1

«Дугонам мендан чиройли, омадли ва бахтли...»

СУҒДИЁНА 03.05.2018, 16:10
«Дугонам мендан чиройли, омадли ва бахтли...»

Кўпчилигимизга ўзни атрофдагилар билан солиштириш одати бегона эмас. Бугунги мавзумиз ўзини дугоналари, машҳур юлдузлар — хуллас, бошқалар билан қиёслайдиган қизлар ҳақида. Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВАнинг фикрлари ва тавсияларига «кундалигингиз»дан алоҳида жой ажратсангиз, фойдадан холи бўлмайди, дугонажонлар.

Сиз ягонасиз!

Файласуф Ошонинг «Инсон ўзини бошқа бировга солиштириши бориб турган аҳмоқликдир. Тасаввур қилинг, сиз ўзингизни қушлар билан солиштираяпсиз, улар нега учади, менинг эса қанотларим йўқ дея...» деган фикри бор.

Фикримизни исботлаш учун, яна бир иборани келтириб ўтишни жоиз деб топдик — «Нақшни айблаган наққошни айблагандир».

Ҳар биримиз индивудал инсонмиз, бир-биримизни такрорламаймиз. Қош-у кўзимиз ўхшаб кетиши мумкин, аммо айнан эмас. Бармоқ изларимиз ҳам такрорланмас-ку! Ҳатто кўкдан ерга ёғилувчи қор парчалари ҳам бири иккинчисига ўхшамас экан. Биз ҳам алоҳида-алоҳида санъат асаримиз, нусхамиз йўқ! Кимгадир ўхшашга ҳам мажбур эмасмиз!

Муаммонинг илдизи...

...оилага, болаликка бориб тақалади. Болалар ҳасад туйғуси билан туғилмайди. Улар синглисининг қўғирчоғини ушлаб, «Нега менда йўқ, унда бор» дея йиғлашлари мумкин. Аммо бу хархаша, холос. Солиштириш таълим-тарбияда нотўғри усулни қўллаш орқали онгимизга сингади. «Нега опангга ўхшамайсан?» «Нима учун фалончи дугонангдек яхши ўқимайсан?» каби танбеҳлар билан болани қийнашади. Янаям аниқроғ айтадиган бўлсак, инсоннинг ўзини бошқалар билан солиштиришига икки омил замин яратади.

  • Биринчиси, ота-онанинг, катталарнинг болани бошқалар билан таққослаши.
  • Иккинчиси, ота-она, катталарнинг унга бўлган нотўғри муносабати таъсирида ўйлаб топилган ғоялар — «Демак, опам яхши, чиройли, шунга уни кўпроқ яхши кўришади».

Ҳаёт пойга эмас!

«Дилнура синфдошим ўқишга кирди, мен эса омадсизман», «Шаҳзода жуда чиройли, шу сабаб уни йигити ташлаб кетмайди...» каби ўйлар билан фақат ҳаётингизни қийинлаштирасиз. Таққослаш натижасида юзага келган пойганинг охири йўқ. Сиз ким биландир мусобақалашиб кўзлаган мақсадга эришганингиз билан, натижасидан лаззат олмайсиз. Чунки ўзингизни солиштирган кишингиз аллақачон янги марраларни забт этиб, яна сиздан ўзиб кетган бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзингиз эмас, бошқа биров истаган ютуқни қўлга киритганингиз учун унинг завқини туймайсиз. Бир умр ёлғон мақсадлар билан яшаб ўтиш фожеа. Ўзлигингизни йўқотиб ҳеч нарса топмайсиз. Унутманг, ҳаёт бахт учун берилган, ким биландир мусобақалашиш учунмас!

«У чиройли, мен хунукман...»

Қизларжонлар, ташқи гўзаллик йўқ нарса, унинг стандартлари(қадди-қомат, ташқи кўринишга қўйилган талаблар) ҳам йўқ. Фақат бизнинг гўзалликни кўрадиган кўзимиз, унга билдирадиган муносабатимиз бор. Инсон ўзини борича қабул қилиб, сева олмас экан, озишнинг минг бир усулини қўллаб, гўзалликнинг энг қиммат муолажаларига мурожаат қилмасин, гўзал деган таснифга лойиқ бўлиши душвор. Нуқул ташқи кўринишингизни дунёга машҳур актриса ёки ёнингиздаги дугонангиз билан қиёслаб, «Кўзим хунук, қоматим расомас» деяверганингиз билан чиройингиз очилиб қолмайди. Ҳатто бир қарашда ҳурлиқо қизлар борки, уларга яқинлашгач, гўзаллигидан асар ҳам қолмайди. Сабаби улар ўзларини чиройли санамайдилар, ташқи кўринишидан қониқмайдилар ҳам. Шундай экан, аввало ўзимизни боримизча қабул қилиб, табиат инъом этган гўзаллигимизни қадрлашимиз даркор.

Солиштиринг, аммо...

Ўзингизни бировлар билан таққослаш, бу — ўзингизга нисбатан ҳурматсизликдир. Агар ичингизда ҳасад бош кўтараверса, мутахассис билан ишланг. «Мен ҳасадгўйман» дея ўзни қоралаб, қийнаш эмас, шу туйғунинг борлигини тан олиб, у билан тўғри муносабат қилишни ўрганиш муҳим. Зарурат туғилганида ўзингизни ўзингиз билан солштиринг. Бир кун олдин қанақа эдингиз, бир йил аввал-чи? Беш йил аввалги қиёфангиз, ютуқларингиз қанақа эди? Нималарга эришдингиз, нималар ўзгарди? Мана бу усул сизни қийнаётган муаммолардан халос бўлишингизда ёрдам беради. Бошқаларнинг солиштиришини ҳам эътиборга олманг. Яна бир гап, сиз ўзингизни ким биландир таққосламасангиз, атрофингиздагилар ҳам сизни ўзгалар билан қиёслашмайди.

Унутманг, сиз ягона ва бетакрорсиз!

ДУГОНАНГИЗ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1