14 февраль куни Президент "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни "ЎзА"да келтирилган.
Қарор билан Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ҳар 10 кунда Тошкент шаҳар аҳолиси билан пойтахт ички ишлар органлари фаолияти масалалари бўйича маҳаллий телеканаллар эфирларида махсус кўрсатувларни бериб бориш орқали очиқ мулоқот ўтказиши лозимлиги белгилаб қўйилди.
У ҳар ойда Ўзбекистон Президентига пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
Шунингдек, мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқлари ҳар чоракда, уларнинг ўринбосарлари эса ҳар ойда Тошкент шаҳри туманлари халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида ҳисобот берадилар, бунда улар томонидан юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий руҳда муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, шунингдек, эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади.
Ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳар ойда аҳоли олдида бириктирилган ҳудудларда, ҳар олти ой давомида ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи барча оилаларни қамраб олган ҳолда, улар томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида қабул қилинаётган чоралар юзасидан ҳисобот берадилар.
Ички ишлар бўлимларининг профилактика инспекторларига хизмат ўташ вақтида агарда бириктирилган ҳудудда тезкор-профилактик хизмат кўрсатилмай қолишига олиб келадиган бўлса, ҳудудни ташлаб кетишга рухсат берилмайди, уларга юклатилган вазифаларни бажариш учун, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда республика миқёсида бир-бирларига ижро этилиши мажбурий бўлган тадбирларни ўтказиш ва маълумот тўплаш бўйича топшириқлар бериш ҳуқуқи берилади.






