1

Беклар нималардан қўрқишади?

СУҒДИЁНА 30.04.2018, 13:24
Беклар нималардан қўрқишади?

Эркак ва қўрқув бир-бирига умуман зид тушунчалар, деб ўйлаймиз. Аммо фақат аҳмоқларгина ҳеч нарсадан қўрқишмайди. Қуйида санайдиганимиз эркакларга хос қўрқувлар устида, улар хоҳ жиддий бўлсин, хоҳ кулгули, яхшигина мулоҳаза юритиб кўриш керак. Чунки ёнингиздаги инсон — умр йўлдошингизнинг хатти-ҳаракатлари кўпинча ана шу қўрқувлар билан изоҳланади. Демак, суянган тоғларимизнинг яширин қўрқувларини ўрганамиз.

Бўйсунишни исташмайди!

Эркак борки, лидер бўлгиси келади: оилада, дўстлари даврасида, ишхонада ҳам. Бу уларни ҳаракатга келтирувчи куч. Эркак доим устун бўлиши керак, бўйсунмаслиги лозим, айниқса, аёл кишига. Майли, бўйсунмасинлар, аёллар ҳам кучли бир эркак ҳимоясида бўлишни истайдилар ва шу туфайли бу икки жинс бир-бирини тўлдиради. Лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин: баъзида ишхонада бошлиқ аёл бўлиб қолиши ёки хотини яхши лавозимга ўтириб эридан кўпроқ пул топа бошлаши мумкин. Ана шундай ўринларда муаммо юзага келади. На яхши маош, на доимий иш ўрни, на оила фаровонлиги эркакларнинг бу қўрқувига бас кела олмайди. Улар инжиқ, жиззаки, кажбаҳс бўлиб қоладилар. Шундай вазиятларда аёлларнинг эгилувчан руҳияти ва фаросати керак: уларни тушунинг, қўлланг, кечиринг. Вақт ўтиши билан ё кўникадилар, ё ўзлари бошқа яхшироқ иш топадилар.

Ҳаммамиз кексаямиз...

Бу қўрқув сабаб анча-мунча талотўплар бўлади. Ўрта ёш инқирози дейишади буни руҳшунослар. Ёши қирқ билан элликнинг ўртасига борганда эркак ўзининг қариётганини англаб қолади ва ваҳимага тушади. Айниқса, бу ёшга келиб ишда, моддий аҳволда бирор маррани забт этмаган, кўзга кўринарли натижага эришмаган эркакларда бу ҳол кўпроқ кузатилади. Ишхонасига яқинда келган ёш, ақлли, замонавий технологияларга тиши ўтадиган авлод олдида бир эзилса, оилада фарзандлар ташвишининг ортиши, жинсий муносабатларнинг сийраклашувидан яна бир сиқиладилар. Натижада исён қила бошлайдилар: яна бўлар-бўлмасга жанжаллар, четга юриш, ҳатто ажрашишлар рўй бериши мумкин. Аёллар «эркакча климакс» деб номланадиган ушбу даврга аввалдан тайёрланиб боришлари, ўша пайт келганида эса сабрли бўлишлари даркор. Эркакка куч берадиган, унинг ўзига нисбатан баҳосини оширадиган — хотини. У сизнинг кўзингиз билан ўзига баҳо беради. Демак, у сиз учун оламнинг маркази, дунёдаги энг зўр, навқирон эркак, супермен бўлиши керак. Ҳар ҳолда, унда шундай кайфият уйғотиб бера олсангиз, марра сизники.

Нозик муносабатлар...

Айнан шу қўрқув эркак психологиясига жиддий зарба етказади. Бу пайтда энг катта ёрдам дўстлардан эмас (чунки, ҳар қандай ҳолда ҳам учинчи бир одамнинг бундан хабардор бўлишини исташмайди), айнан сиздан бўлмоғи керак. Сиз уни севишингизни, у дунёдаги энг мард ва полвон эркак эканини, ҳали ҳаммаси олдинда ва сизда сабр керагидан ҳам ортиқлигини билдиринг. Асло уялиш, ўзни четга олиш, билмаганга солиш, бефарқлик ва ҳоказо сабаблар билан эркакни ўз дарди исканжасида қолдирманг.

Ташлаб кетишингиздан ваҳимада!

