1

Президент Қарори билан “Ўзагросаноатмашхолдинг” компанияси ташкил этилади

ЖАМИЯТ 19.05.2014, 11:53
Президент Қарори билан “Ўзагросаноатмашхолдинг” компанияси ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Қарор имзолади.

15 май куни имзоланган мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган ягона техника сиёсатини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, республика қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари акциядорларининг акциядорлик жамияти шаклидаги агросаноат машинасозлиги холдинг компаниясини (“Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компанияси) ташкил этилади.

“Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компаниясининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, эҳтиёжга мувофиқ қишлоқ хўжалиги учун турли русумдаги техника ва механизация воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни мувофиқлаштириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш белгиланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг машинасозлик соҳасида республика қишлоқ хўжалигида ресурс тежайдиган агротехнологияларни жорий этишни таъминлайдиган замонавий, унумдорлиги юқори қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизация воситаларини ишлаб чиқарадиган корхоналарни ташкил этишга қаратилган ягона илмий-техника ва инвестиция сиёсатини амалга ошириш устувор йўналиш сифатида кўзланган.

Бундан ташқари, энергия ва металл ишлатилишини тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарадиган янги корхоналар ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилинади, холдинг компанияси таркибига кирадиган корхоналар ва республиканинг бошқа корхоналари ўртасида илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш кооперацияси ривожлантирилади ҳамда қишлоқ хўжалиги техникасига хизмат кўрсатиш соҳасида ягона сервис сиёсати амалга оширилади.

Холдинг компаниясига тушган маблағларни соҳага оид инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга мақсадли йўналтириш шарти билан компания акциялари пакетининг камида 51 фоизини давлат тасарруфида сақлаб қолган ҳолда, акциялар қўшимча эмиссиясини амалга ошириш рухсат этилди.

Қарорга мувофиқ тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари ишлаб чиқаришни янги ташкил этиладиган «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» очиқ акциядорлик жамиятида жамлаб, «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилади.

«Агрегат заводи» очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот турларини «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш майдонларига босқичма-босқич кўчириш ва улар негизида осма ва тиркамали қишлоқ хўжалиги техникасининг замонавий турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этилиб, «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилади.

«Ўзагросаноатмашхолдинг» холдинг компанияси 2019 йилнинг 1 январигача «Тошкент трактор заводи» ва «Чирчиққишлоқмаш» очиқ акциядорлик жамиятларини тугатиш жараёни ниҳоясига етгач, компанияга бериладиган ер участкалари ва мулк бўйича ер солиғи ва мулк солиғидан озод этилади.

Холдинг компаниясига берилган ер участкалари ва мулк негизида ташкил этиладиган янги корхоналар ер ва мулк солиғини ўрнатилган тартибда тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2014-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурида кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа муассасалари ва бошқа объектларга хизмат кўрсатиш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида (ТТЗ-1, ТТЗ-2, ТТЗ-4 ва Югнакий даҳаларида) энергия тежайдиган замонавий ускуналар билан жиҳозланган маҳаллий қозонхоналарни қуриш ва уларни 2015 йилнинг биринчи чорагидан кечиктирмай ишга тушириш кўзда тутилган.

Маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида маҳаллий қозонхоналар қуришни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллий қозонхоналар фойдаланишга топширилгач, уч ой муддатда Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, 434-уйда жойлашган бино ва иншоотларни белгиланган тартибда бузиб, қозонхона ускуналарини қайта монтаж қилишни таъминлайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1