1

Ислом Каримов Оқсаройда Испания Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазирини қабул қилди

ЖАМИЯТ 22.04.2014, 11:41
Ислом Каримов Оқсаройда Испания Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 21 апрель куни Оқсаройда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Испания Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальони қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон билан Испания ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражада эканини мамнуният билан таъкидлади. Бугунги куннинг долзарб халқаро ва минтақавий масалаларини ҳал этишда Испаниянинг ўрни ва роли юқори эканини қайд этди.

Суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари, халқаро ҳаёт, жумладан, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Испания билан Европа Иттифоқидаги муҳим ва ишончли шерикларидан бири сифатида барча йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераётгани таъкидланди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг изчил ва барқарор ўсиш суръатлари, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароит ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон бозорида Испаниянинг «Тальго», «Максам», «Инитек энергия» каби етакчи компаниялари фаол иш юритаётгани икки томонлама самарали ҳамкорликнинг муваффақиятига мисол бўла олади.

Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг доимий мулоқотлари иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат бермоқда. Ислом Каримов шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган бизнес-форум ишига муваффақият тилади. Ушбу анжуманда иштирок этиш учун Испаниянинг  инфратузилма лойиҳалари ва юқори технологиялар соҳалари вакилларидан иборат нуфузли делегация ташриф буюрган.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликка оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Х.М.Гарсиа-Маргальо самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик изҳор этиб, ҳукумат Раиси Мариано Рахой Брей давлатимиз раҳбарига Испанияга расмий ташриф буюришни таклиф этганини билдирди. Меҳмон Испания раҳбарияти бундан буён ҳам очиқ сиёсий мулоқот ва икки томонлама манфаатли барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1