Энди йигитлар ҳақида ҳам икки оғиз гапирсак. Маълумки, эркаклар жуда ғурурли бўлишади. Ҳар доим охирги сўзни у айтиши керак, вазиятни у бошқариши лозим, зарур бўлса, муносабатларни ҳам ўзи бошлаб, ўзи тугатиши даркор. Мабодо бирор қиз маълум муддат учрашиб юргач, йигит билан муносабатларни тўхтатишни истаб қолса, буни улар ўз ориятлари учун катта зарба сифатида қабул қиладилар. Уларни йўқотаётган муҳаббатлари, шу муносабатларга сарфлаган ва энди увол кетаётган ҳисссиётларию вақтларидан ҳам кўра кўпроқ топталган ғурури ташвишлантиради. Буни ҳазм қила олмайдилар. Шу сабабли кўп йигитлар қизларни биринчи ташлаб кетишни истайдилар, муаммо чиқса, дарров алоқаларни узиш пайида бўладилар. Бундай эркак билан оила қуриш қийин, аммо яхши инсон бўлса, воз кечишга кўзингиз қиймаса, йўлини топса бўлади. Аввалдан келишиб олинг, муаммо чиқса, сиз ҳам, у ҳам ҳеч қаерга кетмайсизлар, бир-бирингизни ташламайсизлар, балки гаплашиб, ҳамасини ҳал қилиб оларсизлар. Аразлар, ташлаб кетаман деб қўрқитишлар бундай эркак билан тескари натижа беради, у қанчалик севмасин, ўз ғуруридан кечолмайди, сиздан кечиши осонроқ.

Идеал аёлни тополмаслик комплекси...

Бундай йигитлар уйлангунча кўп қизлар билан гаплашадилар, уйлангач ҳам жуфти ҳалолларидан кўнгиллари тўлмайди, яна кимнидир излайдилар, балки бир неча марта ажрашиб уйланишлари ҳам мумкин. Хуллас, улар учун аёлнинг ўзи эмас, уни излаш муҳимроқ. Шу сабабли энг чиройли, энг ақлли, энг пазанда, хуллас, энг, энг, энг аёлдан ҳам айб топадилар. Ахир изламай қўйсалар бўлмайди, яшай олмайдилар-да. Агар чекингизга шундай эркак тушган бўлса, то ўзи идеал инсон бўлмаслигини тушуниб етмагунча сабр қиласиз.

Сочи тўкила бошладими?

Брюс Уиллис, Зайниддин Зидан... Бу номларни эшитсак, кўз олдимизга ёқимли, севимли ва машҳур юлдузлар келади. Уларни бирлаштириб турадиган яна бир жиҳат бор – сочсиз бошлари. Албатта, буни мода, имиж, яна алламбало замонавий сўзлар билан аташ мумкин, бироқ асл сабаб битта — уларнинг сочлари бемаврид тўкила бошлаган. Ва буни яшириш учун биратўласига қирдириб ташлай қолишган. Эр йигит учун ташқи кўриниш эмас, маънавий жиҳатлар муҳим деган гап қанчалик кўп такрорланмасин, эркаклар кал бўлишдан қўрқишади, бу — факт! Шунинг учун ўша машҳур «Келинлар қўзғалони» фильмидаги катта ўғил ҳам бошига бирнималарни суркаб хотинининг муҳаббатини қайта қозонмоқчи бўлади. Агар ёрингизнинг сочи тўкилаётган бўлса, уни тинчлантириш учун бир фактни айтсангиз кифоя: олимларнинг аниқлашларича, эркакларда соч тўкилишига қонда эркак гормони — тестостерон миқдорининг ортиб кетиши сабаб бўлар экан. Албатта, соч тўкилишининг бошқа сабаблари ҳам кўп (масалан, овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари). Лекин бу жиддий ички касаллик билан боғлиқ эмаслигига амин бўлсангиз, ҳаммасини тестостеронга йўяверинг — эрингиз бундан кўнгли тоғдек кўтарилиб, сочи тўкилса, хурсанд бўладиган ҳолатга келади.

Отелло комплекси

Рашк қилмаган эркак эркакми? Ҳамма эркаклар жуфтини қизғанади, аёллар ҳам. Лекин шундай эркаклар борки, уларда бу туйғу касаллик даражасига етган, бундай эркак билан яшайдиган аёл мунтазам босим ва исканжада бўлади. Кампирининг ўлимини ғассол аёлдан қизғаниб қизларига ювдирган чоллар ҳақида ҳам эшитганмиз. Албатта, рашкчи эрларнинг аёллари иложи борича жанжал учун баҳона туғдирмасликка, ўзларини сипо тутишга интиладилар. Аммо барибир дўқ-пўписадан қутула олмайдилар. Бундай эркак олдида бошқа эркакларни, ҳатто, ёмонлаб ҳам тилга олмайсиз, муҳаббатингиз ҳар дақиқада исботлаб турасиз ва сабр қиласиз. Ўзга чора йўқ.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1