Ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилганини алоҳида таъкилаган эди.
Кеча ХМТ расмий сайтида эълон қилинган “Ўзбекистонда 2017 йилда пахта ҳосили йиғим-терими пайтида болалар ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича чора-тадбирларнинг мустақил мониторинги” (“Third-party monitoring of measures against child labour and forced labour during the 2017 cotton harvest in Uzbekistan”)да юртимизда бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самаралари алоҳида эътироф этилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан тизимли фойдаланишга буткул барҳам берилган, амалиётда мажбурий меҳнатни тугатиш учун аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Пахта мавсумида фаолият олиб борган ишчилар билан репрезентатив танлов асосида қилинган 3000дан ортиқ суҳбатлар ана шундай хулосага келишга асос бўлди. Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбариятининг билдиришича, бундай мулоқотлар бошқаларнинг кузатувисиз ва олдиндан огоҳлантиришларсиз олиб борилди. Меҳнаткашлар билан учрашувлар республиканинг барча вилоятларида ўтказилди. Ўз навбатида ихтиёрий танланган 1000 нафар фуқаро ўртасида телефон орқали сўров ҳам уюштирилди. Пахта мавсуми аввалида эса терим учун ёлланишга бевосита алоқадар 6300 киши учун ўқув ишлари ташкил этилди.
Натижада мамлакат пахта саноатида асосий меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган сезиларли ўзгаришлар қилинаётгани маълум бўлди.
Ҳисобтга кўра, хусусан, ўтган йилда меҳнат қилган 2,6 миллион нафар пахтакорнинг деярли ҳаммаси теримга ўз ихтиёри билан чиққан. Улар болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мезонини яхши англайди. Ўз навбатида маҳаллий ҳокимият органларига пахта терувчиларни фақат ихтиёрий асосда ишга ёллашни таъминлаш топшириғи берилган. Қолаверса, ХМТ ва Жаҳон банки тавсияларига асосан пахтакорлар меҳнатига тўланадиган ҳақ оширилгани эътироф этилган.
Мониторингда шулар асосида болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича қилинган хулосалар яна бир бор қатъий тасдиқланган.
“2017 йилги пахта мавсуми очиқлик ва ўзаро мулоқот шароитида ўтказилди”, - дейди ташкилотнинг меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқлар бўйича бўлими бошлиғи Беате Андрес.
Ҳисоботда ХМТ бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш йўлидаги ҳамкорлик изчил давом эттирилишини билдириб ўтган.