«Ўзэкспомарказ»да Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари масалалари ҳамда Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бошланди.
Ўзбекистонда 2014 йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,9 фоиз, жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 12,8 фоиз ўсди, саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол товарлари улуши 2013 йилнинг шу давридаги 29,5 фоиздан 34,4 фоизга ўсишига эришилди, дея хабар беради ЎзА.
Саноатнинг ривожланиши мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, барқарор шериклик муносабатларини ўрнатиш, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талабни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг самарасидир.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Тадбирларнинг биринчи босқичи доирасида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари масалалари ҳамда Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бўлиб ўтмоқда.
Тадбирларда «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси таркибига кирадиган 160 корхона иштирок этмоқда.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги корхоналари экспозицияси кенглиги билан ажралиб туради. «Сувмаш» очиқ акциядорлик жамияти, «Бухоро МТЗ» давлат унитар корхонаси, «Биродар» шўъба корхонаси, «Ўрама сальник» ва «Мегарезинапласт» масъулияти чекланган жамиятлари каби «Сувиншоотмаш» уюшмасига аъзо ўттиздан ортиқ корхона юз турдан зиёд саноат маҳсулотини тақдим этди. Ўтган йили соҳа корхоналари томонидан қиймати 17 миллиард сўмлик шартномалар тузилган эди. Бу йил бу кўрсаткич 42 миллиард сўмга етиши кутилмоқда.
Айниқса, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси стенди кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Уюшма бугун ёғ-мой, гўшт-сут, консерва маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган 180 корхонани ўз таркибида бирлаштирган.
Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг маркетинг бошқармаси бошлиғи Нигора Тўлаганованинг сўзларига кўра, бу галги ярмаркаларда элликдан зиёд корхона иштирок этиб, саксон турдан ортиқ маҳсулотини намойиш этаётир. Хусусан, «Маселко» қўшма корхонаси қуюқлаштирилган сут, турли хил сариёғ, «Тошкент сифат сут» масъулияти чекланган жамияти бир неча турдаги пишлоқ, творог маҳсулотлари ва йогуртни намойиш этмоқда. Жорий йилда соҳа корхоналари қиймати 27 миллиард сўмлик шартнома тузишни режалаштирган.
«Ўзпахтасаноат» уюшмаси экспозицияси ҳам диққатга сазовор. Унинг таркибига кирадиган корхоналар мазкур ярмаркаларда саккиз йилдан буён фаол иштирок этиб келмоқда. Бу йилги ярмаркаларда йигирмадан зиёд корхона етмиш турдан ортиқ халқ истеъмол товарлари, шунингдек, айни пайтда ишлаб чиқариши ўзлаштирилаётган маҳсулотлар намунасини тақдим этган. Улар орасида «Пахтамаш» очиқ акциядорлик жамияти, «Русарт», «Ижод-ИТМ» масъулияти чекланган жамиятлари, «Самарқанд пахтамаш» очиқ акциядорлик жамияти ва бошқа корхоналар бор.
Уюшманинг инвестиция лойиҳаларини жалб этиш ва амалга ошириш бўлими бошлиғи Ринат Ғуломовнинг айтишича, тармоқ саноат ярмаркалари ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш учун янги имкониятлар очиб бераётир. Жорий йилда соҳа корхоналари пахта тозалаш заводларига технологик ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш учун 22 миллиард сўмлик шартнома тузишни режалаштирмоқда.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси корхоналарининг стендлари ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар рақамли телевидение тўлқинларини қабул қилиш мосламалари, турли модемлар, IPTV приставка ва мультиплексорлар, стационар ҳамда мобиль телефонлар, бошқа юқори технологияли маҳсулотларни намойиш этаётир. Айниқса, «Olive Telecom» Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси стенди алоҳида ажралиб турибди. Мазкур корхона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган илк планшет компьютери, янги мобиль телефонларнинг тажриба намунаси ва «андроид» смартфонларини тақдим этган.
Ташкилотчилар берган маълумотга кўра, тақдимот маросимларида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари масалалари ҳамда Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг корхоналари тўғрисида батафсил ахборот билан танишиш мумкин.





