1

Ахборот хизматлари ҳамкорликка тайёр

ЖАМИЯТ 26.06.2014, 10:41
Ахборот хизматлари ҳамкорликка тайёр

Пойтахтимизда ахборот хизматларининг оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан самарали ҳамкорлиги масалаларига бағишланган семинар-тренинг бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради. Тадбир Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ҳаётга татбиқ этилиши ахборот соҳасини ислоҳ этишнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларини эркин ривожлантириш ва мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, улар фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий фаоллигини оширишдир.

Семинар-тренингнинг дастлабки кунида иштирокчилар давлат органлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш соҳасидаги миллий меъёрий-ҳуқуқий база, шунингдек, аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ахборотдан кенг фойдаланишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари билан таништирилди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 6 майда кучга кирган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунининг мақсад ва вазифалари, асосий қоидаларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор берилди.

Иштирокчиларга мамлакатимизда “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди. Айни пайтда меъёрий-ҳуқуқий ва методологик база такомиллаштирилаётгани, ахборот хизмати кўрсатишнинг ягона стандартлари жорий этилаётгани таъкидланди. Масалан, ўтган йили 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуниция тизимини ривожлантириш комплекс дастури қабул қилинди. Ушбу дастур аҳолининг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларни электрон шаклда амалга оширишини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимига “Ягона ойна” тамойилини жорий этиш каби вазифаларни ўз ичига олган. Шунингдек, дастурда “электрон ҳукумат” тизимининг маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплексини яратишга доир тадбирлар ҳам белгиланган.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига “Ягона ойна” тамойили бўйича интерактив давлат хизматларини тақдим этаётган Ягона интерактив давлат хизматлари портали шундай комплекслардан биридир. Тадбир қатнашчиларига порталнинг функционал имкониятлари, шунингдек, давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёни ҳақида сўзлаб берилди.

Тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган тизимли мониторинг жараёнлари натижалари тингланди, давлат бошқаруви органларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлиги бўйича экспертлар фикри эълон қилинди. Чунончи, 2013 йил ва жорий йил биринчи чораги якунига кўра, давлат органлари томонидан уч юзга яқин матбуот анжумани ўтказилди, етакчи мутахассисларнинг телевидение орқали тўрт юзта чиқиши ташкил этилди.

Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳокимликларининг Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури техник кўмагида ташкил этилган ахборот хизматларининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу хизматларнинг самарали фаолият кўрсатиши натижасида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида аҳоли хабардорлиги сезиларли даражада ошмоқда.

Семинар-тренингнинг иккинчи куни тадбирнинг амалий қисми бўлиб ўтади. Унда давлат органлари расмий веб-сайтларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, шунингдек, “электрон ҳукумат”ни жорий этиш орқали давлат бошқаруви тизимини фаол ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1