз берди. Бу ерда ҳам ўғри бегона эмас, 19 ёшли ўғил О.П. ўз уйидан 1 миллион 900 минг сўм ва қиймати 100 минг сўмлик уяли телефонни ўғирлади.

На илож, ёзилган даъво аризаси рўйхатга олинган. Шу боис ҳам туман ИИБ тергов бўлинмаси томонидан иш юзасидан айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди...

Бу ёғи нима бўлади? Тахминимиз бундай: айбдорлар қилмишидан астойдил пушаймонлигини билдиради, тавба-тазарру қилади. Бечора оталар кўксига пичоқсиз ханжар урилган бўлса-да, кечиради. Одил судлов ҳам томонларнинг ярашувини инобатга олиб, бағрикенглик тамойилига ҳамоҳанг қарор қабул қилади. Оила қўрғони мустаҳкам бўлишини ўйлаб, биз ҳам аслида шундай бўлишини истаймиз...

Яна пулга қайтамиз. Ақчангиз йўқолса ҳам албатта хафа бўласиз. Аммо кўчада олдириб ёки тушириб қолдиргандаги алам уйда йўқотганинг олдида ҳеч гап эмас. Кўнгилни ларзага соладигани омонатга хиёнат! Ишончга дарз кетгани. Меҳр аталмиш бебаҳо гавҳар маҳв этилгани. Энди уни тузатиб бўлармикан? Ҳамма гап шунда!

Эркин Ёдгоров

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1