ИТ

МУТОЛАА 18.02.2018, 19:12
ИТ

Бу шаҳарга келганимнинг илк кунларидаёқ Библия қироат қилаётган жулдур кийимдаги киши атрофида тўпланиб турган оломон диққатимни тортди. Ваъзхоннинг оёқлари тагида ётган итни бир қарашда пайқамабман, терчираган ва сип-силлиқ жун қоплаган, зулукдек қоп-қора, баҳайбат ва хунукдан-хунук бу кўппакни дарҳол кўрмаганимга ҳайрон қолдим. Кўппакнинг кўзлари олтингугуртдек сап-сариқ, жағларини йириб очганда эса йирик-йирик сўйлоқларга кўзим тушди, ўзи умуман турқ-афти шундай ваҳимали эдики, уни бирон тирик жонзотга менгзай олмасдим. Бу улкан маҳлуққа узоқ тикилиб туролмай, нигоҳимни унинг эгаси — жулдурвоқи калтабақайга бурдим. Кийимининг илма-тешикаридан кўриниб турган териси тоза, фақирона либоси ноодатий покизалиги билан бошқаларникидан ажралиб турар, қўлидаги Библия эса чинакам хазина эди: тилла ва олмос суви югуртирилган жилди ялт-юлт қилади. Овози ўктам, сокин. Сўзлари аниқ-тиниқ, нутқи содда-кескин; кинояю қочиримлардан йироқлиги шундоққина билиниб турибди. У зиғирча мутаассибликдан ҳоли равишда Библиядан ҳикоя келтирар, мабодо бирорта гап-сўзи ишончсиз чиқса, бу, шубҳасиз, оёғи остида ётиб, тингловчилардан сарғиш кўзларини узмаётган итнинг дастидан эди. Хўжайин ва кўппакнинг айнан мана шу тажассуми мени асир этди ва бутун диққат-эътиборим бу одамнинг кимлигини аниқлашга қаратилди. У Худонинг берган куни шаҳарда панд-насиҳатларини ўқишни канда қилмасди. Гарчи ўз иши билан тун пардаси ёйилгунча машғул бўлса-да, ҳар сафар уни топиш амри маҳол кечарди. Шаҳар аниқ ва оддий чизма асосига қурилган эса-да, адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Ваъзхон маконини турли вақтда тарк этар, умуман айтганда, унинг хатти-ҳаракатларида кетма-кетлик кўринмасди. Гоҳида у уззукун бир майдондан силжимасдан тинимсиз сўйлар, гоҳида жойини ҳар чорак соатда алмаштирарди. Қачон қарама қора ва улкан ит унинг кетидан қолмас, юрганда-турганда ёнида бўлар, ваъзхонликни бошлаши билан тўшама йўлга ётиб оларди. Тингловчилар ҳадеганда топилавермас, кўпинча бир ўзи қаққайиб тураверарди. Фаҳмимча, у бундан заррача хижолат тортмасдан, жойидан жилмай жаврайверарди. Кўпинча уни кичикроқ кўча ўртасида таққа тўхтаб, баланд овозда муножот қилаётган ҳолда кўрардим. Нарироқда, кенгроқ кўчада эса ўтган-кетганлар унга қиё боқиб қўйишмайди. Уни зимдан кузатишнинг эвини қилолмадим, ҳар гал тасодифга таянардим — шу боис унинг кулбасини излашга тушдим, бироқ ҳеч ким уйини кўрсатиб беролмади. Бир гал кун бўйи ортидан изма-из боравердим. Бир неча кун уринишларим зое кетди, қанчалик ниятимни яширишга тиришиб, кишибилмас таъқиб қилмай, оқшомга бориб изсиз ғойиб бўларди. Ниҳоят, бир оқшом кўчалардан биридаги уйга лип этиб кириб кеганини ўз кўзим билан кўрдим, билишимча, бу кўчада шаҳарнинг бойваччалари истиқомат қилади, бундан озмунча лолу ҳайрон бўлмадим. Ўшандан кейин юриш-туришимни ўзгартирдим, яширинишни бас қилиб, унинг ён-верида ўралашавердим; мен унга сира халал бермасдим, аммо яқинлашишим билан ит ириллашга тушарди. Шу тариқа бир неча ҳафта ўтиб кетди. Ёзнинг охирги кунларидан бирида у Юҳанно баён этган Каломни тамомлаб, қошимга келди ва уйигача кузатиб қўйишимни сўради. Йўл бўйи миқ этмади. Уйга кирганимизда, шунчалик қоронғу эдики, уй соҳиби каминани манзират этмиш каттакон хонада мойчироқ ёниб турарди. Хона кўча сатҳидан қуйида экан, эшикдан ичкарилашимиз биланоқ бир неча пиллапоядан пастладик. Шунчалик кўп китоб териб ташланганидан девор кўринмасди. Мойчироқ тагида — қорақарағай тахтасидан ясалган катта, жўн стол, ёнида тим-кўк кўйлакда бир қиз китоб ўқиб турибди. Қилт этмади. Хонада иккита дераза бўлиб, қалин пардалар осилган, битта деразанинг остига оддий тўшак ёзилган, унинг тўғрисидаги девор тагида каравот, стол ёнида — иккита стул. Эшик тагида эса печка. Яқинлашганимиз замон қиз ўгирилди ва мен унинг юзини кўрдим. У менга қўл узатиб, стулга ўтиришга илтифот қилди, шунда мен уй соҳиби тўшакка жойлашгани, ит эса унинг оёқларига бош қўйиб ётганига кўзим тушди.

