Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида, вилоятда футболни янада ривожлантириш ҳақида сўзлаб, вилоятнинг PFK “Surxon” футбол жамоасига “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини бош ҳомийси этиб тайинлаган эди.
Айни вақтда жамият футбол жамоасини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида барча чораларни кўрмоқда. Хусусан, PFK “Surxon” футбол жамоаси таркиби танлов асосида қайта танланиб, жамоа шакллантирилди. Жамоада ҳозирги вақтда Олий лига ўйинларида иштирок этган Баҳриддин Ваҳобов, Иброҳимжон Раҳимов, Ислом Иномов, Фарҳод Таджиев каби номдор футболчилар фаолиятини давом эттирмоқда.
PFK “Surxon” футбол жамоасининг бош мураббий сифатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мурабийи Дилшод Нуралиев фаолият юритмоқда.
Бу ҳақида мазкур футбол жамоасининг Сурхондарё вилояти Термез давлат университетида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзади ЎзА.
Матбуот анжуманида жамоанинг бош ҳомийси “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов, Сурхондарё вилоят хокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси матбуот хизмати раҳбари, таниқли футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев иштирок этди.






