1

Олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибига ўзгартишлар киритилди

ЖАМИЯТ 08.05.2014, 10:47
Олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибига ўзгартишлар киритилди

Бу йил олий таълим муассасаларида таълим ва касб йўналишларига кўплаб янгиликлар киритилди, кириш имтиҳонлари тизимида ҳам айрим ўзгартишлар жорий этилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 30 апрелда қабул қилинган Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Жаҳонгир Исмоилов билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари тизимига киритилган янгиликлар ҳақида суҳбатлашди. 

  – Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўқишга кириш имтиҳонларини ўтказиш бўйича бир хил тизимни жорий этишда етакчилик қилмоқда. Зеро, замонавий илм-фан, таълим ва ахборот технологияларига асосланган ҳолда тест синовлари ёрдамида баҳолаш тизими шахснинг интеллектуал ривожланиш даражасини аниқлаш имконини беради.

Сўнгги йилларда тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги «Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори ва Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилмоқда. Тест синовлари ўқувчилар билимини баҳолашда субъектив омилларни четлаб ўтиб, мазкур жараёнда кўпроқ холисликка эришиш имконини беради.

Мамлакатимизда ёшларнинг олий маълумотли бўлишга интилиши йил сайин ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш керак. Масалан, 2012 йилда олий таълим муассасаларига 432 минг, 2013 йилда 480 минг нафардан зиёд абитуриент ҳужжат топширган.

Замонавий тестология, тест топшириқларини текшириш назариясининг илмий асосларини ишлаб чиқиш, уларнинг сифатини ошириш 2014 йилда ҳам Давлат тест марказини ривожлантириш борасидаги стратегик вазифадир.

Айтинг-чи, жорий йилда олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибига қандай ўзгартишлар киритилди

– Давлатимиз раҳбари олий таълим муассасалари бакалавриатига танлаган мутахассислиги бўйича ўқишга кираётган абитуриентларни тест синовидан ўтказиш сифати ва холислик даражасини ошириш, уларнинг интеллектуал даражаси, дунёқараши ва мустақил фикрлаш қобилиятини баҳолаш мақсадида шу йил 30 апрелда Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорга имзо чекди.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссиясининг 2014 йил 1 майда бўлиб ўтган йиғилишида бу борадаги тегишли масалалар муҳокама этилди.

2014/2015 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда математика фани бўйича тест синовларига информатика ва ахборот технологияларига тааллуқли савол ҳамда топшириқлар киритилмоқда. Мисол учун, математика бўйича 30 савол, информатика ва ахборот технологиялари бўйича 6 савол киритилди.

Тест синовларига математика фани ҳам киритиладиган 168 таълим йўналишининг 108 таси бўйича имтиҳонларга юқорида қайд этилган масалаларни жорий этиш кутилмоқда. Чунончи, «Математика фанини ўқитиш услуби», «Физика ва астрономия фанини ўқитиш услуби», «Кимё фанини ўқитиш услуби», «Физика», «Иқтисодиёт», «Солиқ ва солиққа тортиш», «Электроника ва асбобсозлик» ва бошқа таълим йўналишлари шулар жумласидандир.

Абитуриентларнинг билим даражасини аниқлашда (3,1 балл даражасида баҳоланади) мутахассислик бўйича фанлар ролини тубдан ошириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилишда тест синовларига киритилган фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда янгилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Мухтасар айтганда, таълим йўналишлари таҳлил этилиб, 43 таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар, жумладан, 22 йўналиш бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди. «Геофизика», «Кончилик иши», «Нефть ва газ конларига ишлов бериш ҳамда улардан фойдаланиш», «Электротехника, электромеханика ва электр технологиялари» (соҳалар бўйича), «Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси» (соҳалар бўйича) ва бошқалар шундай фанлар жумласига киради.

Жорий этилаётган мазкур янгиликлар абитуриентлар билим даражасини холисона баҳолашда мутахассисликка оид фанларнинг роли ва аҳамиятини сезиларли равишда ошириш имконини беради.

 – Тест синовлари тизимига яна қандай қўшимча фанлар киритилади?

– Маълумки, чет тиллар шахсни шакллантириш ва унинг билим даражасини оширишда муҳим ўрин тутади, глобал ахборот маконида ҳар томонлама билим олиш, бошқа мамлакатларнинг маънавий бойликлари, илмий салоҳиятидан бохабар бўлишга ёрдам беради, бошқа халқлар вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш имкониятини яратади.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарори қабул қилинди. Унга биноан бу йил тест синовлари тизимига 24 таълим йўналишида чет тиллар бўйича тест синовлари жорий этилаётир. Шундай қилиб, чет тиллар бўйича тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишлари сони 35 дан 59 тага етди.

Булар «Ташишларни ташкил этиш ва транспорт логистикаси» (транспорт турлари бўйича), «Радиоэлектрон ускуналар ва тизимлар» (соҳалар бўйича), «Телекоммуникация», «Информатика ва ахборот технологиялари» (соҳалар бўйича), «Ахборот хавфсизлиги» (соҳалар бўйича), «Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти» (соҳалар бўйича), «Энергетика», «Автомобиль ва тракторсозлик» ва бошқа йўналишлардир.

Яна шуни қайд этиш керакки, жорий йилдан физика асосий мутахассислик фани бўлган таълим йўналишлари сони бештадан йигирматага кўпайтирилди. Булар, масалан, «Механика», «Геофизика», «Кончилик иши», «Нефть, газ ва кимё саноати технологияси», «Электротехника, электромеханика, электр технологиялари» йўналишларидир. 

Биология асосий фан сифатида ўқитиладиган таълим йўналишлари сони ўн саккизтадан йигирма биттага кўпайди. «Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилик», «Зоотехния» (турлар бўйича), «Ветеринария» ва бошқалар шулар жумласидандир.  

Кириш имтиҳонлари тизимига жорий этилган ўзгартишлар тест саволларини тайёрлаш жараёнига қандай таъсир кўрсатади?

 – 2014 йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кирадиган абитуриентлар тест синовидан ўтказиладиган фанлар бўйича савол ҳамда топшириқлар рўйхати ҳам қайта кўриб чиқилди. Бунинг учун тест саволларини тузиш бўйича экспертлар гуруҳи таркибига олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг икки юзга яқин тажрибали ўқитувчиси, юқори малакали мутахассислар, илмий кадрлар жалб этилди.

Улар барча фанлар бўйича тест синовларига киритилган саволларни ўрганиб чиқди. Бунда абитуриентларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти, дунёқараши, тест синовлари ўтказиладиган фанларни қанчалик чуқур билишини аниқлашга қаратилган тест саволларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада амалга оширилган ишлар якуни бўйича замонавий талабларга мос, олий таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган ёшларнинг билим даражасини холисона баҳолаш ва танлаш имконини берадиган ягона тест саволлари базаси шакллантирилди.

Олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибига киритилаётган ўзгартишлар ҳақидаги ахборот, информатика ва ахборот технологиялари бўйича тест саволлари ҳамда вазифалари дастурлари, таълим йўналишлари бўйича тест ўтказиладиган фанлар рўйхати ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, оммавий ахборот воситалари, ваколатли давлат органлари сайтлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг сайти орқали абитуриентлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига етказилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1