– Менинг отам, – деди қиз, – у аллақачон ухлаб қолди, бизни эшитмайди. Итнинг лақаби йўқ. Бир куни кечаси отам ваъз айтаётганида, э йўқ, бе йўқ уйимизда пайдо бўлиб қолди. Эшик ёпиқ эди. Ит панжаси билан тутқични итариб, ичкарига кирибди.

Қизнинг қаршисида гарангсиб туравердим, кейин аста отаси ким бўлганини сўрадим.

– Отам жуда бой бўлган, бир қанча фабрикалари бор эди, – деди қиз кўзини ерга қадаб, – лекин у одамларга ҳақиқатни етказиш учун онам ва ака-укаларимни ташлаб кетган.

– Отанг тарғиб қилаётганларининг барчаси ҳақиқат, деб ўйлайсанми? – деб сўрадим.

– Ҳа, шундай, – деб жавоб қилди қиз, – бунга ҳамиша ишониб келганман, шунинг учун ҳам отам билан шу ертўлага келиб яшаяпман. Аммо ҳақиқатни ошкор қилишлари билан ит ҳам пайдо бўлишини билмагандим.

Қиз жимиб, худди мендан ниманидир юрак ютиб сўролмаётгандай мўлтиради.

– Кўппакни ҳайдаб юбор, – дедим, лекин қиз бош чайқади.

– Унинг лақаби йўқ, шунга ҳеч қаёққа кетмайди, – деди қиз шивирлаб. У эсанкираётганимни кўриб, стулга ўтирди. Мен ҳам чўкдим.

– Нима, қўрқасанми? – деб сўрадим.

– Мен ундан ҳар доим қўрққанман, – жавоб қилди қиз. – Бир йил бурун онам ака-укаларим ва адвокат билан келиб, отам икковимизни уйга қайтармоқчи бўлишганда, улар ҳам итдан ўлгудек ваҳимага тушишган. Кечаси ўрнимда ётганимдаям ундан чўчийман, лекин энди ҳаммаси бошқача тус олди. Мана, сен келдинг, энди ҳеч балодан қўрқмайман. Келишингни билардим. Албатта, қандай кўринишингни тасаввур қилиб кўрмаганман-у, аммо-лекин бир кун эмас, бир кун мойчироқ ёқилиб, кўчада шовқин тинганда, отам билан кириб келишингга ишонардим. Ярми ерга ботган мана шу хонада, каравотимда, китоблар ёнида менга никоҳ кечасини ҳадя этиш учун келишингни билардим. Биз, эркак ва аёл, ана шундай ёнма-ён ётамиз, анави ерда, тўшакда отам ухлайди. Отам қоронғуда гўдак мисол ухлаб қолади, баҳайбат қора ит бўлса, бахтиқаро ишқимизга соқчилик қилади.

