Халқимиз буюк фарзандини унутмайди

ЖАМИЯТ 30.01.2018, 15:46
Халқимиз буюк фарзандини унутмайди

30 январь куни мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг миқёсда нишонланди.

Шу куни Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Биринчи Президентимиз хотирасини ёд этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходимлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, хотирасини ёд этди.

Биринчи Президентимиз азиз умрини юртимиз, халқимиз бахту саодати, бугунги тинч ва фаровон кунларимизга бағишлади, халқимиз ташвиши билан яшади. Бизга озод ва обод Ватанни мерос қолдирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётгани халқимизни қувонтирмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги ва 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Ислом Каримов ҳайкаллари қад ростлади, у киши узоқ йиллар самарали фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи ёдгорлик мажмуасига айлантирилди, Тошкент халқаро аэропорти, йирик муассаса ва ташкилотлар, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги марказий кўчаларга буюк Йўлбошчимиз номи берилди. Бу каби хайрли ишлар давом этмоқда.

Тадбирда Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарлари, Президентимизнинг Давлат маслаҳатчилари иштирок этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1