АсосийJamiyat

Энг намунали оилалар аниқланди

Пойтахтимизда “Энг намунали оила” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар  босқичида ғолибликни қўлга киритган оилалар иштирок этди.

Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази,  «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Соғлом авлод учун»  халқаро хайрия  фонди, «Оила» илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган «Энг намунали оила» кўрик-танлови босқичларида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 9 мингдан ортиқ оила иштирок этди.

Уларни саралашда оиладаги маънавий муҳитни ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат асосида шакллантириш, фарзандларни гўзал ахлоқ, жисмоний ва руҳий уйғунликда камолга етказиш, қўни-қўшничилик, қадриятларни эъзозлаш, мамлакатимизда аҳил, маънавиятли оилаларни барпо этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларни тарғиб этиш каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.     

Танлов якунига кўра, Нукус шаҳридаги 7-«Шоирлар овули» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Буркит Пиязов оиласи, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги «Ҳофқориён» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мақсуд Норов оиласи, Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги «Тошариқ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муроджон Юсупов оиласи биринчи ўринга лойиқ топилди. Шу билан бирга, ўндан ортиқ номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.  

    Бошқа янгиликлар