***

Севги қиссамизни қандай унутай! Тўртбурчак деразалар яланғоч баданларимиз узра буғланар, биз эса эҳтирослар оғушида икки жилға янглиғ дарёга қуйилардик гўё. Кўча шовқини титроқ ингроқларимизга қўшилиб кетар, гоҳ уйига қайтаётган маст-аластларнинг алдам-қалдам қадам товушлари, гоҳ ўрин алмашаётган фоҳишаларнинг саллоланиб одим отишлари, гоҳида эса саф тортиб кетаётган аскар этикларининг гурс-гурси, ундан сўнг жарангдор от туёқларининг тақ-тақи, файтон ғилдиракларининг ғичир-ғичири бизгача етиб келарди. Биз илиқ зимистонга чулғанган ер остида ҳеч нарсадан қўрқмай-чўчимай ётардик, бир бурчакда, тўшакда сассиз ўликдай донг қотиб уй соҳиби ухлар, ит ойнинг сариқ гардиши мисол икки кўзини биздан узмай пойлоқчилик қиларди.

***

Ловуллаб-қизариб олтин куз келди, ундан сўнг бултурги мисли кўрилмаган аёзсиз, сассиз, мўътадил қиш келди. Ошна-оғайниларим билан таништириб, театрга (қайсики буюк ишлар амалга оширилаётган) бирга бориш ёки оқшом чўкаётган маҳал шаҳарга туташиб кетмиш тўлқинсимон тепаликларда ясланиб ётган ўрмонда сайр қилиш учун қизни бирон марта ертўладан алдаб-сулдаб олиб чиқолмадим — у доим, қорақарағай тахталаридан ясалган стулга қапишганча, уйда қолар, отаси баҳайбат ит билан қайтиб келганда, деразалардан тушиб турган сарғимтил нурлар остида мени тўшакка тортарди. Иттифоқо, кўчалари чилп-чилп лой шаҳарда қор эриб улгурмаган эрта кўклам чоғи қиз хонамда пайдо бўлди. Деразадан қуёшнинг синиқ нурлари тушиб турибди. Шом яқинлашяпти, печкага бир-икки гўла ташлаган бўлдим. Шу дам остонада бўздек оқариб, титраб-қақшаб қиз пайдо бўлди, афтидан музлаб қолганди, эгнида пальтоси йўқ, биргина тим-кўк кўйлагида. Оёқларида, ҳув, ўшанда, уни илк бор учратганимдаги қизил мўйнали туфлиси.

– Итни ўлдир, – деди қиз нафаси бўғзига тиқилиб. Сочлари ёйилган, кўзлари ола-кула. Арвоҳнинг ўзгинаси. Шкафни очиб, тўппончани олдим.

– Бир кун келиб мендан шу нарсани сўрашингни билгандим, – дедим, – шунга атаб қурол сотиб олганман. Буни қачон амалга оширишим керак?

– Ҳозироқ, – деди қиз астагина. – Отам ҳам итдан қўрқяпти, авваллари ҳам қўрққан экан, энди тушундим.

Тўппончани текшириб, пальтомни кийдим.

– Улар ертўлада, – деди қиз ерга қараб. – Отам куни бўйи тўшагида қимир этмай ётибди, туришга қўрқяпти. Ҳатто ибодат ҳам қилолмаяпти, ит эса эшик тагига ётволган.

