1

Тошкентда эр-хотин қилган қилмишларига яраша жазо олдилар

ЖАМИЯТ 19.04.2018, 17:49
Тошкентда эр-хотин қилган қилмишларига яраша жазо олдилар

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилаётган З.Қосимованинг қўлида гулдек ҳунари бор. У тикувчилик қилади. Одамларнинг яхши кунларида, тўй ва байрамларида пардалар тикиб, инсонларга ёрдам беради. Қилган меҳнатлари эвазига яхшигина даромад ҳам топарди.

Бироқ у осон пул топиш, ўзгаларнинг мол-мулкини ўғирлаб, кўпроқ даромад қиламан, деган ўй-хаёллар билан жиноятга қўл урди. Энг ачинарлиси, бу жиноятни ўз қариндошининг уйида турмуш ўртоғи билан бирга амалга оширди.

З.Қосимованинг аммаси ўғлини уйлантириш тараддудида юрганди. Уйи учун парда тикишни жиянига ишониб топширди. Жиян эса пардаларни тикиш баробарида аммасининг уйини ўмаришни режа қилди. У пардаларни осишга ёрдамлашиш учун турмуш ўртоғини олиб боради. Эр-хотин уйга кириб-чиқиб юрган вақтида ташқи эшик олдидаги кийим илгичда осилиб турган хонадон калитини ҳеч кимга билдирмасдан олиб, ундан нусха ясатади.

Келин томондагилар келиб уйни ясатиб кетишгандан сўнг, жорий йилнинг 31 январь куни соат ўн яримларда уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, З.Қосимова ва унинг турмуш ўртоғи Р.Қосимовлар жиноий тил бириктириб, уйдаги нарсаларни ўғирлаш мақсадида уйга киради. Улар уйдаги тақинчоқларни, 2 ноутбукни, пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларни, жами 35 миллион сўмдан ортиқ бўлган нарсаларни олиб чиқиб кетади.

Пойтахтимиздаги Абдулла Авлоний номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди судьяси Бобуржон Иноғомов раислигида ушбу жиноий иш кўриб чиқилди.

Судда энди 31-32 ёшни қаршилган, икки фарзанднинг ота-онаси бўлган бу эр-хотин Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г” банди билан ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда, бир гуруҳ шахслар томонидан, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, анча миқдорда талон-торож қилишда айбдор, деб топилди.

– Судланувчи Р.Қосимовга жазо тайинлашда содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусияти, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда жазо тайинланди, – дейди судья Б.Иноғомов. – Шунингдек, судланувчи З.Қосимовага муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, аёллиги, оилавий аҳволи, қарамоғида вояга етмаган, шундан бир нафари уч ёшга тўлмаган фарзанди борлиги эътиборга олиниб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин, деган фикрга келди.

ЎзА хабарига кўра, Р.Қосимовга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, З.Қосимовага эса уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу ўринда кишида бир мулоҳаза туғилади. Оила азалдан муқаддас қўрғон саналиб, ота-оналар унинг устуни, улар фарзандлар учун эса ҳар жиҳатдан ибрат, намуна ҳисобланган. Ота-она жиноятга қўл урдими, унинг жабрини фарзандлар тортиши тайин. Аслида жиноят содир этган шахсларга тайинланган уч йиллик жазодан кўра, фарзандлари учун ота-онаси "ўғри" деган номни кўтариб юриш энг оғир жазо эмасми?

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1