АсосийJamiyat

“Ўзулгуржисавдоинвест” 2014 йилда 70 минг тоннадан зиёд захира жамғаришни режалаштирди

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзулгуржисавдоинвест"    уюшмасининг ички истеъмол бозорида озиқ-овқат хавфсизлигини ҳамда чакана савдо тармоғини кенг турдаги истеъмол товарлари билан таъминлаш борасидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси раиси ўринбосари Р.Ҳамидбеков ва бошқалар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, бозорларда мўл-кўлчилик ва аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Хусусан, 2013 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоизга ўсди, дея хабар беради ЎзА.

Айни пайтда уюшма тизимида 57 ҳудудий улгуржи савдо базаси ва корхона фаолият юритмоқда. Улар маҳсулотларни нафақат деҳқонлардан харид қилаётир, балки ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам етиштирмоқда.

Захира маҳсулотларини жамғариш, маҳсулотни тўғри ва сифатли сақлаш борасидаги ишлар кўлами ҳам ошмоқда. Тайёрлаш-сақлаш омборлари мавсумга талаб даражасида тахт қилинсагина, аҳолини келгуси пишиқчилик даврига қадар сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилади. Шу боис тизимдаги корхоналарда 116 минг квадрат метр совутилмайдиган ва 60 минг тонналик совуткичли омборхоналар фаолият юритмоқда. Уларда  картошка, сабзи, пиёз, мева, полиз, гўшт маҳсулотлари, ун, ўсимлик ёғи, шакар, консервалар ва бошқа маҳсулотлар сақланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида омборларни реконструкция ва модернизация қилиш, замонавий совитиш камераларини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, 2011-2013 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси    ва вилоятларда 38 минг 440 тонналик замонавий совуткичли омборхоналар ишга туширилди. Натижада 2013-2014 йил қиш-баҳор мавсумида 65 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захираси яратилди. Жорий йилда 70 минг тоннадан зиёд захира жамғариш режалаштирилмоқда.

Тадбирда аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ички бозорни рақобатбардош моллар билан тўлдириш мақсадида кейинги йилларда тизимда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича элликка яқин замонавий цех ташкил этилгани қайд этилди. Жумладан, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 18 лойиҳа амалга оширилди. Уларда ўтган йили 5,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 3,1 миллиард сўмни ташкил қилди.

Йил охирига қадар қирққа яқин нон, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларини ташкил этиш ҳамда аҳолига савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш бўйича саксонга яқин лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

– Тизимдаги уч мингга яқин фирма ва бир минг уч юзта чакана савдо тармоғи орқали озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолчиларга нисбатан арзон нархларда етказиб берилаётир, – дейди "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмасининг озиқ-овқат бошқармаси бошлиғи Неъматжон Аҳмаджонов. – Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 218  миллиард сўмлик, жумладан, олис ва тоғли ҳудудларда яшайдиган аҳолига 50 миллиард сўмликдан зиёд савдо хизмати кўрсатилди.

Анжуманда аҳолини ижтимоий муҳим ва бошқа маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, қайта ишлаш ҳисобига озиқ-овқат захирасини кўпайтириш ҳамда истеъмол бозори хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида мулоҳазалар билдирилди.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар