1

ЎЗингиздан кўнглингиз тўладими?

СУҒДИЁНА 27.01.2018, 09:10
ЎЗингиздан кўнглингиз тўладими?

«Ўз қадр-қимматини билмаган инсонни атрофдагилар ҳам қадрламайди», дейишади. Айниқса, бизаёлларнинг доим ҳам ўзимиздан кўнглимиз тўлмайди, ҳаётимиздан мамнун бўлавермаймиз. Гоҳ ташқи кўринишимиз, гоҳ ён-атрофдагилар таъбимизни хира қилади. Натижада эса олдга эмас, ортга томон қадам ташлай бошлаймиз. Қуйидаги тестимиз сизнинг ўз шахсингиздан қанчалик қониқишингиз ҳақидаги саволларга ойдинлик киритади.


1. Яна қайтадан дунёга келсангиз-у ҳаётингиз янгидан бошланса...

А. «Йўқ, ҳеч ҳам бундай ўйламайман! Ҳаётимдан мингдан-минг розиман!»

Б. «Гоҳида ҳаммаси янгидан бошланса эди, бола бўлиб қолсайдим, дейман».

В. «Кўпинча «Қайтадан яшай бошласам...» деган ўй-хаёлларга бериламан».


2. Ҳаёт сизга қайта берилса, яна шу умр йўлдошингиз билан умгузаронлик қилишни истайсизми?

А. «Албатта, нафақат истайман, бу фикрни доим эътироф ҳам этаман!»

Б. «Аниқ бир нарса дея олмайман».

В. «Ҳақиқатни тан олиш керак — йўқ».


3. Ишларингиз юришмай қолганида «Нуқул мен билан шундай бўлади» деган фикрга борасизми?

А. «Асло, хаёлимнинг бир учига ҳам келмайди».

Б. «Бу вазиятга боғлиқ».

В. «Нимасини айтасиз, ҳақиқатда мен бошлаган ишлар доим чаппасига кетади, омадсизлик соямдек гап».


4. Лотерея ўйинларида ёки бирор мусобақада ютуққа эришганмисиз?

А. «Ҳа, бир эмас, бир неча марта!»

Б. «Йўқ десам ҳам бўлади, чиққан ютуқлар ҳам арзимас бўлган».

В. «Йўқ, бирор марта ютуқ чиқмаган, бундан кейин ҳам чиқмаслиги аниқ».


5. Сизни хушламайгина суҳбатлашишлари нафсониятингизга тегадими?

А. «Йўқ, бу менга заррача таъсир қилмайди».

Б. «Кайфиятимга қараб таъсир қилади».

В. «Албатта, иложи борича бу суҳбат тезроқ тугашини истайман».


6. Танишларингизнинг ҳаётида кўнгизсизлик юз берса, дарров уни юпатишга тушасизми?

А. «Йўқ, ҳар ким ўз бошига келган синовни ўзи енгиб ўтиши керак».

Б. «Унинг ҳолатига қарайман, чунки баъзан кишига юпанч сўзлар тасалли бермайди, акс таъсир кўрсатади».

В. «Бу менинг вазифам! Ахир қандай қилиб мум тишлаб туриш мумкин?!»


7. Яқинларингизнинг сизга туҳфа этган қимматбаҳо совғаси уларга бўлган муносабатингизга таъсир қиладими?

А. «Йўқ, гап совғадамас, эътиборда!»

Б. «Баъзида мен учун шунча харажат қилишибди деб ўртадаги тушунмовчиликларни унутиб юбораман».

В. «Кўнглимни тоғдек кўтаради!»


8. Сизга ҳасад қилишларидан қувонасизми?

А. «Ҳа, чунки бу мен улардан бир қадам олдиндаман деганидир!»

Б. «Бу ҳасадгўйнинг кимлигига боғлиқ».

В. «Ҳеч бунақаси бўлмаган».


9. Кимнингдир сиздан кўра яхши ишлаётгани, яшаётганига қараб ўйга толиб қоласизми?

А. «Мен ўзимни бошқалар билан солиштирмайман».

Б. «Бу ким қандай ишлаётгани ёки яшаётганига боғлиқ тарзда юз берадиган ҳолат».

В. «Ҳа, деярли доим шундай».


10. Катта давранинг эътиборини ўзингизга қаратишни яхши кўрасизми?

А. «Ҳа, бунинг учун доим ҳаракат қиламан».

Б. «Жуда ҳам эмас».

В. «Асло, катта давраларни ёқтирмайман».


11. Кўнглингиз учун шуғулланадиган бирор севимли машғулотингиз борми?

А. «Ҳа, бусиз ҳаёт зерикарли бўлиб қолади-ку!»

Б. «Баъзида янги нарсаларни ўргангим келади, аммо бу вақтинчалик ҳолат».

