АсосийJamiyat
5347

Тошкентдаги Анҳор бўйида "Аквапарк" қурилади

Тошкент шаҳри марказини кесиб ўтувчи Анҳор бўйлаб  бунёдкорлик ишлари бошлангани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. “Анҳор” тамаддихонасидан то Кичик халқа йўлигача бўлган 2.2 километрлик оралиқда ўзига хос яшил ҳудуд барпо этилмоқда.

Анҳорнинг сув оқиб ўтувчи қисми бетонлаштирилиб канал йўли тартибга солинади.  Ундан 2.5 метр юқорида  1.2 метрлик темир панжаралар ўрнатилади, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов.

Сув йўллари, каналлар ёқалаб назорат йўлагининг бўлиши ўзига хос талабдир.   Шу маънода, ушбу оралиқдаги кимдир “назорат йўлаги”, кимдир “сайр йўлаги” деб атайдиган 7 метр кенгликдаги йўл брусчаткадан бунёд этилади. Ушбу йўл,  асосан, пиёдаларнинг сайр қилиши, жазирама кунларда каналдан оқиб ўтадиган сувнинг салқин эпкинларидан баҳраманд бўлиб ҳузурланиши, қолаверса пиёда юришдек жисмоний мароқли ва маънавий фойдали машғулот билан шуғулланишига хизмат қилади, албатта. Шу билан бирга, унинг “назорат йўлаги” деб номланишида ҳам мантиқ бор, чунки каналнинг бетонлаштирилган қисмидан юқорисида ўпирилиши мумкин бўлган ҳудудларни таъмирлаш, қирғоқ бўйлаб жойлашган бино ва иншоотларга хизмат кўрсатиш, йўлакларни ёритиш масалаларида тегишли ишларни амалга оширувчи махсус техникалар ҳам ушбу йўлакдан фойдаланиши кўзда тутилмоқда.

Анҳор ёқалаб “Болалар парки”  ва “Аквапарк” қурилиши кўзда тутилган. Дарҳақиқат, ҳозиргача канал қирғоғидан жой олган байдарка ва каноэда эшкак  эшиш спорти  вакилларининг базаси ҳам ўз ўрнида қолади ва улар учун мазкур спорт билан шуғулланишлари учун қулай шароитлар етарли бўлади.

Баъзи оммавий ахборот воситаларида “Морж” клуби аъзоларининг янгидан кўчиб ўтган маскани борасида ҳам турли маълумотлар берилмоқдаки, аслини олганда, мазкур ахборотлар ҳам етарли асосларга таянилмаган ҳолда ҳавола этилаётгани маълум бўлмоқда. Қурувчилар “Морж” клуби ҳамда бадминтон спорти ишқибозларининг хавотирлари ўринсиз эканлигини таъкидлашмоқда. Лойиҳага асосан, клубнинг бадминтон майдонлари ўз ўрнида қолади, у ерда замон талабига жавоб бермай қурилиши бошланган ёпиқ майдон эса хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб ташланди ва шаҳарсозлик қоидаларига риоя этилган ҳолда лойиҳалаштириш ҳамда қирғоқдан муайян масофага амал қилган ҳолда  барпо этиш тавсия этилди. Ёз-у, қиш сув билан ошно тутинган моржлар учун қирғоқдан сувга тушувчи махсус супа қурилиши лойиҳалаштирилган бўлиб, эшкакчиларнинг уларга хавф солмасликлари учун сузиш майдони  алоҳида чегараланади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳудуд ҳам яқин вақт ичида шаҳримиз аҳолисининг севимли истироҳат масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.  

    Бошқа янгиликлар