Жаҳон банки Олма-Отада Роғун ГЭСи қурилиши бўйича муҳокамаларнинг бешинчи раундини ўтказади. Бу ҳақда Anhor.uz сайти хабар бермоқда.
Жаҳон банки томонидан ўтказилаётган мазкур йиғилишда 25 га яқин мамлакат ҳукуматлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишади. Лойиҳа муҳокамасига Афғонистон, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан экспертлар тайёргарлик кўрмоқда.
Олма-Отадаги муҳокамалар Жаҳон банки томонидан ўтказилган техник иқтисодий далилларга асосланган бўлади. Экспертлар етакчи Coyne & Bellier ва Poyry компаниясининг лойиҳани баҳолаш бўйича ҳисоботини таҳлил қилишади. Бу масалалар тўғоннинг хавфсизлиги, қўшни давлатларга таъсири ва экология билан боғлиқ.
Олма-Отадаги учрашув Жаҳон банкининг сўнгги қарорни қабул қилишидан олдин сўнггиси бўлгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жаҳон банки ушбу лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги сўнгги қарорини августда эълон қилади.





