8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ватанимиз ҳимоячилари барча оналар, опа-сингилларни ўзгача табриклашди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси курсантлари, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри жамоалари билан биргаликда пойтахтимиздаги бир неча савдо марказларида бўлдилар.
“Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси фойесидаги шўх куй ва қўшиқлар кундалик юмушлари билан югуриб-елиб юрган харидорларни бирин-кетин бир жойга жамлай бошлади. Бир зумда теварак одамларга тўлди. Савдо мажмуасининг болалар ўйинлари павильонидан бир тўп болалар тушиб келди.
Бошловчининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан қутлови йиғилганларнинг олқишлари билан қарши олинди. Кейин яна қўшиқлар янгради. Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!..
Табрик ва куй-қўшиқлардан боши кўкка етган аёллар ва қизларга Қуролли Кучлар академияси курсантлари гуллар тақдим қилди.
– Мен бугун худди онамни, опа-синглимни қутлагандай бўлдим. Дуогўйларимиз, атрофимизда фариштадек парвона бўладиган опа-сингилларимиз омон бўлишсин. Уларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши, юзларидан табассум аримаслиги учун ҳатто жонимизни бериб бўлса-да хизмат қилишга тайёрмиз, – дейди курсант Норсаид Тоштемиров.
Ватанимиз ҳимоячиларининг хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказган акцияси пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган “МегаПланет” савдо мажмуасида ҳам бўлиб ўтди.






