Субутсиз шайх

МУТОЛАА 11.04.2018, 10:11
Субутсиз шайх

Халқ орасида Шайх Жалил бобонинг дунёга келиши билан боғлиқ шундай бир ривоят юради:

“Эмишки, Шайх Жалил бобо инсон нутфасидан пайдо бўлган эса-да, пари қизнинг вужудидан дунёга келмиш эканлар. Ул кишининг отаси донғи кетган шайхлардан бўлиб, не сабабданким подшонинг қаҳрига учрайди. Шунинг учун ҳам уни кимсасиз Қоратовга сургун қиладилар. Бу тоғни сеҳрли парилар макон тутган бўлиб, одам оёғи етмаган бу заминда кечалари олов ёқиб, рақсга тушар эмишлар. Ўз инон-ихтиёрисиз парилар масканига тушиб қолган шайх улардан бирига — энг гўзалига ошиқ бўлиб қолади. Чунки...

Шайх навқирон эди, паризод гўзал. Шайхнинг шаръий ва дунёвий билими кучли эди. Тафаккури эса бундайин муҳаббатни буткул рад этарди.

Пари гўзал эди, шайх эса норғул. Пари ҳам унга мойил эди. Лек иложсиз эди у буткул. Одамзодга ихтиёрини бера олмасди.

Шайх унинг васли илинжида ақлини йўқотди, билимидан кечди, ўзини унутди. Турмуш қуриш ниятида туйғуларини тўкиб-солди. Бироқ пари... қўрқоқ эди. Қавмига қарши боришга ботинолмасди.

Муҳаббат паризодга куч берди. Кўнди. Аммо учта шарт қўйди:

– Тараганимда сочимга қарамайсан.

– Ювганимда оёғимга қарамайсан.

– Ухлаганимда баданимга қарамайсан.

Агар шартлари бузилса, у билан яшамаслигини айтиб огоҳлантирди ҳам.

Шайх рози бўлди. Оловли севги уларни қовуштирди. Васл қалбларидаги ҳароратни бир оз босгандай бўлди. Тинчгина яшай бошладилар. Кунлардан бир куни эса...

Шайх узоқдан кўрдики, хотини сочини тараяпти. Берган аҳди эсига тушиб, ортига қайтмоқчи бўлди. Лек инсон зотида қизиқувчанлик доимо устун келган. Шу хислат одамзодга ё панд беради ва ёки ютуқ.

...Шайх парини кузата бошлади. Не ажабки, пари бошини тиззасига олиб қўйиб, сочини тараб ўтирарди. Ҳайратда қолган ул зотнинг шу ердалигини кўрган пари дарғазаб бўлиб, кетишга қарор қилади. Бироқ шайх қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, ялиниб-ёлворади. Пари кейинги иккита шартни бузмаслиги учун унга қасам ичиради. Не илож бўлсинки, шайх ундаги синоат қандайлигига жуда-жуда қизиқиб қолган эди. Гарчанд, сўзидан қайтаётганига ақли етса ҳам, хотинининг ҳар бир қадамини пойлай бошлайди. Шундай кунларнинг бирида эрининг кузатаётганидан бехабар пари қумғондан сув қуйиб, оёқларини юва бошлади. Бу гал ҳам шайх эс-ҳушини йўқотди. Не кўз билан кўрсинки, хотинининг товонлари йўқ эди. Қайдандир эшитибмиди: париларнинг товони бўлмас эмиш!

...Ҳайрат ичида ниманидир тушириб юборди. Пари иккинчи шарти ҳам бузилганини сезди. Энди у олдингидек ғазаб отига минмади. Эрининг олдига келиб, босиқлик билан чертиб-чертиб деди:

– Мен сўзида турмаслик, қасамини бузиш, ваъдасини унутиш фақатгина инсон зотига хослигини яхши билардим. Жумладан, сен ҳам барча қондошларинг қатори бу каби хиёнатдан холи эмассан. Шуни била туриб, малакларни ташлаб, сен ила турмуш қурдим. Ана ўшанда ўзимга жабр қилаётганимни кўнглим сезган эди. Хўш, сенингча, мен нега ундай қилдим? Сабаби ўзингга аён: сени севиб қолгандим. Энди эса тўхтатиб қолишга уринма! Субутсизлик — одам зотининг севимли хатоси. Мен эса сен каби субутсиз билан бутун умр яшай олмайман.

Шайх кўз ёши тўкиб кечирим сўрай бошлади. Унинг аянчли аҳволини кўрган парининг кўнгли юмшади. Охирги марта унга имкон беришини, агар сўнгги шартини ҳам бузса, ҳаммасига чек қўйишини уқтирди.

Пари қолмаган бўларди-ю, ҳомиладор эканлиги учун ҳам сўнгги марта синаб кўриш илинжида яна ортига қайтди. Кунлар шу зайлда ўтаверарди.

Бир куни кечаси шайх негадир уйғониб кетди. Ой ёруғида ул соҳибжамолнинг юзига тикилиб ётар экан, пари ёпиниб ётган кўрпа сирғалиб тушиб кетди. Шайх одам наслидан эди-да. Одам авлодлари берган сўзида тура олармиди?! Одам авлодлари ўзини, кўзини тия олармиди?! Агар шундай қила олганида, у инсон бўлиб эмас, фаришта бўлиб яралган бўларди.

Шайх кўзларини жиловлай олмади. Парининг балиқ танасидек тўрдан иборат вужуди ичида ичак-човоқлари, ҳатто энди туғилажак фарзанди ҳам аниқ-тиниқ кўриниб турарди.

Шайх ҳушидан айрилди. Кўзларини очганида эса ёнида ҳеч ким йўқ: пари қиз изсиз ғойиб бўлганди. У қилмишидан ўкиниб, сўнгги пушаймонда қолди. Айниқса, фарзанди туғилиши керак бўлган вақт етиб келганида ўзини ўзи лаънатлай бошлайди.

Бир куни наҳорда кулбасидан чиқиб, тол шохида бешик осилиб турганини кўради. Апил-тапил бешикни ерга тушириб, ёпичиғини очса... чақалоқ! Бу яқин орада ўзидан бошқа инсон зоти йўқ. Одамлардан айро яшаётган шайх бу бола ўзиники эканлигига, уни парилар ташлаб кетганлигига амин бўлди. Шу ўғлига Жалил исмини бериб, вояга етказади. Зеҳнли, илму шариатда тенгсиз бўлиб камолга эришган шайхнинг ўғли кейинчалик халқ орасида Шайх Жалил номи билан шуҳрат қозонади”.

Қоратов заминида такрор-такрор айтилиб келинаётган бу ривоят — жуда кўҳна замонлар афсонасидир.

Хосият РАЖАБОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1