***

Дарё томон тушиб, тош кўприкдан ўтдик. Само аланга олаётгандай тўқ-қизил тусда. Боягина қуёш ботди. Шаҳар одатдагидан кўра жонланган. Кўчаларда одамлар ва машиналар зув-зув қатнайди. Улар гўё аллатовур қонли денгиз аро сузишарди, негаки дераза ва деворларда қип-қизарган шафақ нурларини жилваланарди. Биз оломонга қўшилиб кетдик. Ғала-ғовур, зув-зув баттар авж оларди. Биз қаттиқ тормоз берган автомобиллар ва кўзлари нурсиз ўт сочиб турган каттакон маҳлуқ мисол чайқалиб кетаётган омнибуслар[1] орасидан ўтиб, зўр бериб имо-ишоралар қилаётган кулранг дубулғали полициячилар ёнидан шошиб бордик. Мен шундай шиддат ила олға интилдимки, қиз анчагина ортда қолди; ниҳоят ҳарсиллаб, пальтом тугмалари ечилиб, қуюқлашаётган бинафшаранг оқшомни қарши олиб, юқорилаб, керакли кўчага кириб бордим. Ҳайҳот, кеч қолибман. Қўлимда тўппонча билан шитоб-ла ертўлага сакраб, эшикни зарб билан тепиб очиб кирганимда, ойнани синдириб, кўчага отилган қўрқинчли маҳлуқнинг улкан соясини кўриб қолдим. Полда ит таниб бўлмас даражада ғажиб ташлаган уй соҳиби оғзидан кўпиги келиб, қора қонга беланиб ётарди.

***

Қўрқувдан дағ-дағ титраб, деворга суянганча, китобларга кўмилиб турганимда, кўчада машиналар сигнали янгради. Замбил кўтарган одамлар кириб келишди. Кейин жасад тепасида турган врачнинг ғира-шира қиёфасини, тиш-тирноғигача қуролланган бўздек оқарган полициячиларни кўрдим. Ҳамма ёқни оломон босди. Овозим борича қизни чақирдим. Шаҳар ичига отилдим, тағин кўприкдан ўтиб, уйимга келдим. Қиз йўқ. Руҳим тушиб, уйқу, тин олишни билмай, еб-ичини-да унутиб, қизни ҳар ердан қидирдим. Полиция оёққа турди. Ўша баҳайбат итдан ҳамма қўрқаркан, қидирувга маҳаллий гарнизон аскарлари ҳам жалб қилинди, улар занжир бўлганча атрофдаги ўрмонларнинг тит-питини чиқариб оралаб чиқишди. Лойқа дарёда тинмай қайиқлар оқиб турди, узун-узун ходалар билан дарё тубини текширишди.

Шаҳар ва теварак-жавонибга кўкнинг илиқ кўз ёшларини тўкканча кўклам келди. Қидирув ишлари тош конидаги ғорларга кўчди. Қўлларда машъала билан қизни бақириб чақиришди. Уни канализация туннелларида, ҳатто маҳаллий жоме черкови томи остларидан ҳам излашди. Шундан кейин қиз билан итни қайтиб ҳеч ким кўрмади.

Орадан уч кун ўтиб, қоқ ярим тунда уйга қайтдим. Бор умидимни узиб, ечиниб-нетмасдан, ўзимни каравотга таппа ташладим ва шу аснода кўчадан қадам товушлари эшитилди. Чопиб бориб, деразани ланг очдим-у, тун бағрига кўз тикдим. Пастда ҳали ёмғир суви қуриб улгурмаган қоп-қоронғу кўча ичакдай чўзилиб ётибди. Хўл асфальтда кўча чироқларининг нурлари нотекис заррин доғдай аксланиб турибди, кўча бўйлаб дарахтлар ёнидан қорамтир кўйлак ва қизил туфлида қиз кетиб борарди, тарам-тарам узун сочлари кўкиш товланади, унинг ёнида мулойим-ювошгина бўлиб, сарғиш кўзлари йилтиллаб, қаро тундай қоп-қора ит лакиллаб борарди.


Фридрих ДЮРРЕНМАТТ (Швейцария)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.


[1]Омнибус — кўп ўринли киракаш извош (изоҳлар таржимонники).


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1