АсосийJamiyat

Шаҳар кўчаларидан бирига унинг номи берилди

'Шаҳар кўчаларидан бирига унинг номи берилди'ning rasmi

ВАТАН ЎЗ ҚАҲРАМОНЛАРИНИ УНУТМАЙДИ

Мустақиллигимизни асраш ва юртимиз тинчлигини таъминлашда букилмас ирода ва жасорат намунасини кўрсатган, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган мард ўғлонларини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Иномжон Ибрагимов 1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2011 йилда Бекобод педагогика касб-ҳунар коллежини тугатган. У 2012 йилдан Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтай бошлаган.

2012йил 17 июль куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегара ҳудудида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлашда, шунингдек, жанговар хизмат фаолиятида кўрсатган намунали хизмати учун муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари И.Ибрагимов вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.

Хотира ва қадр. Бу икки тушунчани бир-биридан ажратиб бўлмайди. Негаки, бугунги ёруғ кунларга нима ҳисобидан эришганимиз, бу йўлда қандай оғир курашлар, азоб-уқубат ва йуқотишлар бўлганини, қанчадан-қанча одамлар азиз жонини қурбон қилганини англамаслик, тушунмаслик мана шу озод, тинч ва осуда ҳаётимиз қадрига етмаслик билан баробардир. Муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Иномжон Ибрагимов ҳақида сўз борганда, беихтиёр хаёлимиздан шундай фикрлар кечди. У ҳаётдан жуда эрта -20 ёшида кетган бўлса-да, эсласа арзигулик умрни яшаб ўтди.

2012 йил 17 июль. И.Ибрагимов ўз сафдошлари қаторида мамлакатимизнинг Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудини қўриқлаётган пайтда 2 та юк автомашинаси келиб тўхтайди. Чегара наряди улардан белгиланган тартибда керакли ҳужжатларни тақдим этишини сўрайди. Улар талабга бўйсунмайди, аксинча, ҳарбий хизматчиларни ҳақоратлайди. Зўравонлик билан ўз машинасидаги ноқонуний юкларни қандай бўлса-да, чегарадан олиб ўтишга уринади. Ўртада юзага келган вазият шу даражада таранглашадики, жиноятчилар қурол ишлатади. Натижада муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Иномжон Ибрагимов оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлади...

Бекобод тумани «Зафар» аҳоли пунктидаги оддий бир хонадон. Оила бошлиғи Искандар ака ҳар куни ишга бориб келади. Уйда аёли ва болалари. Ҳаётнинг қувонч ва ташвишлари билан умр ўтиб бораверади. Уларнинг бировдан кам жойи йўқ.

Бир куни ота-оналар мажлисидан қайтган Буҳожар опа уйига хурсанд кириб келди:

— Дадаси, биласизми, ўқитувчилар нима деди? «Иномжоннинг ойиси сизмисиз? Шундай болани тарбиялаган ота-онасига раҳмат», дейишди.

Дўстлари қатори бу йигит ҳам ҳарбий хизматга чақирилди. Давлат хавфсизлик хизмати чегара кўшинларида ўз хизмат бурчини ўтай бошлаган Иномжон ҳарбийликдан ғурурланиб хатлар ёза бошлади. Тўлқинланиб ёзилган самимий сатрларда шундай сўзлар бор эдики, уни ўқиган ота-онанинг кўзига қувонч ёшлари келарди. Ҳарбий қисмдаги спорт ишлари, жанговар тайёргарлик машғулотларида фаол иштирок этишни бошлаган аскар йигит тез орада жамоа орасида эътиборга сазовор бўлди. Ўзбекистон давлат чегараларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар кириб келишининг олдини олишни ўзининг муқаддас бурчи деб билган оддий аскар Иномжон Ибрагимов ҳамиша кўпроқ билим олишга, дўстларига ёрдам беришга, ўз хизмат вазифасини виждонан адо этишга интиларди.

— Акасига ҳавас қилиб, “Мен ҳам чегарачи бўламан, Ўзбекистонимга хизмат қиламан”, деб қувнаб гапирарди, - дейди Иномжоннинг отаси Искандар Саматов. — Ниятига ҳам етди. Қасамёдига содиқ қолиб, азиз жонини ҳам аямади. Баъзи бир болаларга ўхшаб ота-онасини хору зор қилмади, аксинча, мард йигитнинг ишини қилди.

— Ҳар йили мактабимизни юздан ортиқ ўқувчи битиради, - дейди халк таълими аълочиси Қосимжон Эрназаров. — Иномжонни жуда яхши эслайман. У одобли, билимдон ўқувчи эди. Жамоат ишларида фаол бўлган. Тарих, математика фанларини яхши кўрар эди. Устозларини ҳурмат қиларди. “Ҳарбий бўламан!” деб мағрур айтар эди. Иномжоннинг чегараларимиз ҳимояси йўлида жонини фидо қилгани чинакам қаҳрамонлик. Биз у билан фахрланамиз. Мактабда Иномжоннинг ҳаёт йўлини акс эттирган бурчак ташкил этганмиз. Иномжон ўтирган партани алоҳида ажратиб, унда аълочи, жамоатчи, ҳар томонлама ибрат бўладиган ўқувчилар ўтиради. Ҳар йили 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунида Иномжоннинг хотирасига бағишлаб спорт мусобақалари ўтказамиз.

Шундай жасур ва мард ўғлонни тарбиялаган оилани маҳалла-куй, ҳокимият ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Байрамларда йўқлаб туради. Ҳукуматимиз томонидан уларга Бекобод шаҳридан 3 хонали квартира ажратилди. Шаҳар кўчаларидан бирига унинг номи берилди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар