АсосийJamiyat

Тошкентда “Малайзияда таълим – 2014” халқаро кўргазмаси ўтмоқда

Пойтахтимизда “Малайзияда таълим – 2014” халқаро кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Малайзиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва “Education Voyage” агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон ва Малайзиянинг олий таълим муассасалари, дипломатик корпус вакиллари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этмоқда.

Бугун ҳар бир йигит-қиз нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам ўз билимини янада мустаҳкамлаш, замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиш, касб-ҳунар эгаллаш имконига эга. “Малайзияда таълим – 2014” халқаро кўргазмаси ёшларимизга бу борада кенг имкониятлар яратади.

– Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида таълим йўналишидаги ҳамкорлик бошқа кўплаб соҳалар қатори изчил ривожланиб бораётгани қувонарлидир, – деди Муҳиддин бин Ҳожи Муҳаммад Яссин. – Мамлакатларимиз университетлари ўртасида ўзаро тажриба ва ахборот алмашинуви яхши йўлга қўйилган. Кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида ҳам самарали ҳамкорлик қиляпмиз. Малайзия техникавий ҳамкорлик дастури доирасида мамлакатларимиз турли вазирлик ва идоралари ўртасида ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Бугунги кўргазма фан-таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, талабалар ва мутахассислар алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Мамлакатимизда Малайзиянинг қатор таълим муассасалари, жумладан, Перлис ва Султон Идрис университетлари, Аллианс тиббиёт коллежи билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кўргазмада Ўзбекистон ва Малайзиянинг ўндан ортиқ олий ўқув муассасалари ўз хизматлари билан иштирок этмоқда.

–  Ўзбекистонда таълим олиш учун яратилган имкониятлар менда катта таассурот қолдирди, – дейди Teknikal Malaysia Melaka университетининг Ахборот ва коммуникация технологиялари факультети декани, профессор Моҳд Канапи Абд Ғани. – Ўзбекистон ёшларининг билимга чанқоқлиги ва қизиқувчанлиги мени ҳайратлантирди. Техника йўналишига ихтисослашган таълим муассасамизда электроника ва компьютер муҳандислиги, электротехника, машинасозлик, машинасозлик технологияси, технология соҳасида маркетинг каби факультетлар иш юритмоқда.

Кўргазма иштирокчилари Ўзбекистон ва Малайзия таълим тизимларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар билан танишиш имконига эга бўлди. Ушбу кўргазма юртимиз таълим муассасаларининг Малайзия билим юртлари билан амалий ҳамкорлигини янада ривожлантиришга, таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга, турли йўналишларда малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

Тадбир доирасида Малайзия рассомларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда малайзиялик мусаввирларнинг қатор фото ва бадиий асарлари намойиш этилмоқда.

Малайзия Бош вазирининг ўринбосари, таълим вазири Муҳиддин бин Ҳожи Муҳаммад Яссин шу куни Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуини зиёрат қилди. Бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишди.

 

    Бошқа янгиликлар