АсосийJamiyat

Тошкентнинг еттита марказий ҳудудида янги кўп қаватли автотураргоҳлар жойлаштириш таклифи ишлаб чиқилди

Автоуловларнинг ортиб бориши улар учун замонавий ва қулай автотураргоҳлар қуришни талаб этади. Бугунги кунда босқичма-босқич шаҳримизнинг аҳоли зич жойлашган турар жой мавзеларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Эски автотранспорт сақлаш қурилмалари (гаражлар, темир гаражлар) ўрнида спорт ва болалар майдончалари барпо этилмоқда.

Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, шаҳримизнинг бир қанча ҳудудларида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши инобатга олинган бўлиб, ҳозирда лойиҳа ишлари бошлаб юборилган.

Жумладан, тез фурсатда Чилонзор туманидаги «Чилонзор буюм бозори» рўпарасида 540 ўринли, Шимолий ва Жанубий вокзалларнинг ҳар иккаласи ёнида 530 ўринли, Мирзо Улуғбек туманидаги «Саёҳат» меҳмонхонаси ёнида 320 ўринли ҳамда Тошкент аэропорти атрофида 760 автомобилга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиб, фойдаланишга топширилади, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимияти.

Буларга қўшимча равишда Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрининг яна еттита марказий ҳудудида кўп қаватли автотураргоҳларни жойлаштириш таклиф схемаси ишлаб чиқилган. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда қурилаётган, лойиҳалаштирилаётган ҳамда таклиф этилаётган манзиллардаги автотураргоҳлар, мўъжаз ва шинам парковкалар фойдаланишга топширилса, замонавий автотранспорт сақлаш жойлари кўпайиб, транспорт воситалари эгалари учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар