1

Cамарқанддаги болалар боғчасида антисанитария ҳолатлари аниқланди

ЖАМИЯТ 01.02.2018, 11:24
Cамарқанддаги болалар боғчасида  антисанитария ҳолатлари аниқланди

Жорий йилнинг 24 январь куни Мактабгача таълим вазири ўринбосари Қ.Арипов, Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Садиновалар Самарқанд шаҳридаги 69-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Ўрганиш эрталаб соат 8.05 да бошланганилиги боис, ҳали тарбияланувчиларнинг аксарияти боғчага келиб улгурмаган эди. Вазир ўринбосари ўқув-тарбиявий машғулотлар ва гуруҳлардаги шароитлар билан танишишни кейинроққа суриб, фурсатни бой бермаслик мақсадида, мазкур болалар боғчаси ошхонасига тўғри кириб борди. Албатта, ошхонага кирибоқ у ердаги тартибсизликни кўрган кишининг дили хира бўлиши тайин. Одатагидек, ўрганувчиларни боғча ошпази кутиб олди. Меҳмонларни кутмаган ошпаз опа, шошиб қолди шекилли, вазир ўринбосарининг «Неча тарбияланувчига тушлик тайёрлаяпсиз?»— деган саволига жавоб бера олмай довдираб қолди. Мактабгача таълим муассасаси хўжалик мудири анчагина тажрибаси бор экан шекилли, ушбу саволга: 297 нафар — деб тезкорлик билан жавоб қайтарди.

Шу маҳал, эндигина қайнай-қайнай деб турган катта қозон ҳамда гўшт маҳсулотлари учун мўлжалланган стол устидаги тоғорага солинган гўшт вазир ўринбосарининг эътиборини тортди. Меъёр бўйича бир болага 100 грамм гўшт маҳсулоти ишлатилиши лозимлигини инобатга олсак, бугунги тайёрланаётган тушликка 29,7 кг гўшт маҳсулоти ишлатилиши керак албатта. Шу меъёрларга риоя этилаётганлигига амин бўлиш мақсадида вазир ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ аъзолари қозондаги гўшт маҳсулотининг вазнини ўлчаб кўришди. Афсуски, қозонга солинган ҳақиқий гўшт миқдори 3,7 кг. ташкил қилди.

Тоғорага солинган хом гўшт маҳсулотининг оғирлиги 7,7 кг.ни, пишаётган ва хом гўштни қўшиб ҳисоблаганда, эса жами 11,4 кг. ташкил қилди. Ана холос, оддий математик ҳисоб-китобдан ҳам маълумки, тушликка ишлатилган гўшт миқдори белгиланган меъёрдагидан 17,6 кг.га кам эканлигини боғча маъмурияти қандай изоҳлайди? Ошпаз ва хўжалик мудири ошхонадаги музлатгичдан бир тоғорачада ойлар давомида музлатилган суякларни (чамаси 3—4 кг) шоша-пиша кўрсатишди. Аслида бу суяклардан анчагина илгари пишган гўштлар ажратиб олинганлиги яққол кўриниб турибди.

Ошхона ёнгинасида жойлашган омборхонада ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас, аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нотўғри сақланаётганлиги аниқланди.

MTMнинг тарбияланувчилари боғчага келганликларига амин бўлган вазир ўринбосари гуруҳларда ҳам ўрганиш ўтказди. Гуруҳ хоналари, ювиниш хоналари, ётоқлардаги антисанитария ҳолатларини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди.


Мутахассисларнинг фикрига кўра, боғчадаги ҳақиқий аҳволнинг бу ҳолатга келиб қолишига мактабгача таълим муассасасининг барча масъуллари бирдек айбдор. Акс ҳолда, бир неча огоҳлантиришларга қарамай тўғри хулоса чиқарилганда эди, нисбатан аҳвол яхшироқ бўлармиди, дейилади хабарда.

24 январь кунининг ўзидаёқ Самарқанд шаҳридаги 69-мактабгача таълими муассасаси мудираси Райҳон Неъматова, хўжалик мудири Аваз Гафаров ҳамда ошпаз Кибриё Ҳамдамова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1