АсосийJamiyat

Божхона хизматида ислоҳотлар бошланди

'Божхона хизматида ислоҳотлар бошланди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон республикасида божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари, ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаяпти.

2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгиландики, унга мувофиқ:

товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади;

бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;

айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;

бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;

импорт товарлари амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади;

божхона органлари солиқ органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари билан биргаликда устав капиталида давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан импорт қилинаётган товарларнинг нархини ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича мунтазам равишда мониторинг ўтказади;

божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилади, кейинчалик белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан сотилади ёки йўқ қилинади;

божхона органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг уларнинг божхона назоратини амалга оширади;

божхона органлари томонидан етакчи халқаро ташкилотлар услубиёти асосида мунтазам равишда товарлар божхона расмийлаштирувининг ўртача вақти тизимли ўрганиб борилади, уларнинг натижалари эълон қилинади, шунингдек, ушбу соҳадаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилади.

2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда товарларнинг божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши таъминланади.

қонун ҳужжатлари нормалари бир хилда қўлланилиши, божхона тартиб-таомиллари самарадорлиги, ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига мувофиқ товарларни тўғри таснифлаш, уларнинг божхона қийматини тўғри аниқлашни мониторинг қилиш ва баҳолашни назарда тутувчи божхона постлари фаолиятини назорат қилишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқилади.

“Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти” ва “Тошкент-товар” божхона постларида божхона тартиб-таомилларини максимал даражада соддалаштириш, божхона тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш, товарларнинг ноқонуний импорти ва контрабандани аниқлашга қаратилган божхона маъмуриятчилигининг замонавий услубларини қўллаш бўйича дастлабки лойиҳаларни амалга ошириш ишларини тезлаштириш ҳамда ижобий тажрибани бошқа божхона постларида қўлланади.

моддий рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини мувозанатли қўллаш имконини берувчи божхона постлари ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Давлат божхона қўмитаси раисига қуйидаги вазифалар юкланди:

юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини яратиш;

ходимларнинг хизматга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, қонунбузилишининг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш;

фидокорона хизмат қилаётган ходимларни ҳар томонлама рағбатлантириш, хизмат интизомини ҳамда қонунчилик талабларини қўпол равишда бузган ходимларни интизомий ва бошқа жавобгарликларга тортиш бўйича чоралар кўриш.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига

а) бир ой муддатда қуйидагилар бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш:

ҳудудларда “ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистик, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида бошқа хизматлар кўрсатадиган замонавий логистик марказларни ташкил этиш;

давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги чегара божхона постларини замонавий инспекцион-кўрик мажмуалари ва бошқа божхона назоратининг техник воситалари билан жиҳозлаш;

темир йўл чегара божхона постларини давлат чегарасида темир йўл составлари кесишиш жойларига кўчириш ҳамда ушбу жойларда божхона ва бошқа турдаги давлат назоратини амалга ошириш учун зарур инфратузилмани ташкил этиш масаласини ўрганиш;

б) уч ой муддатда давлат чегара ўтказиш пунктларининг бино, иншоотлар ва автомобиль ўтиш пунктларининг ҳолатини ўрганиш ҳамда аниқ давлат органини белгилаш ва унга қуйидаги вазифаларни юклаш:

жорий таъмирлаш, капитал қурилиш, техник жиҳозлашни амалга ошириш, шунингдек, ёндош ҳудудларини ободонлаштириш;

янги ўтказиш пунктларини қуриш;

давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларини босқичма-босқич балансга қабул қилиш каби вазифалар белгилаб берилди .

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ишлаб чиқиш вазифаси берилди:

божхона қонунчилигини либераллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этиш;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратиш;

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари нормалари, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларини, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва стандартларини имплементация қилиш;

божхона маъмуриятчилиги соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибаси, шу жумладан тарифларни тартибга солиш ва божхона назоратини ташкил этиш.

    Бошқа янгиликлар