Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2-3 май кунлари Наманган вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташрифнинг иккинчи куни хотин-қизларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази олдида турган масалаларга эътибор қаратди. Вилоятнинг ҳар бир тумани кесимида оилаларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, хотин-қизлар бандлиги, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
– Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари энди йиғилишма-йиғилиш юрмайди, ўз участкасидаги аёллар муаммолари билан шуғулланади. Бу соҳадаги энг катта иллат – хотин-қизлар қўмиталари ўз ортидан ҳеч кимни эргаштиролмайди. Бунга барҳам берилсагина жамиятимизда маънавий муҳит ўзгаради, хотин-қизлар муаммолари камаяди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хотин-қизлар ишсизлигининг олдини олиш, кўрсатилаётган тиббий хизматни, уй-жой шароитини яхшилаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.
ЎзА хабарига кўра, давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган шаҳар ва 11 туман бўлимига “Spark” автомобиллари топширилди.






