1

22 апрель – Tоза сув, тоза тупроқ, тоза ҳаво байрами

ЖАМИЯТ 22.04.2018, 12:02
22 апрель – Tоза сув, тоза тупроқ, тоза ҳаво байрами

Инсониятни атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, уни асраб-авайлашга ундаш мақсадида ҳар йили 22 апрелда Халқаро Она Ер куни кенг нишонланади. Ер сайёраси кунини нишонлашдан мақсад – дунё жамоатчилиги эътиборини долзарб экологик муаммоларга қаратиш, уларни ҳал этишда амалий ишларга ундашдан иборат. Шу боис мазкур кунда экологик акциялар, тадбирлар, илмий конференция ва кўргазмалар ўтказилиши яхши анъанага айланган.

22 апрель – тоза сув, тоза тупроқ, тоза ҳаво байрами. Чунки шу куни сайёрамизда содир бўлган экологик ҳалокатлар ёдга олинади. Одамлар мавжуд экологик муаммоларни қандай бартараф этиш лозимлиги борасида фикр-мулоҳаза юритади, хулосалар чиқаради.

Бу куннинг ўз тарихи бор. Жон Жулиус Стерлинг Мортон исмли биолог ва фермер АҚШнинг Небраска штатига келганида қатор муаммоларга дуч келади. Яъни, ям-яшил дарахтлар қурилиш учун аёвсиз кесилиб, катта-катта ҳудудлар даштга айлана бошлайди. Шу сабабли Мортон аҳолига мурожаат қилиб, минтақани кўкаламзорлаштириш таклифи билан чиқади. Ўшанда Небраска штатида 1 миллионга яқин кўчат экилади ва шу куни “Дарахтлар куни” дея эълон қилинади. Жон Мортон 22 апрелда туғилгани боис, кейинчалик унинг шарафига шу кунни “расмий байрам сифатида эълон қилиш керак”, деган таклиф берилади.

Бу ташаббусга нафақат АҚШ, балки бошқа давлатлар фуқаролари ҳам қўшилади. “Ер сайёраси куни” илк бор 1970 йил апрелда, АҚШда ўтказилади. Ўшанда байрам муваффақиятли ўтгани ва кўп мамлакат ҳамда ташкилотлар қўллаб-қувватлагани боис, уни мунтазам нишонлашга қарор қилинади. Таниқли америкалик сиёсатчи ва сенатор Гейлорд Нельсон бир гуруҳ талабаларни тўплаб бу ғояни тарғиб қила бошлайди. Гуруҳга Гарвард университетининг талабаси Деннис Хайес бошчилик қилади. Ўша пайтда талабалар ҳаракати жуда ҳам оммалашгани боис, уларнинг ташаббусини кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлайди.

Тўғри, уларда оммавий тадбирларни ўтказиш учун тажриба ва маблағ деярли йўқ эди. Шу сабабли илк тадбирлар мактабларда ўтказилади. Гейлорд Нельсоннинг таъбири билан айтганда, “Халқаро Она Ер куни” ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолди. 1971 йилда сенатор Нельсон Ер ҳафтасини эълон қилди. Бу тадбир апрель ойининг уч ҳафтаси мобайнида ўтказилди. Буни АҚШ аҳолиси бажонидил қўллаб-қувватлади.

Сиёсий ва оммавий фаоллик туфайли АҚШда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича кўплаб қонун ва ҳужжатлар қабул қилинди. 2009 йил БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йили 22 апрелда “Халқаро Она Ер куни”ни нишонлаш борасида резолюция қабул қилди. Бу ташаббусни 50 дан ортиқ мамлакат илгари сурди ва бошқа давлатлар якдиллик билан қўллаб-қувватлади. 2010 йилдан бошлаб ҳар йили 22 апрелда бу байрам халқаро миқёсда нишонланиб келинмоқда.

Айни дамда, гарчи норасмий бўлса-да, фазодан суратга олинган ер шарини эслатувчи сайёрамиз байроғи ҳам қабул қилинган.

“Ер сайёраси куни” билан боғлиқ ташаббус ва тадбирлар бу қадар тез ва кенг ёйилиши, албатта, бежиз эмас. Чунки, бугун инсоният глобал иқлим ўзгаришлари каби муаммолар билан рўбарў турибди. Инсониятнинг табиат қонуниятларига амал қилмаслиги, табиий ресурслардан беаёв фойдаланиши, Ер юзида ишлаб чиқариш суръатларининг кескин ортиши, транспорт воситаларининг кўпайиши ва бошқа кўплаб техноген ва антропоген таъсирлар натижасида атмосферага чиқарилаётган карбонад ангидрид, метан ва азотнинг чала оксиди каби иссиқхона газлари қуёш энергиясининг Ер сатҳида жамланиб қолишига, бу эса, ўз навбатида, дунё об-ҳавосининг меъёрий даражасидан ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ҳароратнинг кескин ошиши келажакда денгиз сатҳи кўтарилишига, қишлоқ хўжалиги ерларини сув босишига, чучук сув манбаларининг шўрланишига, табиий офатларнинг ортишига олиб келади. Бундан ташқари, иқлим минтақаларининг қутбларга қараб кўчиши натижасида қуруқлик юзасининг катта қисмида тупроқ намлиги камайиб кетади. Ёзги қурғоқчиликнинг ортиши оқибатида ўсимликлар ҳосили 10-30 фоизгача камайиши мумкин.

“Халқаро Она Ер куни” ҳар йили Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланади. Шу куни кенг жамоатчилик иштирокида жойларда турли семинар, конференция ва фестиваллар ўтказилади. Тадбирларга табиатни асраш, ҳайвонот ва наботот турларини кўпайтириш ва сақлаб қолиш борасида жамоатчилик ва ёшларга кенг тушунча ҳамда маълумотлар берилади. Қишлоқ хўжалигида йил давомида амалга ошириладиган ишлар билан таништирилади.

Ер шари — бизнинг ягона уйимиз. Ер, ўз навбатида, улкан миллий бойлик ҳам саналади. Шу сабабли уни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак. Чунки фарзандларимиз, келажакда эса авлодларимиз ифлосланган сув ичиб, ифлосланган ҳаводан нафас олиб яшашларига йўл қўйиб бўлмайди.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1