АсосийSport

Дзюдочимиз Шаҳрам Аҳадов Гран-При совриндори бўлди

'Дзюдочимиз Шаҳрам Аҳадов Гран-При совриндори бўлди 'ning rasmi

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича нуфузли Гран-при мусобақаси старт олди.

Ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этишмоқда, деб хабар бермоқда МОҚ. Бугунги баҳсларда икки нафар спортчимиз иштирок этди.

- 66кг вазн тоифасида гиламга чиққан ҳамюртимиз Шаҳрам Аҳадов илк жангида мезбонлар вакили Звиад Хубулурини, кейин озарбайжонлик Элчин Ҳусейновни мағлубиятга учратди. Чорак финалда эса афсуски у бразилиялик Даниэль Каргнинга имкониятни бой бериб қўйди. Шундай бўлсада, ҳамюртимизда бронза медали учун курашиш имконияти сақланиб қолди. Ўтиш баҳсида у грузиялик Нико Чикаидзени таслим этди. Бронза медали учун кечган беллашувда эса у бошқа бир мезбон спортчи Лаша Гиунашвилидан устун келиб, Гран-Прининг бронза медали соҳибига айланди.

Шаҳрам Аҳадов январь ойида бўлиб ўтган Тунис Гран-Присида олтин медални қўлга киритганини ҳам эслатиб ўтиш лозим.

- 60кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Дониёр Султонбоев арманистонлик Ваган Ховсепян ва Қирғизистон вакили Отар Бестаевни мағлубиятга учратганди. Аммо, ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда у мезбон спортчи Лукуми Чквимианига ютқазиб қўйди.

Маълумот учун, мусобақанинг эртанги кун баҳсларида ўзбекистонлик спортчилардан Ғиёсжон Бобоев, Шарофиддин Болтабоев ва Шермуҳаммад Жандриевлар иштирок этадилар.

    Бошқа янгиликлар