Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида республика чегараолди ҳудудларида жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёш чегарачилар” мусобақасининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Жамоалар мусобақада сафда юриш тайёргарлиги, ҳарбий варақалар, альбом ва вимпеллар кўриги, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, чегарачи-жангчилар ҳақидаги “Унутилмас ёрқин юлдузлар” китоби билимдони, Биринчи Президентимиз асарлари билимдони, инглиз тили билимдони, турли ҳарбий-амалий кўникмалар, жисмоний тайёргарлик бўйича баҳслашгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, иштирокчилар ҳарбий дала ўқув-машқ майдонида ҳарбийлаштирилган спорт мусобақаларида ҳам ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, Жиззах вилояти Бахмал тумани қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг “Учқун” жамоаси ғолиб деб топилди. Қашқадарё вилояти Нишон маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Ёш ҳарбийлар” жамоаси иккинчи, Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган Булунғур педагогика ва спорт касб-ҳунар коллежининг “Баркамол авлод” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

ЎзА хабарига кўра, ғолиб ва совриндорларга ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир давомида иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди.






