ВАТАН ЎЗ ҚАҲРАМОНЛАРИНИ УНУТМАЙДИ
9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган, шу юртнинг азиз фарзандлари хотираси ҳам ёдга олинмоқда. Улардан бири чин ўғлон, оддий аскар Назиржон Эгамов эди.
Назиржон Эгамов 1983 йил 1 майда Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Тумандаги 38-умумтаълим мактабини 1999 йилда битирган. 2002-2004 йилларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 2004 йилдан Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари сафида хизматни давом эттирган.
2010 йил 6 сентябрда Қирғизистон Республикасидан мамлакатимиз чегара ҳудудини бузиб киришга уринган автомашиналар карвонини тўхтатиб қолиш жараёнида ҳалок бўлган.
2011 йил 11 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлигини ва миллий хавфсизликни таъминлашда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун оддий аскар Н.Эгамов вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.
У майнинг илк кунида, олмалар қийғос гуллаганда туғилди. Шунданми, Назиржон кўклам шабадасидек қувноқ, баҳор чечакларидек беғубор эди. Унинг ўткир зеҳни, қобилияти боғчага боргандаёқ кўзга ташланди. Буни илғаган тарбиячилар эртакларни саҳналаштиришда асосий қаҳрамон образини ишониб топширар эди. Унинг ижросини кузатиб, онасига “Ўғлингиздан зўр актёр чиқади”, дерди...
Назиржон санъатга бефарқ бўлмаса-да, бошқа йўлни танлади, уни ҳарбий соҳа ўзига мафтун этганди.
— Туман мудофаа ишлари бўлимида қоровуллик қилардим, - дейди Муродулло Эгамов. - Назиржон бешинчи фарзандимиз эди, шу сабабли уй ишлари акаларидан ортмасди. У бўш қолди, дегунча менинг олдимга чопарди. Ҳарбий қисмлардан аскарларни олиб кетгани келган офицер, кичик командирларни кўриб қолса, унинг учун байрам эди.
— Назиржон мактабини аъло, яхши баҳоларга битириб, йигитлик бурчини ўтаб чегара қўшинлари сафида хизмат қила бошлаганида ота-онаси, акалари, яқинлари ундан ҳам кўпроқ қувонган эди.
2010 йил 6 сентябрь. Шу куни чегара наряди таркибига шартнома асосидаги оддий аскар Н.Эгамов етакчи этиб тайинланган эди. У бошлиқ чегарачилар хизмат бурчини сергаклик билан ўтаб турган пайтда ноқонуний йўллар орқали Қирғизистон Республикаси томонидан шубҳали тўртта автомашина мамлакатимиз ҳудудига кириб кела бошлайди.
Бу воқеани Назиржоннинг сафдош дўсти И.Бобоев шундай эслайди:
— Атроф қоронғи, автомашиналар чироқсиз ҳаракатланарди. Чегара наряди каттаси Н. Эгамовнинг “Тўхта!” деган буйруғига бўйсунмаган жиноятчилар машиналар тезлигини ошириб бостириб кела бошлади. Осмонга огоҳлантирувчи ўқ отдим. Барибир улар тўхтатмади. Яна қуролни ишга солдим, машиналардан бири тўхтади. Шу пайт “Ёрдамга” деган овоз келди. Шу тобда олдиндаги чегара нарядига кўмак беришга шошилдим. Қуролдош дўстим Н.Эгамов оғир тан жароҳати олган экан. Уни зудлик билан шифохонага жўнатдик. Афсуски, у шифохонага етмасдан оламдан ўтди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зудлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 15 соат ичида чегарани бузиб ўтган ҳайдовчилар қўлга олинади.
— Фарзандим билан фахрланаман. Умри қисқа бўлса ҳам ўзидан яхши ном қолдирди. Мазмунли ҳаёт кечирди, - дейди Назокат Эгамова. — Икки фарзанди катта бўляпти. Уларни кўрганимда кўнглим таскин топади...
— 2002 йил муддатли ҳарбий хизматга бирга чақирилганмиз, - деб хотирлайди кичик сержант Баҳодир Норов. — ДХХ чегара қўшинлари сафига ҳам бирга қабул қилиндик. У хушмуомалалиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Бошлиқлар томонидан қўйилган топширикларни аъло даражада бажарарди. Оила аъзоларимизнинг ўзаро борди-келдиси бор эди. Назиржон фарзандларига меҳрибон эди. “Ўғлим катта бўлса, чегарачи бўлади”, деб орзу қиларди.
Назиржон ўз Ватанини, касб-корини севар эди. Юрт фидойиларининг жасорати ҳеч қачон унутилмайди. Ҳукуматимиз томонидан шаҳар марказидан Назиржон оиласи учун уч хонали квартира берилди. Ушбу уйда унинг дилбандлари - Гуласал ва Ҳурматилло камол топаяпти.
— Биринчи учрашувимиз кечагидек эсимда, - дейди турмуш ўртоғи Нафиса Мустақимова. — У киши турмушимизни яхши ниятлар билан бошлайлик, деб Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасига зиёратга олиб борган. Ишдан бўш кунларини оила бағрида ўтказишни хуш курарди. Фарзандларимиз туғилганда севинганини кўрсангиз эди. Уларни еру кўкка ишонмас эдилар...
Нафисанинг кўзларидан милт-милт ёш оқади. Ҳурматилло югуриб келиб, онасининг бўйнидан қучганича “Онажон, йиғламанг, ким сизни хафа қилди?” деб унинг кўзларидаги ёшларини жажжи қўллари билан артиб қўяди.
— Ўғлим Ҳурматилло катта бўлгани сайин отасига ўхшаб бораяпти, - дейди кўз ёшларини арта-арта. — Илоҳим, умри ўхшамасин. Отасининг изидан бориб, Ватанимизни ҳимоя қилсин!
Н. Эгамов давлат чегарасини қўриқлашда ўзининг матонати, жасорати, довюраклигини кўрсатди. Қўрқмас, фидойи йигит, Ватанига, бурчига содиқ ҳарбий хизматчининг порлоқ хотираси қалбимизда, юрагимизда абадий сақланади.