АсосийJamiyat

“Агробанк” “Соғлом бола йили”да тадбиркорларга 750 миллиард сўм кредит ажратади

Жаҳон молиявий инқирозининг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатишда, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг ҳам ўз ўрни бор. Мазкур соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлашда тижорат банклари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

«Агробанк» очиқ  акциядорлик тижорат банкидан жорий йилнинг ўтган даврида иқтисодиётнинг турли йўналишларидаги тадбирларни молиялаштиришга 647 миллиард сўм, банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 301 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди, дея хабар беради ЎзА.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мазкур банкдан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар учун 750 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 170 миллиард сўм сармоялар мижозларга етказиб берилди. Шундан 53,8 миллиард сўми микрокредитлардир. Бундан ташқари, тадбиркор аёлларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришга 16,3, ҳунармандликни кенгайтиришга 2,9, аҳолига уй-рўзғор буюмлари харид қилиш учун 11,4 миллиард сўм миқдорида истеъмол кредитлари ажратилди.

Банк кредит сиёсатида белгилаб олинган устувор йўналишлардан бири сифатида асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига молиявий хизматлар кўрсатишга қаратилмоқда.  Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик орқали ички бозорни таъминлайдиган ишлаб чиқариш объектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида 151 миллиард сўмлик сармоя ажратилди.

Фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш учун 77,5 минг тоннадан ортиқ экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб бериш имконияти мавжуд бўлган 1 минг 323 фермер хўжалиги аниқланиб, 23,4 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланди. 

Кўрсатилаётган имтиёзли банк хизматлари мулк эгаларига техника воситалари харид қилишда ҳам қўл келаётир. Хусусан, фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалиги техникаси, агрегатлар ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлашга  йўналтирилган кредитлар эвазига 161 замонавий ҳайдов ва чопиқ трактори ҳамда агрегатлар харид қилинди. Бундан ташқари, банк томонидан интенсив  боғ ва узумзорларни ташкил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун фермерлик ҳаракати қишлоқни тараққий эттиришда етакчи кучга айланди. Ишбилармон фермерлар ҳаракати билан қишлоқда замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари қуриб, ишга туширилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар