АсосийJamiyat

"Қалбимнинг қудрати шу юртим ғами, эгилмас қиличдир йигит қасами"

'"Қалбимнинг қудрати шу юртим ғами,  эгилмас қиличдир йигит қасами"'ning rasmi

ВАТАН ЎЗ ҚАҲРАМОНЛАРИНИ УНУТМАЙДИ

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган, шу юртнинг азиз фарзандлари хотираси ҳам ёдга олинмоқда. Улардан бири чин ўғлон, оддий аскар Турғун Жўраев эди.

Турғун Жўраев 1992 йил 29 январда Сурхондарё вилоятида туғилган. 2007 йилда Термиз туманидаги 14-умумтаълим мактабини битириб, 2010 йилда Термиз қишлоқ хўжалик коллежини тамомлаган. 2012-2013 йилларда ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 2013 йил апрель ойидан бошлаб Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари сафида хизматни давом эттирган.

2013 йил 23 июлда мамлакатимизнинг чегара ҳудудини қўриқлаш чоғида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш, жанговар хизмат фаолиятида кўрсатган намунали хизмати учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 23 августдаги Фармонига кўра шартнома асосидаги оддий аскар Турғун Жўраев вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.

— Кечагидек эсимда, ҳарбий хизматга чақирув бошланди, дегунча ўғлимнинг бир оёғи туман мудофаа ишлари бўлимида бўлиб қолганди, - дейди отаси Эркин Бегимов. - Бир куни тушкун кайфиятда келди, “Армияга жўнатиш бошланди, мени олиб кетишмаяпти”, деди. Унга “Хавотир олма, сен ўқигансан, ҳайдовчилик гувоҳноманг ҳам бор, синовлардан яхши ўтдинг, вақти-соати билан сен ҳам борасан”, - деб далда бердим. Орадан кўп ўтмай хурсанд ҳолда кириб келди. “Ош қилинг она, эртага хизматга кетаман”, - деди. Уни бағримизга босиб, табрикладик. Дуо қилдик.

Албатта, йигитлик ориятига эга, ўз Ватанига содиқ ва мард ўғлонлар унинг ҳимоясига чин дилдан интилади. Турғунжон ҳам шундай фазилатларни кўнглига жойлаган, она тупроқ қадрини, ота юртнинг азизлигини юракдан англаб етган фидойи ёшлардан бири эди.

— Турғунжонга болалигида кўп эртак ўқиб берардим, жон қулоғи билан эшитар эди, - дейди онаси Насиба опа. — Жуда қизиқувчан эди. “Кейин нима бўпти, кейин...?” деб ҳоли-жонимга қўймасди. Шу-шу эртакларга, китобга меҳри ортди. Беҳуда кўчага чиқмасди. Қўл-оёғим эди. Уй юмушларида ёрдамлашарди. Ишлар енгиллашгач, “Энди бир ўйнаб келсам, майлими, онажон?” дея рухсат сўрарди. “Майли болам, уйнаб кел”, дердим. Мактабга, ота-оналар мажлисига борганимизда фақат яхши гаплар эшитганмиз. Баҳолари аъло эди...

— Ҳарбий қасамёд тадбирига бордик, - деб хотираларини давом эттиради Эркин ака. — Шароитлари билан танишдик, гурунглашдик. “Муддатли ҳарбий хизматдан кейин шартнома бўйича қолмоқчиман”, деди. Мақсадини эшитиб, қўллаб-қувватладик. Кўнглимиз тўлиб, уйга қайтдик. Хатлар ёзиб турди. Белгиланган муддат тугаб, армияга кетган йигитлар уйига қайтганда ҳам Турғунжон келавермади. Билсак, ўзи айтганидек, шартнома бўйича хизматни давом эттираётган экан. Кейин таътилга келди. Ҳаким Термизий мажмуасини зиёрат қилишга бордик.

2013йил 23 июль. Т. Жўраев чегара постининг белгиланган ҳудудида давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлашга киришди. Бир гуруҳ қуролланган шахсларнинг чегарани бузиб ўтишга уриниши юрт осойишталигини бузди. Буни ўз вақтида пайқаган чегарачилар дарҳол жиноятчиларнинг юртимиз ҳудудига киришига йўл қўймаслик учун тезкор чора кўришди. Уларни қўлга олиш пайтида оғир яраланган Т. Жўраев ҳаётдан кўз юмди.

— Турғун билан 5 баҳо олиш бўйича мусобақа ўйнардик, - дейди синфдоши Умид Норқулов. — Математика фанидан синфлараро танловда доим ғолиб чиқардик. Унинг ёқтирмаган фани йўқ эди. Уй вазифаларини астойдил, қунт билан бажарарди. Яхши кураш тушарди. Тақдир мени шундай ажойиб йигит билан дўст қилганидан миннатдорман. Афсуски, умри қисқа экан.

— “Фарзандим орқамда қолсин” деб қилинадиган ният бежиз эмас экан, - дейди Турғунжоннинг онаси. — Ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғини солмасин. Бу мусибатга чидаш осон эмас. Мен куйдим, бошқалар куймасин. Ўғлим билан фахрланаман. Доим дуодаман. Ҳарбий хизматчилар, ҳокимиятдагилар ҳамиша ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Байрамларда моддий-маънавий рағбатлантириб кетишади. Наманганда болам ҳалок бўлган жойга мармартош қўйиб, хотирасига эҳтиром кўрсатишган экан. Барака топишсин.

— Турғунжон тартибли, аълочи ўқувчиларимиздан бири эди, - дейди Термиз туманидаги 14-умумтаълим мактаби директори Момохол Эгамбердиева. — Жамоат ишларини яхши бажарар, қандай тадбир ўтказилмасин, доим фаол эди. Фанлардан, айниқса, математикага кўпроқ қизиқарди. Турғунжоннинг Ватанимиз осойишталиги йўлида кўрсатган жасорати барча ёшларимиз учун катта ибрат. Унинг хотирасига эҳтиром сифатида мактабимизда хотира бурчаги ташкил этилган. Шу ерда ўтиладиган тарбиявий соатларда ўқувчиларимизга ватанпарварлик, элу юртга фидойилик қандай бўлиши кераклигини Турғунжоннинг ҳаёт йўли орқали тушунтирамиз.

Ёшлигидан аниқ фанларга қизиққан Турғунжоннинг адабиёт, шеърият ихлосманди эканини, қолаверса, ўзи ҳам қалбидаги ҳис-туйғуларини шу орқали ифода этишга қизиқишини кўпчилик кейинчалик, унинг ён дафтаридаги мана бу сатрлар орқали билишди:

Меҳнатда элимга елкадош отам,

Онажон, матонат юракларда тан,

Кўксимда иймондай мустаҳкам ишонч,

Кўзим гавҳари у-муқаддас Ватан.

Қалбимнинг қудрати шу юртим ғами,

Эгилмас қиличдир йигит қасами.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар