1

Душанбеда Ўзбекистон маҳсулотларининг навбатдаги кўргазма-савдоси ташкил этилади

ИҚТИСОДИЁТ 13.02.2018, 15:03
Душанбеда Ўзбекистон маҳсулотларининг навбатдаги кўргазма-савдоси ташкил этилади

Тожикистон Ўзбекистонга ўзининг экспорт маҳсулотлари киритилган рўйхатни таклиф қилди. Ундан асосан хом ашё товарлари жой олган. Бу ҳақида “news.tj” ахборот манбаси хабар берди.

“Айни пайтда икки давлат вакилларидан иборат ишчи гуруҳ саноат ҳамкорлиги бўйича иш олиб бораяпти. Мазкур ишлар доирасида ҳамкорларимизга ўзимизнинг экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотлари рўйхатини тайёрладик ва таклиф этдик”, — дейди ушбу давлат саноат ва янги технологиялар вазири Шавкат Бобозода.

Унинг сўзларига қараганда, ундан бирламчи алюминий, руда, пахта толаси, электр энергияси, цемент, қайта ишланмаган тери, пилла, ипак, турли матолар, мева ҳамда қуруқ мевалар, ичимликлар, гиламлар ва бошқалар жой олган.

Вазирнинг айтишича, ўтган йилда тожик маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорти ўзбек маҳсулотларининг Тожикистонга импорти билан деярли тенг миқдорда бўлган.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 82 фоиз ўсиб, 126 миллион АҚШ долларига етган.

Шундан 69 миллион доллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ушбу давлатга экспорти, 57 миллион доллари Тожикистонда тайёрланган маҳсулотларнинг мамлакатимизга экспорти ҳиссасига тўғри келган.

Маълумот учун, жорий йил март ойида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларининг навбатдаги кўргазма-савдоси ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, “Made in Uzbekistan” бренди остидаги биринчи ярмарка ўтган йил апрель ойида Тожикистон пойтахтида ўтказилган эди. Ўшанда тўрт кун давом этган тадбирда юртимизда фаолият юритадиган 160дан ортиқ компания 1,5 минг турдан зиёд маҳсулотлари билан иштирок этган ва якунда умумий қиймати 35 миллион доллардан зиёд йигирмага яқин шартнома имзоланган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1