В. «Йўқ, вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ, бунга».


12. Атрофдагилар сиз кутган таклифни билдиришмаса...

А. «Ўзим таклиф билан чиқаман!»

Б. «Баъзан вазиятни қўлга оламан, баъзида эса пайт пойлайман».

В. «Кўнглим ўксийди...»


13. Жамоавий тушган суратларингизни томоша қила туриб...

А. «Ҳаммадан ажралиб туришимга яна бир бор амин бўламан!»

Б. «Кўзим қувнайди, омадсиз чиққан суратлардаги хатоларимни эса эслаб қоламан».

В. «Кўпинча уларни ўчириб ташлаш ҳаракатида бўлганман».


14. Жон-жаҳдингиз билан қилган ишингиз учун сизни мақташмаса, қанақа кайфиятнинг асирига айланасиз?

А. «Қанча меҳнат қилганимни ва аъло даражада уддалаганимни таъкидлайман».

Б. «Майли, мақташмаса-мақташмасин, ўзим учун хулоса чиқарсам бўлди-ку, ахир».

В. «Бошқа бу ишга қўл урмайман».


15. Тасаввур қилинг, тажрибали инсон сизга маслаҳат берди, аммо маълум сабабларга кўра тавсиясига амал қила олмадингиз ва ишингиз бароридан келмади...

А. «Мен билан ҳеч қачон бундай бўлмайди, ўзимдан ўзга маслаҳатчим йўқ!»

Б. «Вақтни энди ортга қайтариб бўлмайди, шундай экан кейинги гал учун бу ҳам бир сабоқ дея қабул қиламан».

В. «Бошқа ўзибилармонлик қилмасликка қатъий қарор қиламан».


Жавобларга диққат қиламиз!

Агар А жавоб кўп бўлса. Танлаган жавобларингиздан шуни айтиш мумкинки, ўзингиз ва ҳаётингиздан кўнглингиз тўқ. Ҳатто, ҳаддан ортиқ дейиш ҳам мумкин. Ўзингизга бўлган ишончингиз жуда ошиб кетган. Шу сабаб ҳам баъзан ён-атрофга беписандлик билан боқиб қўясиз. Яхши хислатларингиз талайгина, омад калити доим қўлингизда гўё. Фақат ўйлаб кўринг: ўз-ўзингизни танқид қилиш, ўзингизга четдан баҳо бериш каби фазилатларингиз борми? Баъзида худбинлик қилмайсизми? Яқинларингиз ва дўстларингизнинг фикрларига қулоқ тутасизми? «Ҳа» дея жавоб беришга шошманг. Чуқур ўйланг, бу сизда росмана миннатдорлик ҳисси уйғонишига, атрофдагилар билан муносабатларингиз чиройли тус олишига замин яратади.

Агар Б жавоб кўп бўлса. Сизни ўзингизга бўлган соғлом ишонч билан табрикласак бўлади! Зеро, бу ишонч меъёрдан ошмаган. Айримлардаги каби ўзига бино қўйиш, ўз омадидан сармаст бўлиш каби туйғулар билан уйқашиб кетмаган. Шу сабабдан ҳам бошлаган ишларингиз хайрли, омадли кечади. Яқин-узоқлар билан муносабатларингиз ҳавас қилгулик. Олтин ўрталикни топган инсонсиз, ахир. Ҳар қандай вазиятда ўзни қўлга олиб, ечимни топишга усталигингиз таҳсинга лойиқ. Фақат баъзан жудаям лоқайд инсонга айланиб қолишингиз мумкин. Мана шу томонингиз ҳақида ўйлаб кўришни тавсия берамиз.

Агар В жавоб кўп бўлса. Балки тест жавобларидан хафа бўларсиз. Аммо ҳақиқат тан олинсагина, ўзгаришлар бўлади. Ўзингизда, ҳаётингизда... Сиз яхши инсонсиз. Оқкўнгилсиз, ҳаммага ёрдамга шайсиз. Болалик беғуборлиги ҳам кўнгилни тарк этмаган. Бироқ бу фазилатларингизни тўғри ва муносиб баҳолай олмайсиз. Ўзингизга ишончингиз паст. Ўз устингизда ишлашингиз керак. Ҳозироқ бунга киришинг. Қандай қилиб, дейсизми? Қўлингизга қоғоз олинг-да, нақ 50 та ютуғингизни ёзинг, нимани ютуқ санасангиз шуни. Узун сочлар дейсизми, олмали пирогларни қойиллатиб пиширишми, ҳаммасини. 50 дан ошиб кетса, тағин тўхтаб қолманг! Қунт қилсангиз, юзлаб ютуқларингиз чиқади. Уларни тан олинг ва онгостига муҳрланг. Анна шунда омад доимий йўлдошингиз бўлади, ҳаётингизга мазмун киради.

МУХЛИСА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1