1

Санкт-Петербургда ўтказилган олимпиадада ЎзМУ жамоаси 4 та олтин медални қўлга киритди

ЖАМИЯТ 24.04.2018, 17:34
Санкт-Петербургда ўтказилган олимпиадада ЎзМУ жамоаси 4 та олтин медални қўлга киритди

Шу йил 21-23 апрель кунлари Санкт-Петербург шаҳрининг ИТМО (Санкт-Петербург информацион технологиялар, механика ва оптика миллий тадқиқот университети)да Шимолий давлатлар университетлари математика олимпиадаси (NCUMC – North Countries Universities Mathematical Competition) бўлиб ўтди. Шу пайтгача фақат онлайн-интернет орқали иштирок этаётган ЎзМУ талабалари бу гал бевосита олимпиада майдонида куч синашишга муваффақ бўлдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мазкур олимпиадада дунёнинг 30 дан ортиқ нуфузли университетларидан 150 га яқин энг иқтидорли талаба беллашдилар.

Ҳаяжонли кечган олимпиада натижаларига кўра ЎзМУ жамоаси 4 та олтин медални қўлга киритиб, биринчи даражали дипломлар билан тақдирландилар! Бу гал Ҳакимбой Эгамбергановнинг сафдошлари – Математика факультети 4-, 3-, 1-босқич талабалари Абдураҳмон Алиев, Сардор Бозорбоев, Толибжон Исмоилов бўлдилар.

Бундан ташқари мазкур олимпиада онлайн тарзида ҳам ўтказилиб, унда Математика факультети 4-босқич талабалари Шоҳруҳ Ибрагимов, Мирмуҳсин Маҳмудов, 1-босқич магистранти Бекзод Қурбонбоев олтин, 1-босқич магистранти Муҳриддин Ҳамидов кумуш ва 1-босқич талабаси Исмоил Турғунов бронза медалини қўлга киритдилар.

– Университетимизда Ҳакимбой Эгамберганов сингари иқтидорли ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бораётгани барчамизга ғурур бахш этади, – дейди ЎзМУ ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, физика-математика фанлари доктори Давлатбой Жумабоев. – Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 март куни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан, шу олий мукофот билан тақдирланганлар орасида Математика факультети 1-босқич талабаси Баҳора Абдусатторова ҳам борлиги барчамизга ғурур бахш этган эди. Демоқчиманки, университетимиз Математика факультетининг иқтидорли талабалари давлатимиз раҳбарининг эътиборига муносиб равишда аъло баҳоларга ўқиб, халқаро фан олимпиадаларида ўзларини намоён этмоқда.

Оққан дарё оққани мисол бу иқтидорли талабалар ЎзМУ мангу машъалига айланган Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов каби улуғ алломаларнинг муносиб ворисларига, Маҳмуд Салоҳиддинов, Азимбой Саъдуллаев, Абдулла Аъзам каби академикларнинг умидли издошларига айланмоқдалар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1