Бутун жаҳонда оммалашган овердрафт кредити юртимиз банкларида ҳам кенг татбиқ этиляпти. Бироқ унинг асл моҳияти, ишлаш механизми одамлар орасида турлича талқин қилинади. Баъзилар овердрафт жуда қулай, ҳамёнбоп эканини айтса, бошқалар мижозлардан пул ишлашнинг яна бир йўли, дейди. Хўш, аслида у нима?
Овердрафт – пластик карточка эгасига банк томонидан маълум муддатга муайян фоиз остида бериладиган маблағ. Бунда пластик картага мижознинг ҳали олмаган маоши (нафақа пули)дан «қарз» берилади. Ягона шарти мурожаат этувчи доимий кафолатланган даромадга эга бўлиши лозим.

Фоизи қанча?
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Халқаро алоқалар ва коммуникациялар департаментидан олинган маълумотга кўра, овердрафт бўйича йиллик фоиз ставкаси миқдори тижорат банки билан мижоз ўртасида тузилган шартнома асосида белгиланади. Фоиз ставкасини тижорат банки ўзининг кредит сиёсатидан келиб чиқиб белгилайди. Маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги тижорат банкларида йиллик 19, 24, 25, 28 фоизли таклифлар мавжуд.
Ишлаш механизми қандай?
Овердрафтнинг ишлаш механизмини тўла тушуниш мақсадида тижорат банкларидан бирига мижоз сифатида мурожаат қилдик. Мазкур банк мутахассиси овердрафтдан фойдаланиш шартлари дея қуйидагиларни санаб ўтди:
- фуқаро айнан шу банкнинг корпоратив мижози бўлиши шарт;
- ушбу кредит мижознинг ўртача ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида 12 ой муддатга, йиллик 24 фоиз ставка билан берилади.
Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи деганда, унга ҳар ойда тушувчи даромадлар йиллик йиғиндиси 12 ойга тақсимлангандаги сумма тушунилади. Мисол учун, агар маошингиз 1,5 млн. сўм атрофида бўлса, банк худди шунча миқдордаги овердрафт кредитини ажратади.
Банк ходимининг тушунтиришига кўра, овердрафт кредити фоизи кунлик ҳисоблаб борилади: кредит суммаси*24 фоиз/365 кун = кунлик кредит фоизи. Масалан, 1,5 млн*24/365 = 986 сўм (кунлик кредит фоизи).
Кредит сифатида берилган асосий маблағ эса йил сўнгида (11-12-ойда) иккига бўлиб (ёхуд шартномада белгиланган тартибда бошқа шаклда) олинади.
Қандай ҳужжатлар керак?
Мазкур хизматдан фойдаланиш истагидаги фуқаро пластик картаси қайси банкка тегишли бўлса ўша муассасага мурожаат қилади. Ва банк мижоздан қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:
– овердрафт олишга буюртманома;
– паспорт нусхаси;
– даромадлар (иш ҳақи, пенсия)и тўғрисидаги маълумотнома.
Баъзи тижорат банклари кредит қайтарилмай қолиши билан боғлиқ хатарнинг олдини олиш учун мижоздан СТИР (солиқ тўловчининг идентификацион рақами), ШЖБПІ (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи), меҳнат дафтарчаси нусхаси ва ҳатто иш берувчининг розилигини сўраши мумкин. Баъзи банклар эса 1 нафар жисмоний шахс кафиллиги (у ҳам худди шу банк мижози бўлиши лозим)ни, унинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаси, СТИР ва ШЖБПІни талаб қилади. Кредит хатари, деганда кредитдан фойдаланаётган кишининг кутилмаганда ишсиз қолиши (бўшаб кетиши), бетоб бўлиши, иш берувчининг ойликларни ўз вақтида бера олмаслиги эҳтимоли ва ҳоказолартушунилади.
Муддати, шартлари, миқдори
Тижорат банки ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг 3 банк иш кунидан кечикмаган ҳолда уни қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Овердрафт шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ, босқичма-босқич қайтариш шарти билан берилади. Іаммаси иш ҳақининг миқдори, пластик карточка ҳисобварағига қанча сумма тушиши ва қанчалик тез тушишига боғлиқ.
Ариза берувчининг банк олдидаги мажбуриятлари автоматик равишда, келиб тушган пул маблағларини ҳисобдан чиқариш йўли билан бажарилади. Айрим банклар ариза берувчининг нақд маблағ тўлаш орқали ҳисоб-китоб қилишига рухсат беради.
Қулайликлари нимада?
- бу кредит ортиқча оворагарчилик талаб этмайди;
- фақат фойдаланилган маблағ учунгина фоиз тўланади;
- яқин кунларда мижознинг ҳисобига даромад маблағи (иш ҳақи ёки нафақа) келиб тушишини банк аниқ билади;
- пластик картадаги маблағ умуман ишлатилмаса, у фоиз «туғмасдан» сақланиб тураверади ва зарур пайтда мижозга қўл келади.
Оддий кредитни ёпишингиз янгисини олишингизга кафолат бўла олмайди. Овердрафт эса қарзингизни қайтаришингиз билан яна тикланади.
Бошқа кредитлардан фарқи нимада?
Маълумки, бошқа ҳар қандай кредит (ипотека, истеъмол, автокредит, чорва кредити ва ҳоказо) фақат муайян мақсадлар учун ажратилади. Яъни банк аниқ бир мақсадга пулнинг йўналтирилишини маълум маънода назорат қилади. Овердрафтда эса бу шарт йўқ. Мижоз ундан исталган харажатлар учун фойдаланиши мумкин.
Бошқа кредитлар узоқ муддатга берилади ва қатъий жадвал асосида тўланади. Овердрафтни эса банк билан шартномага мувофиқ, қисқа муддатда (одатда 30-60 кунда) қайтариш керак.
Бошқа турдаги кредитни олган мижоз уни ишлатиш ёки ишлатмаслигига қарамай, фоизлар ҳисоблаб борилади. Овердрафт кредити олинганда, фоиз тўловлари банк билан шартнома имзоланган кундан эмас, балки кредит ишлатила бошланган кундан эътиборан ва фақат ишлатилган кредит маблағидан ҳисоблаб олинади.
Шоҳсанам НИЁЗОВА






