Рамазон мавсумида 670 нафар зиёратчи Умра сафарига юборилади

ЖАМИЯТ 25.06.2014, 12:14
Рамазон мавсумида 670 нафар зиёратчи Умра сафарига юборилади

Куни кеча Тошкент Ислом институтининг мажлислар залида “Умра-2014” Рамазон мавсумини намунали ташкил этиш  бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда  Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайти хабар беради.

Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ва гуруҳ раҳбарлари (эллик бошилар) иштирок этдилар. Йиғилишда умра зиёратчиларига ҳар томонлама шарт-шароитлар яратиш мақсадида керакли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, гуруҳ раҳбарлари умра зиёратчилари учун тайёрланган араб тили бўйича қўлланма ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги тартиб-қоидалар  билан таништирилдилар.

Жорий йилда мамлакатимиздан баҳор ва Рамазон мавсумларида 6400 нафар фуқаро умра сафарига юборилиши мўлжалланган эди. Шулардан 5730 нафари баҳор қолган 670 нафари (куннинг жуда исиб кетишини ҳисобга олиб) Рамазон мавсумида юборилиши белгиланди. Ҳозирги кунда 670 нафар зиёратчилар ҳужжатлари Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасига расмийлаштириш учун киритилмоқда.

Жорий йилда ўзбекистонлик зиёратчилар яшашлари учун Мадина шаҳрида “Масжид ан-Набавий” билан ёнма-ён жойлашган “Нур Мавадда”, Макка шаҳрида эса Ҳарамдан 1500-2000 метр узоқликдаги “Нама Мавадда” меҳмонхоналари ижарага олинган (бугунги кунда Макка ва Мадина шаҳарларида қайта қуриш ишлари кенг кўламда давом этаётганлиги боис Макка харами атрофидаги барча меҳмонхоналар бузилмоқда).

Фуқароларимизга қулайликлар яратиш мақсадида уч маҳал овқатланишлари учун меҳмонхоналарнинг ўзида ошхона ташкил этилади. Меҳмонхоналарда ҳожиларимиз еб-ичишлари учун 24 соат давомида иссиқ чой, ҳар бир қаватда зам-зам сувлари ҳамда ҳўл мевалар бурчаги ташкил этилади.

Фуқароларимиз соғликларини доимий назорат қилиб туриш мақсадида меҳмонхоналарда минишифохона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, зиёратчиларимиз доимий равишда кундузги ва тунги кўриклардан ўтказиб туриладилар.

Зиёратчиларимиз учун Саудиядаги меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилади.

Ҳожиларимизни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилиши айтиб ўтилди.

Йиғилиш сўнгида гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан  жавоблар қайтарилди.

Ўқув семинари якунида гуруҳ раҳбарлари тест синовларидан ўтказилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1