Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Ражастон ва Уттар-Прадеш штатларида юз берган кучли қум бўрони оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Президент Рам Натх Ковиндга ва Ҳиндистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишини тилади.
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш, Рожастон, Уттараҳанд ва Панжоб штатларида қумбўронлари давом этмоқда. Баъзи жойларда шамол тезлиги соатига 123 километрга етган.
Табиий офат туфайли қурбонлар сони ҳам ошиб бормоқда. Мамлакат шимолида 127 та инсон ҳалок бўлган бўлса, жанубда яна 21 киши яшин уришидан ўлган. Минглаб аҳоли ўз уйларини тарк этмоқда.






