1

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Республикаси раҳбарини қабул қилди

ЖАМИЯТ 29.05.2014, 11:41
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Латвия Республикаси раҳбарини қабул қилди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш 27 май куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

ЎзАнинг хабар беришича, ташрифнинг асосий тадбирлари 28 май куни бўлиб ўтди. Кўксарой қароргоҳида Латвия Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Андрис Берзиньш шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Латвиянинг давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Президентлар тор доирадаги суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ислом Каримов Ўзбекистон билан Латвияни кўп йиллик ҳамкорлик ва мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини, ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар изчиллигининг яна бир ифодаси эканини таъкидлади.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустақиллик йилларида шаклланган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига таянади.  Латвия делегациясининг ушбу ташрифи ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган шериклик муносабатларимиз ривожида муҳим воқеа, олий даражадаги доимий сиёсий мулоқотларнинг мантиқий давомидир, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Андрис Берзиньш Латвия Ўзбекистонга улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор сифатида қарашини қайд этди.

– Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар кенг кўламли ва мустаҳкам. Президент Ислом Каримовнинг бу борадаги хизматларини, ўзаро ҳамкорлигимиз ва халқаро ҳаётда рўй бераётган жараёнларга оид қарашларини юксак қадрлаймиз, – деди Латвия Президенти.  

Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 1992 йилда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларига оид қирқдан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро шартнома ва битимлар имзоланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил октябрь ойида Латвияга давлат ташрифи ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Мазкур ташриф чоғида соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт ва юклар транзити, савдо алоқаларини кенгайтириш, туризм ва инвестициявий ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Парламентлараро ҳамкорлик қонун ижодкорлиги борасида яхши самара бермоқда. 2010 йилда Латвия Сеймида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ҳамда 2012 йилда Ўзбекистон парламентида ташкил қилинган Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Икки мамлакат ички ишлар ва ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида конструктив маслаҳатлашувлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги масофа анча узоқлигига қарамай, кўплаб соҳаларда яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Иқтисодиёт, савдо ва саноат соҳаларида энг кўп қулайлик яратиш тизими жорий этилган. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олишга оид келишувлар амал қилмоқда.

Латвия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, мева-сабзавотлар, қайта ишланган нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, рангли металл ва бошқа товарлар экспорт қилади. Латвия мамлакатимизга ускуналар, транспорт воситалари, денгиз маҳсулотлари, пластмасса етказиб беради, логистика хизмати кўрсатади. 2013 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 250 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Жорий йилнинг апрель ойида Рига шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди. Савдо уйига мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қуритилган мевалар етказиб берилмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида мазкур савдо уйи орқали қиймати 30 миллион АҚШ долларидан зиёд шартномалар тузилган.

Юқори даражадаги учрашув ва мулоқотлар, бизнес-форумлар муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 16-17 апрель кунлари Латвия пойтахтида ўтказилган Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес-форуми савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишида яна бир муҳим қадам бўлди.

Ўзаро инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йилнинг кузида мамлакатларимиз ҳамкорлигида 343 қўшма корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 392 тага етган.

Транспорт соҳаси Ўзбекистон ва Латвия ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан. Икки мамлакат Евроосиё транзит йўлагининг муҳим қисмларини ташкил этади. Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Европа давлатларига Латвия портлари орқали етказиб берилмоқда. 2013 йилда темир йўл юклари ташиш ҳажми 146 минг тоннадан ошган. Мамлакатларимиз  минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш мақсадида амалдаги транспорт йўлаклари рақобатбардошлигини ошириш, бунинг учун мавжуд транзит салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Миллий авиакомпаниялар ўртасидаги алоқалар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ўн йил олдин йўлга қўйилган Тошкент – Рига – Нью-Йорк ҳамда Нью-Йорк – Рига – Тошкент авиақатнови мамлакатларимизни боғлаб турибди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирдилар. Ислом Каримов Латвия Республикасига 2015 йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқига раислик қилишда муваффақият тилаб, Марказий Осиё мавзуси Латвия раислигининг устувор йўналишлари қаторига киритилганини юқори баҳолади.

Музокаралар чоғида терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳада 2002 йилда имзоланган Уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда ҳамкорликка оид битимга мувофиқ тузилган Ўзбекистон – Латвия қўшма комиссияси муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Президентлар минтақада барқарорлик ва хавфсизлик таъминланишидан, Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши ва кўмагида тартибга солинишидан манфаатдор эканликларини таъкидладилар. Латвия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайди.

Ўзбекистон ва Латвия қишлоқ хўжалиги, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга. Икки мамлакат вакиллари ва ишбилармон доираларининг доимий алоқалари самарасида бу соҳаларда кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликка катта қизиқиш билан қарайди. Латвияда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий ва навқирон шаҳарларимизни келиб кўришни хоҳловчилар кўп. Мамлакатимиздан Болтиқбўйидаги дам олиш масканларига борувчилар сафи ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда. Соҳага ишбилармонларни жалб этиш, саёҳатчиларга янада қулайлик яратиш икки томон учун ҳам фойдалидир. 

Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2004 йилда Рига шаҳрида буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек, 2006 йилда машҳур аллома Абу Али ибн Сино ҳайкаллари ўрнатилиши латвияликларнинг халқимизга, улуғ аждодларимизга ва бой меросимизга юксак ҳурмат-эҳтиромининг яққол ифодаси бўлди.

Тошкент ва Рига биродарлашган шаҳарлар. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театри ҳамда Латвия миллий операси ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Икки мамлакатнинг фольклор жамоалари, фото ва тасвирий санъат усталари Ўзбекистон ва Латвияда ўтказилаётган турли маданий тадбирларда иштирок этмоқда. Латвия санъаткорлари Самарқандда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келади. 

Таълим соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Латвияда 370 нафардан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил олмоқда. Техника ва муҳандислик ихтисосликлари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш борасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу алоқалар Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Латвия Таълим ва илм-фан вазирлиги ўртасида имзоланган Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида изчил ривожланмоқда.

Давлат раҳбарлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидладилар.

Томонлар Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурсларидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича конвенцияси (1992 йил, Хельсинки), Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясидан (1997 йил, Нью-Йорк) келиб чиқиб, минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, оқилона ва адолатли фойдаланиш лозимлигини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари минтақанинг трансчегаравий дарёларида йирик гидроэнергетика иншоотларини қуриш уларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфсизликка таъсири бўйича мажбурий объектив халқаро экспертиза ўтказилганидан сўнггина амалга оширилиши зарурлиги ҳақидаги Европа Иттифоқи позициясини қўллаб-қувватладилар.

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Шунингдек, Дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум, 2014-2016 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурига оид ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда икки давлат раҳбарлари музокаралар ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини,  эришилган келишувлар Ўзбекистон – Латвия муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Томонлар кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ёндашув ва позициялари ўхшаш ва яқин эканлигини қайд этди.

Давлат раҳбарлари бундай мулоқотларни изчил давом эттириш, барча соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Андрис Берзиньш Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доиралари вакилларининг бизнес-форумида иштирок этди.

Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизнинг бош майдонида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди.

Латвия раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатларни томоша қилди.

Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1